Закот бериш исломдандир. Саҳиҳ ҳадислар 42-46

закот бериш исломдандир

Қадрли юртдошлар, эътиборингизга Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан парчалар берамиз. Бу саҳифада 42-46 сонлари билан танишиб оласиз. Закот бериш исломдандир, эканлиги ҳақида маълумотларни билиб оласиз.

42-ҳадис

Расулуллоҳ (сав): “Қайси бирингиз исломини яхшиласа, қилган ҳар бир яхши амалига ўнтадан то 700 тагача савоб ёзилади. Қилган ҳар бир гуноҳи учун эса, биттадан гуноҳ ёзилади”, — деганлар.

32-боб

Аллоҳ таоло хушлайдиган амал узоқроқ қилинадиган ибодатдир

43-ҳадис

Ҳишом бундай деганлар: “Ойша онамизнинг ёнларида бир аёл ўтирган эди. Расулуллоҳ (сав): “Ким бу аёл?” – деб сўрадилар. Ойша онамиз: “Бу фалончи кўп намоз ўқидиган аёл”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ: “Қўйинглар, солиҳ амаллардан қурбингиз етадиганини зиммангизга олинглар, Аллоҳга қасамки, сизларга амалларингиз малол келмаса, Аллоҳга савоб бериш малол келмайди (яъни қилаётган ибодатингиз малол келса, савоби қолмайди)”, — деб айтдилар. Жаноб Расулуллоҳ (сав) ҳам узоқроқ қилинадиган ибодатни хуш кўрар эдилар” (яна қ. 1151).

33-боб

Имоннинг зиёда ва кам бўлмоғи

Ҳақ таоло ояти карималаридан бирида: “Биз уларга ҳидоятни зиёда қилдик” (“Каҳф” сураси, 13-оят), яна бир ояти каримада: ”Имон келтирган зотларнинг имонлари янада зиёда бўлғай” (“Муддассир” сураси, 31-оят)”, бошқа бир ояти каримада эса: “Ана энди бугун, динингизни камолига етказдим (“Моида” сураси, 3-оят), — дейди.Агар мукаммал нарсадан бирор нарса тушириб қолдирилса нуқсонли бўлиб қолади.

44-ҳадис

Расулуллоҳ (сав) бундай деганлар: “Кимки юракдан Ла илаҳа иллалоҳ” деса ва унинг юрагидаги буғдой донасича яхшилик (имон) бўлса дўзаҳдан чиқарилади” (яна қ. 4476, 6565, 7410, 7440, 7509, 7510, 7516)

45-ҳадис

Умар ибн Хаттобдан: “Яҳудийлардан бир киши менга: “Эй Амир ал-Мўминин, Китобингизда бир оят бордир, сизлар уни ўқийсизлар, агар шу оят бизга нозил бўлганда ўша кунни биз байрам қилган бўлар эдик”, — деди. Мен “Қайси оят?” – деб сўрадим.У: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (“Моида” сураси, 3-оят) деган оят”, — деб айтди. “Ҳа, биз ўша ояти карима тушган кунни ва тушган жойни биламиз. Жума куни Расулуллоҳ (сав) Арафотда турганларида нозил бўлган”, — дедим” (Ўша ояти карима тушган кун шарафига бизда бир эмас, икки марта байрам қилинади; ҳар жума куни ва Қурбон ҳайитида) (яна қ. 4407, 4606, 7268).

34-боб

Закот бериш исломдандир

Ояти каримада: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закотга беришга буюрилгани эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”(“Баййина” сураси, 5-оят), — дейилган.

46-ҳадис

Талҳа ибн Убайдуллоҳдан: “Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига Нажд қабиласидан бир киши келди. Сочлари тўзғиган. Унинг ғудурлаган овозини эшитамиз-у нима деяётганини тушунмаймиз. Яқин келганда тинглаб қулоқ солсак, ислом асосларини сўраётган экан. Расулуллоҳ (сав) унга жавобан: “Ислом асосларидан биринчиси – бир кечаю-кундузда 5 вақт намоз ўқимоқликдир”, — дедилар. “Шу 5 вақт намоздан ташқари яна зиммага тушадиган вожиб намоз борми?” – деб сўради. ”Йўқ ўзинг хоҳлаб нафл ўқишинг мумкин”, — деб жавоб бердилар. Ислом асосларини иккинчиси – Рамазон рўзасини тутмоқликдир”, — дедилар Расулуллоҳ (сав). ”Рамазондан ташқари ҳам зиммага тушадиган вожиб борми?”, — деб сўради. “ Йўқ, илло нафл рўза тутишинг мумкин”, — дедилар. У киши қайтиб кетаётиб: “Аллоҳга қасамки, бунга ҳеч нарсани қўшмайман ҳам”, — деди. Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Агар сўзида содиқ бўлса шу одам нажот топгайдир” (яна қ. 1891, 2678, 6956).

*****

Кўриб турганингиздек, закот бериш исломдандир мавзусига оид ҳадислар бор.

Аввалгилари 1-3 ҳадислар

4-7 ҳадислар

8-10 ҳадислар

11-20 ҳадислар

21-26 ҳадислар

27-30 ҳадислар

664 марта ўқилди