Ҳукмингизда ватандошимиз Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан лавҳалар беришни давом эттирамиз. Бу саҳифада 27-30 сонлилари билан танишасиз. Исломда энг яхши хислатлар нима эканлиги ҳақида маълумотларни билиб оласиз.
19-боб
Исломни ўлимдан қўрқанидан ёки таслим бўлиш юзасидан қабул қилган кишининг имони имон эмас!
Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Аъробийлар имон келтирдик”, — дедилар, (Эй, Муҳаммад уларга) айтинг: “Сизлар имон келтирганингиз йўқ, лекин сизлар “Исломга кирдик” денг! (“Ҳужурот” сураси,14-оят)”, — дейилган Исломнинг ҳақиқатдан қабул қилингани имон келтирмоқ билан исботланади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятида: “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир” (“Оли Имрон” сураси, 19-оят), яна бир оятида эса: “Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай”, (“Оли Имрон” сураси, 85-оят) – дейилган.
27-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) 5-10 одамга садақа улаша бошладилар. Мен ҳам шу ерда ўтирган эдим. Расулуллоҳ бир кишига садақа бермадилар, у эса мен ёқтирган солиҳ киши эди. Мен: “ Ё Расулуллоҳ, фалончига нега бермайсиз? Уни мен мўмин деб биламан”, — дедим. ”Мусулмон деб эмасми?” – дедилар. Озгина жим қолдим, сўнгра у одам ҳақида бир билган нарсаларимни айтиб, яна сўрадим:: “Нега фалончига бермайсиз? Уни мен мўмин деб биламан”. Расулуллоҳ дедилар: “Мусулмон деб эмасми?” Бир оз жим туриб, яна сўрадим. Кейин Расулуллоҳ айтдилар: “Эй Саъд, у кишига берар эдим-у, лекин ундан кўра бошқаларга берганим маъқулроқдир, чунки Аллоҳ уларни дўзахга туширишидан қўрқаман” (яна қ. 1478).
20-боб
Салом бериш ислом амалларидандир
Саҳоба Аммор айтганлар: “Учта хислатни ўзида мужассам қилган кишининг имони мукаммал бўлгайдир:
— инсофли ва адолатли бўлмоқ;
— барчага салом бермоқ;
— камбағаллигида ҳам садақа бериб турмоқ.
Исломда энг яхши хислатлар ҳақида
28-ҳадис
Расулуллоҳ (сав)дан бир киши сўради: “Исломда энг яхши хислатлар қайсидир?”. Дедилар: “Очларга таом бермоқлик, таниган ва танимаганларга салом бермоқлик” (яна қ. 12).
21-боб
29-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Менга дўзах кўрсатилди, ундаги одамларнинг кўпи инкор қилувчи хотинлар экан”. Саҳобалар: “Аллоҳни инкор қилганми?” – деб сўрадилар. “Эрнинг яхшилигини инкор қилганлар, эрни қадрига етмаганлар. Агар буларнинг биттасига бир умр яхшилик қилсанг-у, кейин сендан бир кичик ёмонлик кўрса: “Сендан нима кўрдим, ҳеч яхшилик кўрмадим”, — деб айтади”, — деб жавоб бердилар (яна қ. 431, 748, 1052, 3202, 5197).
22-боб
Гуноҳлар жаҳолат қилмишидир
Гуноҳ қилувчи киши кофир бўлмай, балки ширк келтирган кишигина кофир бўлади.
Расулуллоҳ бир гуноҳ қилган кишига: “Сенда жаҳолатдан бор экан”, — деганлар. Аллоҳ ояти каримасида: “Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), Ундан (у дин) сира қабул қилинмагай” (Оли Имрон сураси,85-оят), — деган.
30-ҳадис
Саҳоба Маъруф ривоят қиладилар: “Рабза деган жойда Абу Заррнинг ўзини ҳам, қулини ҳам чопон кийиб келаётган ҳолатда кўрдим. Нега бир хил кийиниб олдингизлар? – деб сўрадим. Абу Зарр: “Мен бир кишини (Билолни), эй қарға хотиннинг боласи! – деб ҳақорат қилдим. Расулуллоҳ менга: “Эй Абу Зарр, онасини ҳақорат қилибсан, сенда жаҳолатдан бор экан”, — дедилар ва яна: “Биродарингиз хизматкорингиздир. Аллоҳ таоло уларни сизларнинг қўлларингизга топшириб қўйибди. Кимники биродари қўлида бўлса, еганини едирсин, кийганини кийдирсин. Кучи етмайдиган ишга буюрмангиз, мабодо, буюрсангиз, ёнларида ёрдамлашингиз”, — деб қўшиб қўйдилар”, — деди” (яна қ. 2545).
Икки гуруҳ мўминлар бир-бирлари билан урушсалар, ўрталарига тушиб, яраштириб қўйингиз, зеро Аллоҳ уларни ҳам мўминлар деб атаган.
