Қадрли ватандошлар! Ҳукмингизга Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар китобидаги ҳадислардан беришда давом этамиз. Бу саҳифада 11-20 сонлилари билан танишасиз. Исломда энг афзал амал қайси эканлиги маълум бўлади. Ҳадис илми ҳаммамиз учун зарур бўлган билим саналади.
5-боб
Исломда энг афзал амал қайси?
11-ҳадис
Расулуллоҳ (сав)дан сўрадилар:”Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг афзали қайси кишидир?”. У зот (сав) “қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир”, — деб жавоб бердилар.
6-боб
Очларни тўйғазиш исломдандир
12-ҳадис
Расулуллоҳ (сав)дан сўрадилар: “Қайси хислат исломда энг яхшидир?”. Айтдилар: “Очларларга таом беришинг, таниган-танимаганга салом беришинг” (яна қ. 28, 6236).
7-боб
13-ҳадис
“Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунизча ҳеч бирингиз чинакам мусулмон бўла олмайсиз”.
8-боб
Севишлик имондандур
14-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Токи мени отангиздан ҳам, болангиздан ҳам,барча одамлардан яхшироқ кўрмас экансиз, бирортангиз мўмин бўлолмайсиз”.
15-ҳадис
Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ(сав): ”Мени отангиздан ҳам, болангиздан ҳам яхши кўрмас экансиз, бирортангиз мўмин бўлолмайсиз” – дедилар”.
9-боб
Имон ҳаловатига эришмоқ
16-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Кимда қуйидаги уч хислат бўлса, унга имон ҳузур-халоват бахш этади:
— Аллоҳ ва Расулини ҳаммадан кўра яхши кўрмоқ;
— яхши кўрган кишисини фақат Аллоҳни деб (Аллоҳ яхши кўргани учун) яхши кўрмоқ;
— куфрга қайтишни гўё оловда куядигандек ёмон кўрмоқ (яна қ. 21, 6041, 6941).
10-боб
Ансорларни яхши кўриш киши имонининг мукаммаллиги аломатидир
17-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Ансорлар (мадиналик мусулмонлар)ни яхши кўрмоқ имон аломатидир, ёмон кўрмоқ мунофиқлик белгисидир” (яна қ. 3784).
11-боб
Расулуллоҳ (сав) насихатлари
18-ҳадис
Бир қанча саҳобалар ўртасидасида Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Аллоҳни бир деб биламиз, унга ширк келтирмаймиз, ўғрилик қилмаймиз, зино қилмаймиз, фарзандларимизни ўлдирмаймиз, туҳмат қилмаймиз (зино ва бошқа нарсалар хусусида), шарият амрига итоат қиламиз, деб менга сўз берингиз. Кимки ушбу сўзларга вафо қилса, Аллоҳ ярлақайди, аммо кимки ушбу оғир гуноҳлардан бирортасини қилиб қўйса ва у бу дунёда жазоланса, ўша жазо унга каффоратдир (охиратда қайта жазоланмайди). Кимки шу гунохлардан бирортасини қилса-ю, Аллоҳ яширган бўлса, бу ўзига ҳаволадир, хоҳласа кечиради, хоҳласа азоблайди”. Саҳобалар: “Шунга сўз бердик” – деб байъат (қасамёд) қилдилар (яна қ. 3892, 3893, 3999, 4894, 6784, 6801, 6873, 7055, 7199, 7213, 7468).
12-боб
Фитнадан ҳазар қилмоқ диндандир
19-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Шундай даврлар келадики, мусулмон ўз динини асраш мақсадида тоғу тошларга қўй ҳайдаб чиқиб кетишни афзал кўрса, ажаб эмас” (яна қ. 3300, 3600, 6495, 7088).
13-боб
Расулуллоҳ (сав)нинг “Мен ҳаммаларингиздан кўра Аллоҳни яхшироқ биламан” деганлари ҳамда Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ сизларни (тилингиз учида айтган) беҳуда қасамларингиз учун жавобгар қилмайди. Балки, дилларингиз касб этган нарса (қасамларингиз) учун жавобгар қилур” (“Бақара” сураси, 225-оят) деган ояти каримаси ҳақида
20-ҳадис
Ойша онамиз айтганлар: “Расулуллоҳ (сав) саҳобаларига қудрати етадиган ишни буюрган эдилар, саҳобалар: “Биз сиз сингари эмасмизку, Аллоҳ сизнинг илгариги ва келгуси гуноҳларингизни кечирган (шунинг учун ҳам бизга кўп иш буюраверинг, — дедилар. Расулуллоҳнинг ғазаблари келгани юзларидан билинди: “Ораларингизда энг тақволироқ ва Аллоҳни танийдиганроқ киши менман”,- деб жавоб қилдилар.
