Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўплами

ҳадислар

Ассалому алайкум қадрли дўстлар. Эътиборингизга Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан лавҳалар бериб борамиз. Ушбу саҳифанинг пасида кейинги ҳадисларга ҳаволалар берилган. Уларни босиб ўтишингиз мумкин.

Ҳадислар тўплами

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ

1-боб

Расулуллоҳ (сав)га ваҳий кела бошлагани ҳамда Аллоҳ таолонинг “(Эй, Муҳаммад!) албатта, Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби Сизга ҳам ваҳий юбордик” (“Нисо” сураси, 163-оят) – деган сўзи хусусида.

1-ҳадис

Яҳё ибн Саид ривоят қиладилар: “Умар ибн ал-Хаттоб минбарда турганларида: “Расулуллоҳ (сав)нинг бундай деганларини эшитганман”, — дедилар: “Дарҳақиқат, барча амаллар ниятга қараб бўлур. Ҳар кимнинг нияти бор.

Кимнинг нияти ҳижратдан дунё топиш бўлса, дунёга эришар, кимнинг нияти хотин олиш бўлса, унга никоҳланади.

Демак, не ниятда ҳижрат қилган бўлса, ўша эътиборга олинади”.

2-боб

2-ҳадис

Ҳорис ибн Ҳишом (рз.) Расулуллоҳ (сав) дан: “Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади?”, — деб сўради. Расулуллоҳ (сав): “Менга ваҳий, баъзан қўнғироқ овози янглиғ келарди. Кучли ваҳий келганда шундай бўларди. Шунда мен бутун борлиқни унутиб, ваҳий сўзларини уқиб олардим. Баъзан эса, инсон қиёфасидаги фаришта менга ваҳий келтирар ва мен унинг айтганларини ёдлаб олар эдим“, — деб жавоб қилдилар.

Ойша (рз.): “Қаттиқ совуқ кунларнинг бирида у зотга ваҳий келганининг гувоҳи бўлдим. Шунда у киши бутун борлиқни унутган ҳолатда бўлиб, пешоналари қаттиқ терлаб кетган эди”, -деб айтдилар (яна қ. 3215).

Кейинги ҳадислар

3-боб

3-ҳадис

Урва ибн Зубайр Ойша онамиздан бундай деб нақл қиладилар: “Дастлабки ваҳий Расулуллоҳ (сав)га уйқуларида соф туш тарзида нозил бўлган эди. Кейин, не туш кўрсалар субҳи содиқдек тўғри келаверди. Шундан сўнг, Расулуллоҳ ёлғизликни хушлайдиган бўлиб қолдилар. Оилаларини тарк этиб, ёлғиз ўзлари, Ҳиро ғорида қаторасига бир неча тун тоат-ибодат қилиб чиқар эдилар. Шу боисдан ҳам ўзлари билан егулик олиб чиқиб кетардилар. Егуликлар тугагач, Хадичанинг ҳузурларига келиб, яна таом олиб тоққа кетар эдилар. Ҳақиқатга етишгунларига қадар бундай ҳолат такрорланаверди.

Бир куни одатдагидек Ҳиро ғорида ибодат билан машғул бўлиб ўтирганларида ҳузурларига бир фаришта келиб: ”Иқраъ (ўқи)!” – деб айтди. “Ўқий олмайман”, дедим, — дедилар Расулуллоҳ (сав), — шу пайт у мени бағрига қаттиқ босди, ҳатто мен хириллаб қолдим. Кейин, мени қўйиб юборди-да, яна: “Ўқи!” – деди. Мен “Ўқий олмайман”, — дедим, у мени иккинчи бор бағрига босди, сўнг яна қўйиб юборди-да: “Ўқи!” – деди. Мен эса “Ўқий олмайман”, — деб жавоб қилдим.

У учинчи марта мени бағрига босди, мен тағин хириллаб қолдим. Кейин қўйиб юборди-да: Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли зотдир” (Алақ сураси, 1-3 – оятлар) — деди”.

Шундан сўнг Расулуллоҳ (сав) қўрқувдан аъзойи баданлари титраб – қақшаб Хадича бинти Ҳувайлиднинг ҳузурига келдилар-да: “Мени ўраб (яшириб) қуйинглар, мени ўраб қўйинглар!” – дедилар. Улар Расулуллоҳ (сав)ни қўрқувлари тарқалгунга қадар ўраб қўйишди. Сўнг Хадичага бўлган воқеани айтиб бердилар-да: “Мен ўзимдан хавотир олдим (яьни, “Менга бирор нарса бўлиб қолмасайди” – деб қўрқдим”)”, — дедилар. Хадича (рз.) бундай дедилар: “Йўқ, мутлақо ундай эмас. Худо ҳаққи, Аллоҳ таоло сизни ҳеч шарманда қилмагай, сиз қариндош-уруғчилик муносабатларини йўлга қўясиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни тўйдирасиз, меҳмон кутгайсиз ва ҳақиқий эзгуликларнинг рўёбга чиқишига саьйи имдод айлайсиз”.

Вақара ибн Навфал ҳузурига боришлари

Сўнг, Хадича онамиз Расулуллоҳ(сав)ни ўзларининг амакиваччаалари бўлмиш Вақара ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо ҳузурига олиб бордилар. У киши жоҳилия даврида насроний динини қабул қилган эди. Ибронийча хат-саводлари бўлиб, Инжилдан Аллоҳ таоло истаганча ибронийча матнларни кўчириб ёзар эди. Ўзи кекса ва кўзлари ожиз эди.

Хадича (рз.) Варақага: “Эй амакимнинг ўғли, биродарингизнинг гапларига қулоқ тутинг!“ – дедилар. Варақа: “Эй биродаримни ўғли, нималарни кўрдингиз, айтинг!” – деди. Жаноб Расулуллоҳ нимаики кўрган бўлсалар, бирма-бир баён этдилар. Варақа Жаноб Расулуллоҳга қараб: “Бу, Аллоҳ таоло Мусо (ас)га юборган ўша Жаброилнинг ўзгинасидир. Кошки эди, мен ёш бўлсам-у, (ислом) динига даъват қилмоқда иштирок этсам, сизни қавмингиз ўз орасидан қувиб чиқарган вақтда мен ҳаёт бўлсам!” – деб айтди. Расулуллоҳ (сав) ҳайратомуз: “Мени қавмим ўз орасидан ҳайдайдими?” – дедилар. Варақа: “Ҳа, шундай. Бу вақтга қадар бирор кимса сизга келган нарса (пайғамбарлик) билан келган бўлса, албатта, унга нисбатан адоватда бўлишган. Сизга Аллоҳ таоло муассар этган кунлар менга ҳам насиб этса, сизга амалий мадад бераман!” – деди. Лекин,Варақа кўп ўтмай дорул-фанога риҳлат этди. Жаноб Расулуллоҳга бир мунча вақт ваҳий келмай қўйди (яна қ. 2392, 4953, 4955, 4956, 4957, 6982 ҳадислар).

Давоми 4-7

20 168 марта ўқилди