«Намозимизни жуда ҳам чўзиб юбординг, эй болам!», ҳадиси ҳақида

имом намозни чўзиб юборса

60-боб

Агар имом намозни чўзиб юборса-ю, иқтидо қилувчининг бирор ҳожати бўлса, у сафдан чиқиб, ўзи ўқиб олса…

700-ҳадис

Жобир ибн Абдуллоҳ нақл қиладилар: «Муоз ибн Жабал Расулуллоҳ (сав) билан бирга хуфтонни ўқиб, сўнг бориб қавмига имомлик қилар эди».

701-ҳадис

Муоз хуфтонда қавмига имомлик қилаётиб «Бақара» сурасини зам қилди. Шунда бир киши сафдан ажралиб чиқди-да, ўзи алоҳида намоз ўқиб, кетди. Муоз у кишини ёмонлагандек бўлди. Буни Расулуллоҳ (сав)га етказдилар. Шунда Расулуллоҳ (сав) Муозга: «Сен фитначисан, фитначисан, фитначисан!» ёки «Бунақа ҳолда фитначи бўлиб қоласан, фитначи бўлиб қоласан!» – деб уч марта айтдилар-да, бундан кейин (ўлчами) ўртачароқ иккита сурани зам қилишни буюрдилар. «Расулуллоҳ (сав) буюрган суранинг қайси эканлигини эслай олмаяпман», — дейдилар Амр (рз.)».

61-боб

Имомнинг қиёмни енгилроқ, рукуъ ва сужудни тўлароқ қилиши хусусида

702-ҳадис

Абу Масъуд ривоят қиладилар: «Бир киши Расулуллоҳ (сав)га: «Мен, фалончи имом намозни чўзиб юбораётгани учун намози бомдодга бормаяпман», — деди. Расулуллоҳ (сав)нинг ваъз айтаётганларида ўша кундагидан кўра ғазабланганроқ ҳолатларини кўрмаганман. Расулуллоҳ (сав) ўшанда: «Сизларнинг ораларингизда одамларни жамоат намозидан бездираётганлар бор. Қайси бирингиз жамоатга имомлик қилсангиз, намозни осонлаштиринг, чунки намозхонлар орасида заиф, касалманд, кекса ва иши зарур одамлар бордир!» – дедилар» (яна қ. 90).

62-боб

Агар киши намозни ёлғиз ўзи ўқиса, хоҳлаганча чўзаверсин!

703-ҳадис

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (сав): «Агар бирортангиз жамоатга имомлик қилсангиз, намозни осонлаштириб ўқинг, чунки намозхонлар орасида заиф, касал ва кексалар бордир. Агар қайси бирингиз намозни ёлғиз ўзингиз ўқисангиз истаганча чўзаверинг!» – дедилар».

63-боб

Имом намозни чўзиб юборганда устидан шикоят қилган киши ҳақида

Абу Усаид: «Намозимизни жуда ҳам чўзиб юбординг, эй болам!» – деган эканлар.

704-ҳадис

Абу Масъуд ривоят қиладилар: «Бир киши Расулуллоҳ (сав)га: «Ё Расулуллоҳ, имом намозни чўзиб юбораётганидан бомдод намозига бормаяпман», — деди. Шунда Расулуллоҳ (сав) ғазабландилар. Ўша кундагидан ғазабланганларини кўрмаган эдим. Жаноб Расулуллоҳ: «Эй одамлар, сизларнинг ораларингизда намоздан бездирувчилар бордир. Кимки имом бўлиб (намоз) ўқиса, енгил ўқисин, чунки унинг орқасида заиф, кекса ва иши зарур кишилар бордир!» – дедилар».

359 марта ўқилди