Расулуллоҳ (сав)нинг бир хил кийим билан чекланмаганлари

Ҳазрат Умар ибн ал-Хаттоб

31-боб

Расулуллоҳ (сав)нинг бир хил кийим билан чекланмаганлари

5843-ҳадис

Ибн Аббос (рз.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (сав)га қайсарлик қилишга ўзаро келишиб олган икки аёл хусусидаги гапларни Ҳазрат Умар ибн ал-Хаттобдан сўрашга бир йил давомида ботинолмай юрдим. Чунки, мен у кишидан ҳайиқар эдим. Кунлардан бир куни Ҳазрат Умар бир ерда (уловларидан) тушиб чакалакзорга кириб кетдилар. У ердан чиққанларидан кейин, ўша масала хусусида сўрадим. Ҳазрат Умар: «Улар – Ойша билан Ҳафса эди», — дедилар.

Кейин, яна шундай деб гапларини давом этдилар: «Жоҳилият даврида биз аёлларни ҳеч нарсага арзимайди, деб ҳисоблар эдик. Ислом келиб, Аллоҳ таоло аёллар хусусида зикр қилгач, уларни бирор ишимизга аралаштирамизми, йўқми, бундан қатъий назар, ҳақ-ҳуқуқларини тан олишимиз лозимлигини тушуниб етдик. Мен билан хотиним иккаламиз ўртамизда бир гап ўтиб, у менга қўполлик қилди. Мен: «Шу ерда туриб (яъни кўзимга бақрайиб туриб) қўполлик қиласанми?» – дедим. Хотиним: «Бу гапни менга айтаяпсизми, қизингиз Расулуллоҳ (сав)га озор бераяпти-ку?!» – деди.

Мен қизим Ҳафсанинг ҳузурига бордим-да: «Аллоҳ ва унинг расулига осийлик қилма!» – деб қаттиқ койидим. Кейин, Умму Саламанинг олдига бориб, унга ҳам шу гапни айтдим. У: «Эй Умар, биз аёлларнинг ишимизга аралашиб юрганингга ҳайронман! Энди Расулуллоҳ (сав) билан у кишининг хотинлари орасига аралашишинг қолди, холос!» – деб урушиб берди».

Бир ансорий киши бўлиб, у Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларида бўлмаган бўлса ҳам, учратганимда бор гапни унга айтиб берар эдим. Мен Расулуллоҳнинг ҳузурларида бўлмаганимда эса у мени топиб, кўрган-эшитганларини сўзлаб берар эди. Ўша вақтларда Расулуллоҳ (сав)нинг теварак-атрофларидаги хавф-хатар қолмаган бўлиб, душманлардан фақат Шом подшоҳи Ғассон куч сақлаб турар эди. Биз унинг бостириб келиб қолишидан чўчирдик.

(Бир куни) ансорий (дўстим) келиб, тўсатдан: «Бир воқеа содир бўлди», — деган эди, мен қўрқиб кетдим. Мен унга: «Нима бўлди, Ғассон бостириб келдими?» – дедим. У: «Бундан ҳам ёмонроқ, Расулуллоҳ (сав) хотинларини талоқ қилибдилар», — деди. Мен борсам, барча ҳужралардан йиғи овози келаяпти. Расулуллоҳ (сав) бўлсалар, болахонага чиқиб кетган эканлар. Болахона эшиги олдида хизматкор турарди, унинг олдига бориб: «Ҳузурларига киримга ижозат берасанми?» – деган эдим, рухсат берди.

Кирсам, Расулуллоҳ (сав) бўйра устида ётибдилар, бўйра биқинларига ботиб кетибди. Бошлари остига ичига похол тиқилган теридан қилинган ёстиқ қўйиб олибдилар. Атрофда ошланмаган терилар осиғлиқ, тери ошлашдан қўлланадиган гиёҳлар ҳам шу ерда. Мен Ҳафса ва Умму Саламанинг менга қилган жавобини у зотга сўзлаб бердим. Жаноб Расулуллоҳ кулиб қўйдилар. Ўшанда у зот 29 кун деганда болахонадан қайтиб тушган эдилар. (Чунки, хотинларидан бири ансорлар ҳақида бемаъни гап айтганида бир ой алоқа қилмасликларини таъкидлагандилар)».

286 марта ўқилди