Дўстлар, эътиборингизга Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан лавҳалар беришни давом эттирамиз. Бу саҳифада 37-41 сонлари билан танишиб оласиз. Рамазон рўзасини тутиш имондан эканлиги ҳақида маълумотларни билиб оласиз.
27-боб
Рамазонда кечалари ибодат қилиб чиқмоқлик имондандир
37-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Кимки Рамазон кечаларини, Аллоҳга имон келтириб, ундан савоб умидида, ибодат қилиб ўтқазса, унинг қилган гуноҳлари кечирилади” (яна қ. 35).
28-боб
Аллоҳдан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутиш имондандир
38-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Кимки Аллоҳга ишониб, ундан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутса қилган гуноҳлари кечирилади” (яна қ. 35)
29-боб
Ислом дини осонлик динидир
Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Аллоҳ таолога ислом дини энг севимли диндир”.
39-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабода, қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди. Яъни, солиҳ амалларни ҳаддан зиёд зиммасига олиш натижасида уларни эплай олмай, ҳаммасини тарк этишга сабаб бўлади). Демак амали солиҳларни ўртача бажарингиз, ибодатларни мукаммал адо этишга қодир бўлмасангиз, шунга яқинроқ қилингиз. Амали солиҳлардан тегадиган савоблардан севинингиз. Бу дунёдан охиратга қилинадиган умр сафарида эрта тонгдан, кечки пайтдан унумли фойдаланинг!” (яна қ. 5673, 6463, 7235).
30-боб
Намоз ўқиш имондандир
Ояти каримада: “Аллоҳ имонларингизни (Байтул Мақдисга қараб ўқиган олдинг намозларингиз ажрини) зое кетказмас” (“Бақара” сураси, 143-оят), — дейилган.
40-ҳадис
Саҳоба Баро бундай дейдилар: “Пайғамбаримиз (сав) Мадинага келибоқ қариндошлариникига тушдилар ва Байтул Мақдисга қараб 16 ёки 17 ой намоз ўқидилар. Аслида Расулуллоҳ (сав) Маккадаги Каъбани қибла қилиб намоз ўқишни яхши кўрар эдилар. Каъбага қараб ўқиган биринчи намозлари аср намози эди. Расулуллоҳ (сав) билан бирга бир қавм жамоаси ҳам намоз ўқиди. Бирга намоз ўқиганлардан бири бошқа масжидда намоз ўқиётган одамлар ёнидан ўтаётиб, рукуъда турган вақтларида уларга: “Аллоҳга қасамки, Маккаи мукаррамага қараб намоз ўқидик”, — деди. Шунда улар намозда турган ҳолларича Маккаи мукаррамага ўгирилиб, намоз ўқиб тугатдилар. Расулуллоҳ (сав)нинг Байтул Мақдис қараб намоз ўқиётганлари яҳудий ва насороларга ёқарди (чунки Байтул Мақдис уларнинг қибласи эди). Аммо Маккаи мукаррамадаги Байтуллоҳга қараб намоз ўқиганлари эса уларга ёқмасди”.
Саҳоба Баро яна бундай деганлар: “Қибла Каъбага қараб ўзгартирилмасдан илгари баъзи бир кишилар вафот этиб кетганлар ва баъзи бирлари шаҳид бўлиб, кетганлар. Биз улар тўғрисида нима дейишни билмаймиз, деб турганларида юқоридаги ояти карима нозил бўлди” (яна қ. 399, 4486, 4492, 7252).
31-боб
Киши исломга кириб, уни яхшиласа, қилган хатоларини Аллоҳ кечиради
41-ҳадис
Абу Саид Худрий: “Расулуллоҳ (сав): “Агар банда исломга кириб, уни ихлос билан яхшилашни давом эттирса, Аллоҳ таоло уни ҳамма хатоларини кечиради. Бундан кейинги хатолари ҳисоб-китоб қилинади. Яхшилик 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтириб ёзилади. Ёмонлик битта бўлса, битталигича ёзилур, ёки ёзилмасдан Аллоҳ кечириб юбориши мумкиндир” – деганлар”, — дейди.
*****
Кўриб турганингиздек, Рамазон рўзасини тутиш имондандир — бу ҳақида ҳидисларда келган.
