Қадрли дўстлар, эътиборингизга юртдошимиз Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан парчалар бериб боришда давом эттирамиз. Бу саҳифада 94-100 сонларини билиб оласиз. Илм қандай йўқолади, мавзусида маълумотларни ўзлаштирасиз.
31-боб
Тушунарли бўлиши учун ҳар бир гапни уч бор қайтаришни афзаллиги
94-ҳадис
Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Гуноҳи азимлардан биттаси – ёлғондан гувоҳлик бермоқдир”, такрор-такрор айтавердилар. Ибн Умар бундай дедилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ топшириқларини сизга етказдимми?” – деб уч карра қайтариб айтдилар (яна қ. 95, 96).
95-ҳадис
Анас ибн Молик (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) бирор сўз айтсалар, тушунарли бўлиши учун уч бор қайтарардилар. Салом берсалар, уч марта салом берардилар (яна қ. 6244).
96-ҳадис
Абдуллоҳ ибн Амр (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав):) сафарга чиққанимизда орқада қолдилар. Аср намози вақти эди, биз таҳорат олаётган эдик. Шу пайт етиб келдилар, оёқларимизни сув билан юваётганимизни кўриб, баланд овоз билан: “Ўт азобидан оёқ кафтларини ҳолига вой!” – деб бор нидо қилдилар” (яна қ. 60).
32-боб
Киши ўз оиласига ва қўл остидагиларга (чўрисига) таълим бермоғини афзаллиги
97-ҳадис
Абу Бурда отаси Абу Мусодан эшитиб, бундай деган: “Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Аллоҳ таоло уч кишига икки баробар савоб беради:
— кимки аҳли китоб (ўз муқаддас китобига эга бўлган динлардан бирига эътиқод қилувчилар) бўла туриб, ўз пайғамбарига, ҳам Расулуллоҳга имон келтирган бўлса;
— қул бўлса-ю, Аллоҳ ва хўжайини олдидаги бурчини адо этган бўлса;
— киши ўз чўрисига яхши одоб-ахлоқ ўргатиб, одобли ва илмли қилса, кейин озод қилиб унга уйланса”.
Омир аш-Шаъбий Солиҳ номли кишига айтди: “Биз сенга бу ҳадисни сендан ҳеч нарса талаб қилмай беряпмиз, арзимаган масалаларни ҳал қилиш учун ҳам Мадинага туя миниб борилар эди (яна қ. 2544, 2547, 2551, 3011, 3446, 5083).
33-боб
Имомнинг аёлларга ваъз айтмоғи ва уларга диндан таълим бермоғи (мустаҳаблиги)
98-ҳадис
Ибн Аббосдан: “Расулуллоҳ (сав) Билол билан бирга аёллар қошига чиқдилар. Билол: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) аёллар гапин эшитмай қолдилар”, — деб ўйловдилар. Лекин Расулуллоҳ аёлларга ваъз айтдилар, сўнг уларни садақа беришга даъват қилдилар. Аёллар сирға ва узуклар ечиб, Билолнинг етагига ташлай бошладилар” (яна қ. 863, 962, 964, 975, 977, 979, 989, 1431, 1449, 4895, 5249, 5880, 5881, 5883, 7325).
34-боб
Ҳадис илмини ўрганишга иштиёқманд бўлишнинг афзаллиги
99-ҳадис
Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав)га: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат кунида шафоатингизга лойиқроқ одам кимдир?” – дебсўрашди. Расулуллоҳ (сав): “Эй Абу Ҳурайра, ҳадисга иштиёқмандлигингни кўриб, сендан олдин ҳеч ким бу тўғрида сўрамаса керак, деб ўйловдим. Чин дилдан, ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ” деган одам шафоатимга муассар бўлади”, — дедилар” (яна қ. 6570).
35-боб
Илм қандай йўқолади?
(кишилар дилидан илмни кўтарилиб кетиши тўғрисида)
Умар ибн Абдулазиз Абу Бакр ибн Ҳамзга бундай деб ёзган эди: “Расулуллоҳ (сав) айтган сўзларнинг ҳаммасини кўриб чиқиб, ёзиб боргин, чунки мен уламоларнинг вафотидан сўнг илмнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқяпман. Фақат Расулуллоҳ ҳадислари қабул қилинсин! Уламолар илм ўргатишга, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар, зеро илм сир тутилмас экан, ҳалокатга учрамайди!”
100-ҳадис
Абдуллоҳ ибн Амр: “Расулуллоҳ (сав)нинг “Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар бирорта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмаганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар.Сўнг, улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар” деганларини эшитганман”, — деб айтган (яна қ. 7307).
*****
Кўриб турганингиздек, илм қандай йўқолади, мавзусига оид ҳадис юқорида келтирилди.
