Илм фазилати тўғрисида. Ал-Бухорий ҳадислари 59-62

илм фазилати тўғрисида.

Ҳурматли юртдошлар, ҳукмингизга ватандошимиз Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан парчалар беришда давом этамиз. Бу саҳифада 59-62 сонлари билан танишиб оласиз. Илм фазилати тўғрисида маълумотларни билиб оласиз.

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Илм китоби

1-боб

Илм фазилати тўғрисида

Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилинган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (“Мужодала” сураси, 11-оят), — дейилган. Яна бошқа каримасида эса: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт! Деб айтинг” (“Тоҳо” сураси, 114-оят) – дейилган.

2-боб

Сўзга машғул бўлиб турган одамдан илм (билим) сўралганда, унинг сўзни тамомлаб, кейин жавоб бериши тўғрисида

59-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав). бир мажлисда ўз қавмларига гапириб турган эдилар. Бир аъробий (бадавий) келиб: “Қиёмат қачон?” – деб сўради. Расулуллоҳ (сав). сўзларида давом этавердилар. Баъзи саҳобалар: “Расулуллоҳ унинг сўзини эшитдилар-ку, лекин ёқтирмадилар шекилли”, деб ўйладилар. Айримлари эса: “Сўзини эшитмадилар”, — деб ўйладилар. Расулуллоҳ (сав).сўзларини тугатгач: “Қиёмат тўғрисида сўраган одам қани?” – дедилар. Аъробий: “Мана мен, ё Расулуллоҳ!” – деди. Омонат (ҳалолик) ўртадан кўтарилганда қиёматни кутавергин!” – дедилар. “Буни қандай билса бўлади?” – деди аъробий. “Ишинг (кунинг) нопок одамларга қолганда қиёматни кутавергин!” – дедилар” (яна қ. 96, 6496).

3-боб

Бирор илм (билим)ни баланд овоз билан айтмоқнинг мумкинлиги ҳақида

60-ҳадис

Саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр айтадилар:” Расулуллоҳ (сав).бир сафар вақтида биздан орқада қолдилар. Аср намози ўқийдиган вақтда бизга етиб олдилар. Биз таҳорат олаётган эдик. Оёқларимизни сув билан юваётганимизда (сувни кам ишлатиш мақсадида) Расулуллоҳ баланд овоз билан: “Ўт азобидан оёқ кафтларининг ҳолига вой!” – деб уч марта нидо қилдилар” (яна қ.96, 163).

4-боб

Ҳадис айтган одам (муҳаддис)ни “бизга ҳадис айтди, хабар берди, хабар қилди”, — деган сўзлар билан ифодалаш тўғрисида

Саҳобалар ва тобеинлар (саҳобаларнинг замондошлари) ҳадисларни ривоят қилишда “бизга хабар қилди, айтди, фалончидан эшитдим-ку”, деган сўзлар билан ифодалаганлар. Масалан: Саҳоба Ибн Масъуд ҳадис айтмоқчи бўлсалар: “Расулуллоҳ (сав). бизга сўзлаб бердилар” ёки “Расулуллоҳдан эшитганман”, — деб гап бошлаганлар ва ҳоказо.

61-ҳадис

Ибн Умар (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав).сўрадилар, шундай бир дарахт борки, у мусулмонга ўхшаб баргини ташламайди. У қайси дарахт? Одамлар ўз ерларидаги дарахтларни бирма-бир айта бошладилар. Мен кўнглимда хурмо дарахти бўлса керак, дедим. Лекин айтгани уялдим. Улар Расулуллоҳ (сав)дан айтиб беришни сўрашган эди, у зот: “хурмо дарахти”, дедилар (яна қ 62, 72, 131, 2209, 4698, 5444, 5448, 6122, 6144).

5-боб

Имомнинг кишилар илмини синаш учун масалани ўртага ташлаши

62-ҳадис

Расулуллоҳ (сав).айтдилар: “Дарахтлар орасида бир дарахт бўлиб, баргларини ташламайди, у мусулмонга ўхшайди (яъни, мусолмонлик дарахтининг барги – имондир). Айтингчи, бу қайси дарахт?” Одамлар ўз қишлоқларидаги барча дарахтларнинг номларини айта бошладилар. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Кўнглимга, бу хурмо дарахти бўлса керак, деган фикр келди (уялиб айтмадим, айтишга уялдим)”. Одамлар: ”Ўзингиз айтиб беринг, ё Расулуллоҳ”, — дейишди. Расулуллоҳ (сав): “У хурмо дарахтидир”, — дедилар (яна қ. 61).

*****

Кўриб турганингиздек, илм фазилати тўғрисида маълумотлар шундан иборат.

11-20 ҳадислар

21-26 ҳадислар

27-30 ҳадислар

31-36 ҳадислар

670 марта ўқилди