Энг катта зулм ҳақида. Ал-Бухорий ҳадислари 31-36

энг катта зулм

Азиз юртдошлар, эътиборингизга Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан парчалар беришни давом эттирамиз. Бу саҳифада 31-36 сонлари билан танишиб оласиз. Исломда энг катта зулм нима эканлиги ҳақида маълумотларни билиб оласиз.

31-ҳадис

Саҳоба Аҳнаф ривоятлари: “Мана бу кишини ҳимоя қилгани йўл олдим. Йўлда Абу Бакр йўлиқди. “Қаёққа кетяпсан?” – деди. ”Мана бу кишига ёрдамлашгани кетяпман”, — дедим. “Қайт, мен Расулуллоҳ (сав)дан эшитганман, агар икки мусулмон қилич ялонғочлаб бир-бирига ҳамла қилса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам, дўзахга тушади. “Ё Расулуллоҳ ўлдирган-ку майли-я ўлган нега тушади?” – деганимда, “У ҳам шеригини ўлдирмоққа жазм қилгандир”, — деб айтганлар”, — деди” (яна қ. 6875).

23-боб

Энг катта зулм

32-ҳадис

Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: “Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар – айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир” (“Анъом” сураси, 82- оят), — деган ояти карима нозил бўлганда саҳобалар: “Қайси биримиз ўз жонимизга зулм қилмаганмиз”, — деб қаттиқ эзилишди. Шунда Аллоҳ таоло: “Чунки, ширк улкан зулмдир” (“Луқмон” сураси, 13-оят), — деган оятни нозил қилди” (яна қ. 3360, 3428, 3429).

24-боб

Мунофиқнинг аломатлари

33-ҳадис

Расулуллоҳ (сав): “Мунофиқнинг аломати учта: сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъдасига вафо қилмайди, омонатга хиёнат қилади” – деганлар (яна қ. 2682, 2749, 6095).

34-ҳадис

Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Қуйидаги тўртта хислат кимда бўлса, аниқ мунофиқдир, кимдаки улардан биттаси бўлса, уни тарк этмагунча мунофиқликдан бир хислати бор экан, дейилади: омонатга хиёнат қилади; сўзласа, ёлғон сўзлайди; шартнома тузса, шартида турмайди; уришиб қолса, кек сақлайди ва ноҳақлик қилади” (яна қ. 2454, 3178).

25-боб

Лайлатул Қадр кечасида ибодат қилиб чиқмоқ имондандир

35-ҳадис

Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Кимки Лайлатул Қадр кечасининг ҳақлигига ишониб, Аллоҳдан савоб умидида ибодат қилиб чиқса, қилган гуноҳларининг ҳаммаси кечирилади (яна қ. 37, 38, 1901, 2008, 2009, 2014).

26-боб

Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш имондандир

36-ҳадис

Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳ таоло ўзи йўлида жиҳодга чиққан одамни қадрлаб: “Менга бўлган имони ва пайғамбарларимга бўлган ишончи туфайли жиҳодга чиққан бўлса, уни ажр ва ўлжалар билан қайтараман, ҳалок бўлса жаннатимга киргизаман”, – дейди”, — деганлар. Расулуллоҳ (сав) яна бундай деганлар: “Агар умматимни қийин аҳволдан қолдиришдан қўрқмасам эди, қўшиндан қолиб, бу ерда ўтирмас эдим, мен Аллоҳ йўлида жон таслим этиб, яна ўлиб, яна тирилсам ва яна ўлиб ва яна тирилсам ва яна ўлсам дер эдим” (яна қ. 2787, 2797, 2972, 3123).

(* Исломда жиҳод сўзи аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Инсоннинг ҳавойи нафсга берилмаслиги, уни енгиб шариатга мувофиқ яшаши, фарзанднинг ота-она хизматида бўлиши ҳам жиҳоддир. Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Муҳаммад (сав) бошлиқ саҳобалар Маккада уруш маъносида бўлмаган жиҳодни олиб борганлар. Ўша вақтда Аллоҳ таоло мусулмонларнинг мушрикларга қарши куч ишлатишини ман қилган эди. Фақатгина ҳижратнинг иккинчи йили (миллоддан 624 йил), Қуръони карим тили билан айтганда, “Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (уруш)га изн берилди”. Исломда жиҳод Аллоҳ йўлида, бутун куч ва имкониятларни сарф қилиш маъносини англатади).

Шурк — энг катта зулм эканлиги маълум бўлмоқда.

Аввалгилари 1-3 ҳадислар

4-7 ҳадислар

8-10 ҳадислар

11-20 ҳадислар

975 марта ўқилди