Қадрли дўстлар, эътиборингизга юртдошимиз Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан парчалар тақдим этишда давом этамиз. Бу саҳифада 81-87 сонлари билан танишиб оласиз. Қиёмат аломатлари ҳақида маълумотларни ўзлаштирасиз.
Қиёмат аломатлари ҳақида келган ҳадис
81-ҳадис
Анас (рз.) (охирги саҳоба): “Мен сизларга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин сизга буни сизга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулуллоҳ қуйидагилар қиёмат аломатлари -дандир, деганлар”, — дедилар:
— илмнинг сусаймоғи;
— жаҳолатнинг кучаймоғи;
— зинонинг авж олмоғи;
— хотинларнинг кўпаймоғи;
— эркакларнинг озаймоғи.
Ҳатто 50 нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик (эрлик) қилмоғи” (яна қ. 80).
23-боб
Илмнинг фазилатлари ҳақида
82-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларимдан сут чиққанини кўрдим”. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?” “Илмга”, — дедилар Расулуллоҳ (сав) (яна қ. 3681, 7006 , 7007, 7027, 7032).
24-боб
Бирор улов миниб ёки бошқа нарса устида туриб фатво айтмоқ
83-ҳадис
Расулуллоҳ (сав) одамларнинг саволларига жавоб бермоқ учун Мино (қурбонлик қилинадиган жой)даги Ҳажжотил Вадо олдига келиб тўхтадилар. Бир киши келиб деди: “‘Ё Расулуллоҳ, қурбонлик қилишдан олдин билмай сочимни олдириб қўйибман”. Расулуллоҳ (сав): “Энди сўявер, зарари йўқ”, — дедилар. Бошқа бир киши келиб деди: “Шайтонга тош отмасдан аввал билмасдан қурбонлик қилиб қўйибман”. “Энди отавер, зарари йўқ”, — дедилар Расулуллоҳ (сав). Расулуллоҳ (сав) одамларнинг “бундай қилиб қўйибман, ундай қилиб қўйибман” деган саволларига жавоб бердилар (яна қ. 124, 1736, 1737, 1738, 6665).
25-боб
Фатво сўраган одамга бош ёки қўл билан ишора қилиб жавоб беришнинг мумкинлиги
84-ҳадис
Жаноб Расулуллоҳ (сав)дан Ҳажжотул Вадода турганларида сўрадилар: “Шайтонга тош отмасдан аввал қурбонликка аталган қўйимни сшйиб қўйибман?” Расулуллоҳ “зарари йўқ” маъносида қўллари билан ишора қилдилар. Биров сўради: “Қурбонлик қўйни сўймасдан сочимни олдирибман?” Расулуллоҳ “зарари йўқ” деб қўллари билан ишора қилдилар (яна қ. 1721, 1722, 1723, 1734, 1735, 6666).
85-ҳадис
Расулуллоҳ (сав): “Илм йўқолади, нодонлик кучаяди, фитналар содир бўлади, ҳарж кўпаяди”, — дедилар. “Ё Расулуллоҳ, ҳарж нима?” – деб сўрадилар. Расулуллоҳ “Қотиллик” деган маънода қўлларини бўғизларини устидан юргиздилар (яна қ. 1036, 1412, 3608, 3609, 4635, 4636, 6037, 6506, 6935).
86-ҳадис
Асмо (Абу Бакр қизи) бундай деганлар: “Ойша синглимникига бордим. Намоз ўқиётган экан. Одамларга нима бўлди десам, осмонга ишора қилди (одамлар “Кун тутилди” деб қўрқувдан намоз ўқишаётган экан).”Бу (қиёмат) белгисими?” – дедим.”Ҳа”, — деб бошини қимирлатиб қўйди. Мен ҳам кўзим тиниб кетгунча намоз ўқидим, сўнг (ўзимга келишим учун) бошимга сув қуя бошладим. Расулуллоҳ (сав) ҳамду сано айтиб дедилар: “Бирорта кўрмаган нарсам қолмади, мана шу тик турган жойимда ҳамма нарсани, ҳатто жаннат ва дўзахни ҳам кўрдим. Менга: “Сизлар қабрларингизда Дажжол фитнасидек ёки шунга ўхшаш бир синовдан ўтасизлар”, — деган ваҳий келди. Синов вақтида: “Бу кишини танийсанми?” – деб сўралади.
Сўроқ қилинаётган одам чин имонли бўлса, “Бу киши Муҳаммад (ас), бизга Аллоҳнинг ҳидоятини олиб келган, мўжизалар кўрсатган, биз қабул қилганмиз”, — дейдива яна уч марта “Муҳаммад (ас)дир”, — деб қайтаради. “Қилган яхшиликларингнинг роҳатини кўриб ухлайвергин, биз чин имонли эканингни билган эдик”, — дейилади. Аммо сўроқ берувчи мунофиқ бўлса, “Билмайман, одамлардан нимадир эшитувдим, шуни айтим-да(яъни, бу киши пайғамбар, деб аниқ айта олмайди),- дейди (яна қ. 184, 922, 1053, 1054, 1061, 1235, 1373, 2519, 2520).
25-боб
Расулуллоҳ (сав)нинг Абул Қайс қабиласидан келган меҳмонларга имон ва илмни эҳтиёт қилиш кераклигини айтганлари ва бу тўғрида “келгуси авлодни ҳам хабардор қилинглар!” – деганлари
Саҳоба Молик: “Расулуллоҳ (сав): “Боринглар энди, уйингизга қайтиб,оила аъзоларингизга ҳам ўргатинглар!” – деб бизга айтдилар”, — деди.
87-ҳадис
Абдул Қайс қабиласидан келган меҳмонлар: “Биз ражабойидагина кела оламиз, жаннатга киргизадиган бир амалга буюринг!” – деганларида, Расулуллоҳ (сав) 4 нарсага амал қилишни ва тўрт нарсага қилмасликни буюрганлари тўғрисида 53-ҳадис шу ўринда такроран келтирилган.
*****
Кўриб турганингиздек, қиёмат аломатлари ҳақида юқорида маълумотлар келтирилди.
