Сулаймон алайҳиссалом ҳақида

Сулаймон алайҳиссалом

Пайғамбарлар ҳақидаги ўзига хос рукнни бошлаймиз. Сайтимиз орқали Қуръони Каримда келтирилган пайғамбарлар ҳақида имкон қадар маълумот бериб ўтамиз. Ажаб эмаски, улар ҳақида керакли маълумотларни билиб олсангиз ва фарзандларингизга сўзлаб берсангиз. Бугунги маълумотларимиз Сулаймон алайҳиссалом ҳақида бўлади.

Қуръонда зикри келган пайғамбарлардан бири, адолатли ва доно ҳукмдор, Довуд алайҳиссаломнинг ўғли. Сулаймон алайҳиссалом 13 ёшида тахтга ўтиради. Етук билимли, ҳар бир ишда ҳукм чиқаришда отасидан кўра олимроқ бўлади.

Сулаймон алайҳиссалом мўъжизалари

Ривоятга кўра, у жамики инсу жин ва ҳайвонлару қушлар оламига ҳам подшоҳлик қилган. Учар шамоллар ҳам унинг ихтиёрида бўлиб, истаган жойга бир зумда элтиб қўйган. Сулаймон алайҳиссалом пайғамбарга берилган мўъжизалардан бири мис булоғи бўлган. Ривоят қилинишича, ундан сув ўрнига мис оқиб ётар, пайғамбар алайҳиссалом измидаги жинлар эса, ўша мисдан унинг хоҳлаган нарсасини ясаб беришар экан.

Жинларнинг Сулаймон алайҳиссаломга қасрлар бунёд этгани, денгиз тубидан дуру жавоҳирлар олиб чиқиб бергани накд этилади. Сулаймон алайҳиссалом қушлар тилини тушунганлигидан, ўз қўл остида бир неча хил қушларни тарбия қиларди. Бу қушлар орасида Ҳудҳуд (Сассиқпопишак) ҳам бўлиб, у бир неча вақт ғойиб бўлган ва Сулаймон алайҳиссаломга Сабо деган юртдаги малика Билқисни кўрганлиги хабарини олиб келади.

Сулаймон алайҳиссалом Билқисга мактуб йўллайди ва Сабо юртининг маликаси Билқисни ёлғиз Аллоҳга итоат этишга мажбур қилади (Намл сураси 20-27-оятлар). С. алайҳиссаломнинг ўлими билан боғлиқ ривоят жинлар ғайбни — келажакда рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни билади, деган гумонларни рад этади. Ўтирган ҳолида жон таслим қилган С. алайҳиссалом таянган асони бир йил давомида ёғоч курти еб у ерга қулаб тушмагунча, С. алайҳиссаломнинг вафот этганлигини билмасдан пайғамбар уларга буюрган вазифа — баланд қаср бино қилиш ишини давом эттираверган (Саба сураси 14-оят). С. алайҳиссалом образи, у ва унга тобе жинлар томонидан рўёбга чиқарилган ғаройиб отлар, унинг ҳашаматли саройлари, учар галами ва б. — ўрта асрлардаги мусулмон адабиёти ва фольклорда тез-тез учрайдиган мавзу.

Сулаймон алайҳиссалом шунингдек, мусулмон оламида кенг тарқалган сеҳр-жоду илмининг ҳам етакчиларидан бири саналган. Олти қиррали юлдуз — С. алайҳиссалом муҳри рамзи бўлиб, у жинлар ва шайтонларга берилган фармонларга мана шу муҳрини босган. Олти қиррали юлдуз мусулмонларда ёмон кўздан, ёвуз руҳлардан ҳимоя этувчи асосий рамзлардан саналиб, бинолар, идишлар, тангаларда нақши туширилган.

«Ислом одоблари энциклопедияси» китобидаги маълумотлар асосида.

1 708 марта ўқилди