Подшоҳ билан тўти

подшоҳ билан тўти

Қадим замонларда бир подшоҳ бўлиб, унинг жуда яхши кўрган бир тўтиси бўлган экан. Подшоҳ билан тўти бир-бирини кўрмаса туролмас экан. Тўти доимо подшоҳга меҳрибонлик кўрсатиб, унга ширин сўзларни айтар, уни хурсанд қилар экан.

Подшоҳ билан тўти қиссасидан ибрат

Бир куни тўти подшоҳдан ўз юрти — Ҳиндистонга бориб келишга рухсат сўрабди. Подшоҳ эса у кетиб қолса хафа бўлиб, касалланиб қолишини айтибди. Тўти подшоҳни алдамаслигини, унга ваъда бериб, ваъдага хиёнат қилмаслигини тушунтирибди. Кейин подшоҳ тўтининг гапига ишониб, унга икки ҳафтага жавоб берибди.

Тўти подшоҳ билан хайрлашиб, Ҳиндистонга учиб кетибди. Олти кун деганда манзилига етиб бориб, қариндош-уруғлари билан эсон-омон кўришибди. Бечора тўти ўйнаб-кулиб, ота-онасининг дийдоридан баҳраманд бўлибди. У уч кунни қандай ўтказганини билмай қолибди. Қайтиб боргандан кейин қафасга тушишини роса ўйлабди. Қариндош-уруғлари саройга қайтмасликни маслаҳат берибди. Тўти эса: — Йўқ, яна қайтмоқ учун ваъда берганман, ваъдага вафо қилмасам бўладими? Менга бир йўл кўрсатинг, ойижон. Мен ҳам эркинликка чиқай, ҳам ваъдамни бажарган бўлай, — дебди.

Она тўти маслаҳати

Она тўти айтибди: — Ундай бўлса мен бир маслаҳат бераман. Бизнинг юртда бир дарахт бор. Дарахтнинг мевасидан ҳар қандай кекса ёшли киши еса, навқирон йигит ёки соҳибжамол қизга айланади. Подшоҳга шу олмалардан уч донасини олиб боргин. Бу бебаҳо мевани берсанг, зора сени бутунлай озод этса, — дебди.

Бу гап маъқул бўлибди. Тўти уч дона олмани олиб, шимол томонга қараб учибди. Олти кун деганда саройга етиб келибди. Подшоҳ билан кўришиб, унга олмани берибди. Подшоҳ роса хурсанд бўлиб, уни озод қилишга ваъда берибди. Олмалардан бирини хотинига бериб, сақлаб қўйишни айтибди. Қолганини вазирга кўрсатиш учун ликопчага солиб қўйибди.

Вазирнинг ҳиёнати

Эртасига уни вазирига кўрсатибди ва хосиятларини айтибди. Вазирнинг бунга ҳасади келиб, Подшоҳга шундай дебди:

— Сиз бу парранданинг олиб келган нарсасини емай туринг, аввал бир тажриба қилиб кўрайлик, рост бўлса емоқ қочмайди, — дебди.

Бу гап подшоҳга маъқул тушибди. Вазир қулай фурсат топиб, ликопчадаги олмаларни заҳарлаб қўйибди. Эртаси куни вазир дебди:

— Энди бу меваларни тажрибада синаб кўрайлик. Қамоқхонадан икки нафар маҳбусни олиб келиб, меваларни едиришибди. Иккаласи ҳам шу заҳотиёқ ўлибди.

Пушаймонлик

Бу хунук воқеадан кейин бечора тўтини калласини танасидан жудо қилибди. Подшоҳ эса жаҳлдор бўлиб қолибди. Кунлардан бир куни подшоҳ бир одамни ғазаб устида ўлимга буюрибди. Бу киши кекса экан. Қолган бир дона олмани унга едирибди. Ҳалиги одам олмани ейиши биланоқ, оқарган сочлари тушиб кетиб, ўрнига қоп-қора соч ўсиб чиқибди. Кекса киши йигирма ёшли йигит ҳолига келиб қолибди.

Подшоҳда вазирига нисбатан шубҳа уйғонибди. Ликопчадаги заҳар изларини кўриб, вазиятни тушуниб етибди. Вазирни эса ўлимга маҳкум қилибди. Бечора тўтининг бегуноҳ ўлганига қайғурибди.

335 марта ўқилди