Таҳорат қандай олинади?

таҳорат

Азизлар, намоз ўқишдан аввал таҳорат олинади. Унинг ўзига яраша қоида ва тартиблари бор. Қуйида келтирилган маълумотларни диққат билан ўзлаштириб олиш мақсадга мувофиқдир.

Таҳорат олиш тартиби

1. Аввало, таҳорат олишга ният қилиниб, «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», дейилади.
2. Қўллар бандигача уч марта ювилади. Бармоқда узук бўлса, қимирлатиб остига сув юритилади.
3. Ўнг қўлда сув олиниб, оғиз уч марта ғар-ғара қилиб чайилади ва мисвок қилинади.
4. Бурунга ўнг қўл билан уч марта сув тортилиб, чап қўл билан қоқиб тозаланади.
5. Юз ҳам уч марта ювилади.
6. Аввал ўнг қўл тирсаклар билан қўшиб ишқалаб ювилади.
7. Сўнгра чап қўл ҳам тирсаклар билан қўшиб ишқалаб ювилади.
8. Ҳовучга сув олиб, тўкиб ташлаб, ҳўли билан бошнинг ҳамма қисмига масҳ тортилади.
9. Кўрсаткич бармоқ билан қулоқларнинг ичи, бош бармоқлар билан эса қулоқ орқаси масҳ қилинади.
10. Иккала кафтнинг орқаси билан бўйин масҳ қилинади.
11. Чап қўл билан ўнг оёқни ошиқ (тўпиқ) билан қўшиб ва бармоқлар орасини (ишқалаб) уч марта ювилади.
12. Чап оёқ ҳам шу тарзда уч марта ювилади.

Тирноқларга сурилган лак, теридаги ҳар хил бўёқлар кетказилмасдан олинган таҳорат саҳиҳ (ҳақиқий) ҳисобланмайди.

Олиш жараёнида гапирмаслик, эҳтиёждан ортиқ сув ишлатмаслик, уст-бошга сув сачратмаслик керак.

Таҳорат бузиладиган ҳоллар

1. Баданнинг бирор жойидан қон ёхуд йиринг чиқиб оқиши
2. Оғиз тўлиб қусиш
3. Кичик ё катта ҳожат
4. Ел чиқиши
5. Милк қонаб, тупурганда тупук ранги қизил бўлиши
6. Хушдан кетиш
7. Намоз ўқиётиб, ёнидаги одам эшитадиган даражада кулиш.

Қилиб бўлингач азон айтилади.

Қайси ҳолларда таҳорат олиш мустаҳаб (яхши амал) эканлигини биласизми?

1. Кеққурун ухлашдан олдин.
2. Эрталаб уйқудан уйғонганда.
3. Умуман, доимо таҳоратли юриш лозим.

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча тушларида жаннатда такуня (таҳорат учун ёғоч пойафзал) кийган Ҳазрати Билолнинг қадам товушларини эшитганларини айтдилар. Уйғонгач, Ҳазрати Билолдан қайси хайрли амали учун бундай мартабага эришганини сўрадилар. Билол Хабаший бунга жавобан шундай дедилар: “қачонки, таҳоратим бузилса, дарҳол таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқир эдим”.

4 854 марта ўқилди