Аллоҳга шукрки, мусулмон бўлиб яралдик. Яратган эгам оламлар сарвари Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламни Ер юзига пайғамбар қилиб юборди. У кишига эргашиши эса ҳар бир мўмин-мусулмоннинг фарзидир. Бугун суннат амаллар ҳақида фикр юритамиз.
Суннат амаллар нима ўзи?
“Суннат” сўзи арабча калима бўлиб, луғатда “тариқат” (йўл) деган маънони англатади. Луғатда йўл маъносини ифодаловчи “суннат” яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин. Бунга далил Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидир:
مَنْ سَنَّ سُنَّةً حَسَنَةً كَانَ لَهُ ثَوَابُهَا وَثَوَابُ مَنْ عَمِلَ بِهَا إلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَمَنْ سَنَّ سُنَّةً سَيِّئَةً كَانَ عَلَيْهِ وِزْرُهَا وَوِزْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا إلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ
“Ким бир яхши суннатни йўлга қўйса, унга унинг савоби ҳамда қиёматгача унга амал қилган кишиларнинг савоби берилади. Ким бир ёмон суннатни йўлга қўйса, унга унинг гуноҳи ва қиёматгача унга амал қилганларнинг гуноҳи берилади”.
“Суннат”нинг шаръий истилоҳдаги маъноси, Пайғамбар алайҳиссалом ёки саҳобаларидан бирортаси доимий қилиб юрган амалларидан иборат бўлиб, унга амал қилган кишига савоб берилади, уни тарк қилган киши маломат қилинади ва у қавлий ҳамда феълий амалларни ўз ичига олади.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ: Суннат – уни тарк этувчи фосиқ, инкор қилувчи бидъатчи бўладиган амалдир. Нафл – тарк этувчи фосиқ бўлмайдиган, инкор қилувчи бидъатчи бўлмайдиган амалдир, деганлар.
@hazratiimomuz Телеграм канали маълумотлари асосида
Жанозанинг суннатлари
Қуйидаги ишлар жаноза намозида суннат ҳисобланади.
1 Майит эркак ё аёл бўлсин, имом майитнинг кўкраги тўғрисида туради.
2 Биринчи такбирдан кейин санo ўқимоқ;
3 Иккинчи такбирдан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтмоқ;
4 Учинчи такбирдан сўнг майит ҳаққига дуо ўқимоқ.
Агар майит балоғатга етган бўлса, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин ушбу дуони ўқийди.
اللَّهُمَّ اغفِر لحيِّنا وميِّتِنا وصغيرِنا وَكبيرِنا وذَكَرِنا وأنثانا وشاهدِنا وغائبِنا اللَّهُمَّ مَن أحييتَه منَّا فأحيِهِ علَى الإيمانِ ومَن تَوفَّيتَه مِنَّا فتوفَّهُ على الإسلامِ
“Алоҳуммағфирли ҳаййинаа ва маййитинаа ва шааҳидинаа ва ғоибинаа ва соғииринаа ва кабийринаа ва закаринаа ва унсаанаа. Аллоҳумма ман аҳяйтaҳу миннаа фа аҳйҳи алал Ислаами ва ман таваффайтаҳу миннаа фа таваффиҳи алал иймаан”.
“Эй бор Худоё! Тиригимиз ва ўлигимизни, ҳозиримизу ғойибимизни, кичигимиз каттамизни, эркагимиз ва аёлимизни мағфират қилгин. Эй бор Худоё! Биздан кимни тирилтирсанг, Исломда тирилтиргин. Биздан кимни вафот эттирсанг, имонда вафот этдиргин”.
(Шафиқур Роҳман Надви «ФИҚҲУЛ МУЯССАР» китобидан олинган)
