20-боб
Шомни хуфтон деб аташларини макруҳ қилган киши ҳақида
563-ҳадис
Абдуллоҳ ал-Музаний ривоят қиладилар: “Набий (сав): “Бадавийлар шом деб атайдиган намозингизни бошқа ном билан аташларига йўл қўйманглар. Бадавийлар шомни хуфтон деб атамоқдалар”, — деб айтдилар”.
21-боб
Ишоъ ва атама баёни ҳамда иккаласини “Бемалол ишлатса бўлади” деган киши ҳақида
Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Ишоъ (хуфтон) ва фажр (бомдод) намозлари мунофиқларга оғир келиб қолди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: “Атама (хуфтон) ва фажр (бомдод) намозларида қандай савоб борлигини билишса эди!” – дедилар.
Абу Абдуллоҳ: “Хуфтонни “Ишоъ” деб аташ “атама” деб аташдан кўра яхшироқдир. Зеро Аллоҳ таоло: “Ва хуфтон намозидан кейин…” (“Нур” сураси, 58-оят) деб айтади”, — дейдилар. Абу Мусо: “Биз Набий (сав) билан бирга навбатма-навбат ишоъга имомлик қилар эдик. Бу сафар ҳам бизнинг навбатимиз эди, иттифоқо, у киши ишоъга имомлик қиламан деб салла ўраб чиқдилар”, — дейдилар. Ибн Аббос ва Ойша онамиз: “Набий (сав) атамага (хуфтонга) салла ўраб чиқдилар”, — дейдилар. Баъзилар Ойша онамиздан нақл қилиб: “Набий (сав) атамага (хуфтонга салла ўраб чиқдилар”, — дейишади. Жобир (рз.): “Набий (сав) ишоъ ўқир эдилар”, — дейдилар. Абу Барза: “Набий (сав) ишоъни кечиктириб ўқир эдилар”, — дейдилар. Ибн Умар, Абу Айюб ва Ибн Аббос: “Набий (сав) шом ва ишоъ ўқидилар”, — дейишади.
564-ҳадис
Абдуллоҳ (рз.) ривоят қиладилар: “Тунлардан бирида Расулуллоҳ (сав) одамлар атама деб атайдиган ишоъ (хуфтон) намозини биз билан бирга ўқидилар. Кейин, Жаноб Расулуллоҳ бизга юзланиб: “Билиб қўйинглар, мана шу кечадан роппа-роса юз йил ўтгач, ер юзида ҳозир мавжуд бўлган одамлардан бирортаси ҳам қолмайди”, — дедилар” (яна қ. 116).
22-боб
Намозхонлар вақтида йиғилганда ёки кеч қолганда хуфтон қачон ўқилади?
565-ҳадис
Муҳаммад ибн Амр ривоят қиладилар: “Жобирдан Набий (сав)нинг қандай намоз ўқишларини сўрадик у киши: “Жаноб Расулуллоҳ пешинни кун оғган пайтда, асрни қуёшнинг тафти сўнмаган пайтда, шомни қуёш ботганда, хуфтонни эса, масжидга одам кўп йиғилганда тездан ўқиверар эдилар. Бомдодни қороғуда ўқир эдилар”, — деди” (яна қ. 560).