Бомдод намозини фазилати ҳақидаги ҳадисдан

бомдод намозини фазилати

27-боб

Бомдод намозини фазилати

573-ҳадис

Жарир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларида эдик, тўлин ойга қараб, “Сизлар мана шу ойни кўриб турганингиздек раббингизни кўрасизлар. Уни кўраман деб бир-бирингизни ранжитманглар. Қуёши чиқиши ва ботишидан илгари намозларни шайтонга бой бермаслик қўлингиздан келса, уларни муттасил ўқинглар!” – дедилар. Сўнг: “Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)!” (“Қоф” сураси, 39-оят) – деган оятни ўқиб қўшиб қўйдилар”.

574-ҳадис

Абу Бакр ибн Абу Мусо қилган ривоятига кўра, Расулуллоҳ (сав) айтганлар: “Ҳар ким бомдод билан хуфтон намозини ўқиб юрган бўлса, жаннатга киради”.

28-боб

Бомдод ўқиладиган вақт ҳақида

575-ҳадис

Зайд ибн Собит ривоят қиладилар: “Биз Набий (сав) билан бирга саҳарлик қилдик, кейин туриб бомдод ўқидик. Мен: “Саҳарлик билан бомдод оралиғида қанча вақт бор?” – деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: “Эллик ёки олтмиш оят ўқигулик фурсат бор”, — дедилар” (яна қ.1921).

576-ҳадис

Анас ибн Молик: “Набий (сав) ва Зайд ибн Собит иккалалари саҳарлик қилдилар. Саҳарлик қилиб бўлишгач, Набий (сав) бомдод ўқидилар”, — деди. Қатода (рз.): “Мен Анасдан, саҳарлик қилиб бўлишгандан то намозга киришгунларига қадар қанча вақт ўтди?” – деб сўрадим”, — дейдилар. Шунда Анас: “Киши элликта оят ўқиганчалик”, — деб жавоб берган экан (яна қ. 1134).

577-ҳадис

Саҳл ибн Саъд: “Бола-чақам билан саҳарлик қилаётган эдим, бирдан Расулуллоҳ (сав) билан бомдод намози ўқиш лозимлиги эсимга тушиб қолди”, — дейдилар.

578-ҳадис

Ойша (рз.): “Биз мусулмон аёллар Расулуллоҳ (сав) билан бирга бомдод намози ўқиш учун чодиримизга ўралиб (масжидга борар эдик. Сўнгра, намозни ўқиб бўлиб, ўйимизга қайтаётганимизда қоронғида бизни ҳеч ким танимас эди (яъни бомдод намози ўқиб бўлганда ҳали кун ёришмаган бўларди)”, — дейдилар.

29-боб

Бомдод ўқиётган одам қолган бир ракъатини қуёш чиққунча ўқиб улгурмаслигини англаса…

579-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки бомдоднинг бир ракъатини қуёш чиққунча ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, қолганини ўқиб тугатсин, кимки асрнинг бир ракъатиниқуёш ботгунча ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, уни ҳам ўқиб тугатсин!” – дедилар” (яна қ. 556).

119 марта ўқилди