Тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча намоз ўқилмайди, ҳадиси ҳақида

қуёш чиқиб бўлгунча намоз ўқилмайди

30-боб

Намоз ўқиётган одам қолган бир ракъатини ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса…

580-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки намозининг бир ракъатини ўқиб улгурмаслигини фаҳмлаб қолса, уни ўқиб тугатсин!” – дедилар” (яна қ. 556).

31-боб

Тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча намоз ўқилмайди

581-ҳадис

Ҳазрат Умар (рз.): “Набий (сав) тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ва асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча намоз ўқишни ман қилдилар”, — дейдилар.

582-ҳадис

Ибн Умар (рз.)нинг айтишларича, Расулуллоҳ (сав): “Қуёш чиқаётган ва ботаётган вақтда ўқиган намозингиздан савоб умид қилмангиз!” – деб айтган эканлар.

583-ҳадис

Ибн Умар (рз.)нинг яна бир бошқа ривоятларига кўра, Расулуллоҳ (сав): “Агар қуёш юзидан пардасини олаётган бўлса, буткул олиб бўлгунча ёки парда тортаётган бўлса, буткул тортиб, бўлгунча намозингизни кечиктирингиз!” – деб айтган эканлар.

584-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.)нинг айтишларича, Расулуллоҳ (сав) икки хил келишувни, икки хил кийим кийишни ва икки намозни ўқишни ман қилган эканлар: тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ва асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча намоз ўқиш; баданга ёпишиб турадиган ва бадани кўриниб турадиган кийимларни кийиш; биров билан тил бириктириб, душманлик ҳамда алоқа қилиш (яна қ. 365).

32-боб

Қуёш ботмай туриб намоз ўқимаслик ҳақида

585-ҳадис

Ибн Умар (рз.)нинг айтишларича, Расулуллоҳ (сав): “Бирортангиз қуёш чиқаётган ва ботаётган пайтда намоз ўқиманглар!” – деб айтган эканлар (яна қ. 582).(Абу Ҳанифа (рх)га кўра, қуёш ботишидан олдин асрни бошлангандан кейин, тугатмай туриб қуёш ботса асрни охиригача етказиб ўқиш жоиз. Аммо бомдод намозини тугатмай туриб қуёш чиқиб қолса намоз бузилади (“Ҳидоя”).)*

586-ҳадис

Абу Саид Худрийнинг айтишларича, Расулуллоҳ (сав): “Тонг отгандан кейин қуёш чиқиб бўлгунча ҳам, асрдан кейин қуёш ботиб бўлгунча ҳам намоз ўқилмайди”, — деб айтган эканлар (яна қ. 1188, 1197).

587-ҳадис

Ҳумрон ибн Абон қуйидаги ҳадисни ривоят қиладила: “Муовия бир кун: “Сизлар ўқиётган намозни Расулуллоҳ (сав) билан бирга юриб ҳам бирор марта ўқиганларини кўрмаганмиз, у киши асрдан кейин икки ракъат намоз ўқишни ман қилган эдилар”, — деб айтдилар” (яна қ. 3766).

588-ҳадис

Ҳафз ибн Осим Абу Ҳурайрадан нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) тонг отгандан кейин қуёш чиққунча ва асрдан кейин қуёш ботгунча намозўқишдан қайтарганлар”.

33-боб

Аср ва тонг отгандан кейинги намозлардан бошқасини ман қилмаган киши хусусида

589-ҳадис

Ибн Умар (рз.): “Мен биродарларим қандай намоз ўқиётганларини кўрган бўлсам, шундоқ намоз ўқийман. Мен бирор кишининг кечаси ва кундузи, истаган пайтда намоз ўқимоғига қарши эмасман, қуёш чиқаётган ва қуёш ботаётган пайтда ўқимаса, бас”, — дейдилар (яна қ. 582).

53 марта ўқилди