Кун оққанда пешин ўқиш ҳақидаги ҳадисдан

кун оққанда пешин ўқиш

11-боб

Кун оққанда пешин ўқиш ҳақида

Жобир (рз.): “Набий (сав) кун оғган пайтда намоз ўқир эдилар”, — дейдилар.

540-ҳадис

Анас ибн Молик (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) кун оққанда чиқиб, пешин ўқидилар. Сўнг минбарга чиқиб, қиёмат ҳақида ва ўша куни бўладиган буюк ишлар тўғрисида эслаб, сўзладилар. Кейин: “Кимки бирор нарса тўғрисида сўрамоқчи бўлса, сўрасин кўзим очиқлигида илгари мен сизларга айтиб бермаган нарсалар хусусида сўраб қолинглар!” – дедилар. Шунда одамлар йиғидан ўзларини тия олмадилар, Жаноб Расулуллоҳ бўлсалар, нуқул: “Сўраб қолинглар!” – дер эдилар.

Иттифоқо, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий ўрнидан туриб: “Менинг отам ким?” – деди. Жаноб Расулуллоҳ: “Отанг Ҳузофадир”, дедилар, кейин: “Яна сўранглар!” – деб такрорлавердилар. Шунда Умар тиз чўкиб туриб: “Биз Аллоҳни раббимиз деб, Муҳаммадни пайғамбаримиз деб тан олдик”, — деди-да, жим қолди. Жаноб Расулуллоҳ: “Ҳозиргина менга мана шу девор томонда жаннат билан дўзах кўрсатилди, мен бунчалик яхшилик ва ёмонликни кўрмаган эдим”, — дедилар” (яна қ. 93).

541-ҳадис

Абу Барза (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав) бомдодни ҳар биримиз ёнимиздаги намозхонни танийдиган даражада тун ёришганда ўқир эдилар ва олтмишдан юзтагача оят тиловат қилар эдилар. Пешинни кун оққанда, асрни эса, бирортамиз шаҳарнинг чеккасига бориб қайтганимизда ҳам куннинг тафти ҳали ўлмаган пайтда ўқир эдилар”.
Шуъба (рз.) ривоят қиладилар: “Абу Барза шом ҳақида нима деганини билмайман, ёдимдан чиқибди, лекин у “Жаноб Расулуллоҳ хуфтонни тунни учдан бир қисмини ўтказиб ўқийверар эдилар”, — деганди, кейин яна: “Тун ярим бўлганда”, — деб қўшиб ҳам қўйганди”.

542-ҳадис

Анас ибн Молик: “Жазирама иссуқ кунлари Расулуллоҳ (сав)га иқтидо қилиб пешин ўқисак, пешонамиз ер тафтидан куйиб қолишидан қўрқиб, кийимимизга сажда қилар эдик”, — дейдилар.

12-боб

Пешинни асрга кечиктириб ўқиш ҳақида

543-ҳадис

Ибн Аббос (рз.) ривоятига кўра, Расулуллоҳ (сав) Мадина шаҳрида пешинни асрга, шомни хуфтонга қўшиб ўқиганлар. Айюб: “Балки бу иссиқ кунларда рўй бергандур”, деганида Ибн Аббос “Балким” деган.

13-боб

Аср вақти тўғрисида

Абу Усома (рз.) Ҳишомдан нақл қилиб: “Жаноб Расулуллоҳ аср ўқиганларида Ойша онамизнинг ҳужраларидан қуёш ҳали чиқиб кетмаган эди”, — дейдилар.

544-ҳадис

Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) асрни қуёш ҳали ҳужрамдан чиқиб кетмай туриб, ўқир эдилар”, — дедилар.

545-ҳадис

Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) қуёш ҳали ҳужрамдан чиқиб кетмай туриб ва ҳужрамга соя тушмай туриб, аср ўқидилар”, — дедилар.

64 марта ўқилди