Намозни ўз вақтида ўқишни фазилати, ҳақидаги ҳадис

намозни ўз вақтида ўқишни

5-боб

Намозни ўз вақтида ўқишни фазилати

527-ҳадис

Абу Умар ва Шайбоний (рз.) ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ (рз.) Набий (сав)дан: “Бандаларнинг қайси амали Аллоҳ таолога хуш келади?” – деб сўради. Расулуллоҳ (сав): “Ўз вақтида ўқилган намоз”, — дедилар. Абдуллоҳ: “Ундан кейин-чи?” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Ота-онага итоатли бўлмоқлик”, — дедилар. “Яна қайси?” – деди Абдуллоҳ. “Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилмоқлик”, — дедилар Расулуллоҳ (сав). “Буларни менга Расулуллоҳ (сав) айтганлар, агар унга савол беришда давом этсам, яна кўп жавоб олардим”, — деганди Абдуллоҳ” (яна қ 2782, 5970,7534).

6-боб

Беш вақт намоз гуноҳларга каффоратдир

528-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) одамларга: “Бирортангиз уйингизнинг олдидан оқиб ўтадиган дарёда (ёки сойда) ҳар куни беш маҳал ювинсангиз, баданимда кир бор, деб айтасизми?” – дедилар. Одамлар: “Сира ҳам кир қолмайди”, — дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Беш вақт намозҳам шунга ўҳшаш бўлиб, Аллоҳ таоло улар туфайли гуноҳларни кечиради”, — деб айдилар”.

7-боб

Намоз вақтини бой бериш ҳақида

529-ҳадис

Ғайлон (рз.) ривоят қиладилар: “Анас (рз.): “Набий (сав) даврларидагидан кўра яхшироқ нарсани билмайман, у намоз деб аталади”, — дедилар. Кейин: “Намозни бой бермоқ билан ундан тегадиган савобни бой бериб қўймадингизми!?” – деб қўшиб қўйдилар”.

530-ҳадис

Зуҳрий (рз.) ривоят қиладилар: “Дамашқда Анас ибн Моликнинг ҳузурларига кирсам, йиғлаб ўтирган эканлар. “Нега йиғлаяпсиз?” – дедим. У киши: “Ўзим билган нарсалар ичида намоздан кўра яхшироқ нарсани билмайман, бу намоз эса бой берилмоқда”, — деб айтдилар”.

8-боб

Намозхон робби – Аллоҳ таолога муножат қилади

531-ҳадис

Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки намозўқиса, раббига муножат қилади (яъни Аллоҳ билан суҳбат қилади), шу боисдан ўнг томонига тупурмасин, аммо чап оёқ остига тупурса бўлади”, — деб айтдилар”.

Қатада (рз.): “Намозхон рўпарасига ёки олд томонига тупурмайди, аммо чап томонига ёки оёқ остига тупурса бўлади” – дейдилар.

Шуъба (рз.): “Намозхон олд томонига ҳам, ўнг томонига ҳам тупурмайди, аммо чап томонига ёки оёқ остига тупурса бўлади”, — дейдилар.

532-ҳадис

Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Набий (сав) “Қоматингизни текис тутиб сажда қилинглар, билакларингизни ит каби (ерга) ташлаб олманглар, агар тупуриш лозим бўлса, рўпарангизга ҳам, ўнг томонингизга ҳам тупурманглар, чунки сиз раббингизга муножат қиласиз (яъни, қалбингиз тили билан раббингиз билан суҳбатлашасиз)”, — деб айтдилар” (яна қ. 241).

82 марта ўқилди