Ғуслдан олдин таҳорат олмоқ, ҳадиси ҳақида

ғуслдан олдин таҳорат олмоқ

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Ғусл китоби

Аллоҳ таоло бундай дейди: “Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)! Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирор киши ҳожатхонадан (чиқиб) келса, ёхуд хотинларингиз билан суркалишган (қовушган) бўлсангиз-у, (лекин) сув топмасангиз, пок турповва таяммум қилиб, ундан юзларингиз ва қўлларингизга суртинг! Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик (пайдо) қилишни раво кўрмайди, аксинча, сизларни поклаш ва неъмат(лар)ини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, зора шукр қилсангиз” (“Моида” сураси, 6-оят).

“Эй, имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз! Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз). Борди-ю, бетоб ё сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирортангиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у, (ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир” (“Нисо” сураси, 43-оят).

1-боб

Ғуслдан олдин таҳорат олмоқ

248-ҳадис

Расулуллоҳнинг хотинлари Ойша (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав) жимоъдан кейинги ғуслни аввал қўлларини ювишдан бошлар эдилар. Кейин намозга таҳорат олгандек таҳорат олар эдилар, сўнг қўлларига сувга тиқиб ҳўллаб, сочларининг ораларига панжаларини киргизиб, ишқар эдилар. Бошларига 3 ҳовуч сув қуйгандан сўнг бутун баданларини сув қуйиб ювар эдилар” (яна қ. 262, 272).

249-ҳадис

Расулуллоҳ (сав)нинг хотинлари Маймуна (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав) намозга таҳорат олгандек таҳорат олдилар, лекин оёқларини ювмадилар (мустаҳаб қилдилар). Сўнг маний текан жойни ювиб ташладилар, кейин устиларига сув қуйиб, бутун баданларини ювдилар-да, четга чиқиб туриб, икки оёқларини ювдилар. Расулуллоҳ (сав)нинг жимоъдан кейинги ғусллари мана шудир” (яна қ. 257, 259, 260, 265, 266, 274, 276, 281).

2-боб

Эру хотиннинг бирга ғусл қилмоғи

250-ҳадис

Ойша (рз.) дедилар: “Мен ва Расулуллоҳ (сав) бир идишдан ғусл қилар эдик. Идишнинг номи фарақ (5-7 литрга яқин сув сиғадиган тоғора) деб аталар эди” (яна қ. 261, 263, 273, 299, 5956, 7339).

3-боб

Бир соъ (3-6 литр) ёки шунга яқин сув билан ғусл қилмоқ

251-ҳадис

Абу Бакр ибн Ҳафс Абу Саламанинг мана бундай деганини эшитган эканлар: “Мен ва Ойшанинг укаси иккаламиз Ойша (рз.)нинг олдиларига кирдик. Укаси Расулуллоҳ (сав)нинг қандай ғусл қилишлари тўғрисида сўради. Шунда Ойша (рз.) бир соъ сув сиғадиган идишда сув келтиришни буюрдилар. Сув келтиргач ғусл қилдилар. Сувни бошларидан қуйдилар. Улар билан бизнинг орамизда парда бор эди.

252-ҳадис

Абу Жаъфар айтадилар: “Жобир ҳузурида бир жамоа киши бор эди, улардан бири ғусл тўғрисида сўради. “Сенга бир соъ сув етади”, деди Жобир. “Менга етмайди”, — деди у. Шунда Жобир: “Сендан сочи кўпроқ, ўзи яхши кишига (Расулуллоҳ (сав)га демоқчи) ҳам кифоя қилган эди”, — деди. Кейин юпун кийинган ҳолда имоматга ўтди”.

253-ҳадис

Ибн Аббосдан: “Расулуллоҳ (сав) ва Маймуна онамиз бир идишдаги сувга ғусл қилар эдилар”. Имом Бухорий: “Ибн Аббос Маймунадан ҳадис тинглаб, бошқаларга айтиб берар эди”, — дейдилар.

4-боб

254-ҳадис

Жубайр ибн Мутъимдан: “Расулуллоҳ (сав): “Аммо мен ғусл қилсам бошимга 3 ҳовуч сув қуяман”, — деб икки қўлларига ишора қилдилар”.

255-ҳадис

Жобир ибн Абдуллоҳдан: “Расулуллоҳ (сав) ғусл қилсалар, бошларига уч ҳовуч сув қуяр эдилар” (яна қ. 252).

159 марта ўқилди