Кўпчиликни ўйлантирадиган савол бор. У — резюме қандай ёзилади, деганидир. Ишни тўғри резюме ёки ҳориж тили билан айтганда CV тайёрлашдан бошланг. Уни маълумотнома деса ҳам бўлади.
Агар резюменинг нималигини билмасангиз сизга тушунтирамиз. Резюме — бу ўзингизни қисқа тарздаги хат орқали намойиш этиш бериш, дегани. Яъни, унда сиз профессионал жиҳатларингизни, эришган ютуқларингизни, кучли тарафларингизни баён қиласиз.
Уни шундай ёзингки, кўрган одам бу ходим менга керак, десин. Лекин ундан олдин қуйидаги учта нарсани билиб олинг:
Резюме ёзиш қоидалари
Биринчи қоида. Ҳақиқатни ёзинг
Сиз унда ўзингизни кучли тарафларни ёзасиз, камчилигингизни эмас. Камчиликларни иш берувчининг ўзи сўраб олади, сиз тайёр туринг. Тўғри нарсаларни ёзинг, ёлғон қўшманг.
Иккинчи қоида. Аниқ тизим ва тартиб асосида ёзинг
Резюме узоғи билан 2 варақ бўлиши керак. Шунинг учун унга қисқа қилиб энг муҳимларини ёзиб чиқинг. Матннинг шаклига ва шрифтнинг форматига ҳам эътибор қилинг. У одамни чарчатмасин.
Учинчи қоида. Оптимист бўлинг
Ижобий ҳис-туйғуга эга бўлган одам ҳар доим ўзига муваффаққиятни тортади. Сизнинг ҳолатда бу янги ишни тортиш деганидир.
Демак, энди яхши резюме ёзишга тушамиз. Унинг учун бир нечта қадам қўйиш керак бўлади.
Уни ёзиш қадамлари
1-қадам. Резюменинг номи
Бу жойда сиз РЕЗЮМЕ деб ёзасиз ва у кимга аталган эканлигини кўрсатасиз. Масалан: Абдуллаев Аблулла Абдуллаевичнинг резюмеси. Шунда иш берувчи дарҳол билади, у кимга тегишли эканлигини.
2-қадам. Резюменинг мақсади
Ёзаётган варағингизда мақсад бўлиши шарт. Яъни, масалан резюменинг мақсади — муҳандис лавозимига номзод, деб кўрсатилиши керак.
3-қадам. Ўзингиз ҳақингиздаги маълумотлар
Бу жойда қуйидагилар бўлиши керак:
— туғилган кун;
— яшаш манзили;
— мурожаат учун телефон рақамлари;
— электрон почта;
— оилавий аҳволи.
4-қадам. Олийгоҳдаги маълумотингиз
Бу ерда сиз ўқиган олийгоҳларингизни санаб ўтасиз. Факультетларнинг номлари ва қачон кириб, қачон битирган бўлсангиз ўша саналар ҳам бўлиши шарт. Икки ва ундан ортиқ зиё масканида ўқиган бўлсангиз рўйхатнинг тепасига охирги ўқиган жойингиз кўрсатилиши лозим.
5-қадам. Иш тажрибаси (стаж)
Эътибор қилингки, энг юқорига рўйхатда охирги иш жойингиз кўрсатилади. Илк ишингиз охирида кўрсатилади. Яъни, қайси жойда неча йил ишлагансиз ва қандай лавозимда.
6-қадам. Ютуқлар саналади
Бу ерда аввалги ишларингизда қўлга киритган ютуқларни санаб чиқасиз. Масалан:
— 6 ой ичида сотувни 30% га оширдим;
— ишлаб чиқариш учун янги ғоя ёки технологияни жорий қилдим;
— ускуналарнинг сарф-харажатларини 40% га камайтирдим;
— 3та йирик янги мижоз топдим;
— ўз ташаббусим билан кредит олишга эришдим.
ва ҳоказо ютуқлар айтилади.
7-қадам. Қўшимча маълумотлар
Бу ерда сиз ўзингизнинг кучли тарафларни айтасиз. Қайси ҳориж тилларни қандай даражада билишингизни, компьютер ва дастурларни қай даражада ўзлаштирганингизни баён қиласиз. Автомобилингиз ва ҳайдовчилик гувоҳномангиз борлиги ҳам эсдан чиқмасин. Шахсий машинаси бор кишиларга барибир бошқачароқ муносабатда бўлаверишади.
Бошқа қисқа ўқув курсларида олган билимларингиз ёки ҳориждаги стажировкалар ҳам айтилади.
Мана шуларни ўзи етарли бўлади. Агар бунга қўшимча эски иш жойларингиздан ижобий ва мақтовли тавсияномаларни ола билсангиз бу ҳам ижобий таъсир кўрсатади.