Англия чемпионатининг 33-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» — «Арсенал» ўйини ниҳоясига етди. Унда 4:1 ҳисоби қайд этилиб, «шаҳарликлар»нинг ғалабаси билан якунланди. Турнинг марказий баҳси деярли чемпионлик масаласига нуқта қўйди. Учрашув шарҳи ва статистик кўрсаткичларни эътиорингизга ҳавола қиламиз.
«Манчестер Сити» — «Арсенал» ўйини ҳақида
Бу беллашувгача «Арсенал» рақибидан 5 очко олдинда эди. Тўғри, «Сити»да ўйинлар сони иккитага кам ва агар жамоа уларни ғалаба билан якунласа, Гвардиола шогирдларида АПЛ ғолиблиги учун имконият мавжуд бўлади. Лекин, иш унгача бормади ҳам. Манчестерликлар ўзаро баҳсда Лондон клубини енгиб қўя қолишди. Илқ дақиқалардан бошлаб, майдон эгалари ким аслида ким эканлигини кўрсатишди. 7-дақиқада Кевин де Брюйне жарима майдончанинг ташқарисида зарба йўллаб, ҳисобни очди. Киритилган голдан кейин «тўпчилар» тўп назоратини ўз қўлларига олишгандек бўлишди, аммо «Сити» прессингда устунлик қилди. Холанд бир неча маротаба ўз зарбалари билан Рэмсдейлни синовдан ўтказиб турди. Гюндоган ҳам майдонни жуда яхши ҳис қилиб, жамоадошларини олдинга чорлади. 45-дақиқада Стоунз иккинчи голни урди. Лекин, қанотдаги лайнсмен ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этди. ВАР текшириб чиқди ва гол инобатга олинди, 2:0. Томонлар шу ҳисобда танаффусга чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда шиддат яна ошди. Стоунз — Холанд — де Брюйнелар чиройли узатмаларни амалга ошириб, «Арсенал»ни шошириб қўйишди. 54-дақиқада яна ўша бельгиялик юлдуз тўпни марказда олиб қўйиб, олдинга ташланди. Дарров тўпни Холандга узатди ва ўзи яна очилиш учун югурди. Шундай ҳам бўлди, у очилди ва иккинчи голни уриб, дубль қайд этди. Таблода эса 3:0 ҳисоби порлаб турарди. Шундан сўнг, жамоалар бироз тинчланишди.
Лондонликлар хавфли жарима зарбаларини амалга оширишди. 86-дақиқада заҳирадан майдонга тушган Троссард тўпни «Сити» жарима майдончаси бўйлаб олиб юрди ва Диаш билан туртилиб кетди. Лекин, Холдинг бўшроқ бўлгани учун тўпни олиб қўйиб, Эдерсон дарвозасини ишғол қилди. Ҳисоб қисқарди. 90 дақиқа ниҳоясига етдди, ҳакам 5 дақиқа қўшиб берди. 90+5-дақиқада Фодендан тўпни қабул қилиб олган Холанд тўртинчи голни уриб, ўйинга нуқта қўйди, 4:1. Шу тариқа «Манчестер Сити» жуда муҳим ғалабани қўлга киритди.
Ўйиндан кейинги фикрлар ва статистик рақамлар
Бу жамоаларнинг охирга еттита белашувида «Сити» ғалаба қозонганди. 16 та охирги кетма-кет учрашувда умуман мағлубиятга учрамаган. «Этихад» стадионида 13 марта енгиб, 1 та дуранг ва 1 та мағлубиятга учраган. Ўйин қаҳрамонлари де Брюйне 2+1 кўрсаткичга ва Холанд 1+2 кўрсаткичга эга бўлишди. «Манчестер Сити» АПЛда ўзининг охирги еттита баҳсида ғалаба қозонди. Тўплар нисбати — 22:5. Бу рақибини эса кетма-кет 8 марта енгди, жами тўплар нисбати 21:4. Гвардиола Артетани охирги тўққизта ўйиннинг саккизтасида мағлубиятга учратмоқда. Холандда «Сити» билан кечган охирги 11 та ўйинда 21 (17+4) очко мавжуд. Норвегиялик ҳужумчи 33 та гол уриб, Премьер-лигада Муҳаммад Салоҳнинг рекордини янгилади. Гвардиола «Арсенал»ни 20 марта енгишга муваффақ бўлди.
«Арсенал» эса охирги 4 та ўйинда ғалаба қозона олмаяпти. 3 та дуранг ва 1 та мағлубият. Кўпчилик бу мағлубиятни «шармандалик» деб тарифлади. Аммо, Лондон клуби 2016/17 йилдан бери илк марта ўзига ЕЧЛ мусобақасида иштирок этиш имконини кафолатлаб олди.
«Манчестер Сити» — «Арсенал» ўйини тугагач Артета қуйидагиларни айтиб ўтди: «Менинг ҳафсалам пир бўлди. Бугун кучли жамоа ғолиб бўлди. Олдимизда яна 5 та ўйин турибди. Футболчиларимнинг кайфиятини кўтаришим керак. Чунки, бу мағлубият уларга ёмон таъсир кўрсатди. Мен бу мамлакатда 22 йилдан бери яшаяпман, «Сити» анча ўсди. Шу жумладан биз ҳам».
Гвардиола эса: «Тўғри, ҳозирча 2 очко орқадамиз. Аммо ҳаммаси ўз қўлимизда», деб қисқа қила қолди.
Қайднома билан танишинг
Англия чемпионати, 33-тур
Манчестер Сити — Арсенал 4:1
Голлар: де Брюйне (7), Стоунз (45), де Брюйне (54), Холанд (90+5) — Холдинг (86).
Манчестер Сити: Эдерсон, Уокер, Стоунз, Рубен Диаш, Аканджи, Гюндоган (Марез, 72), де Брюйне (Альварес, 80), Родри, Грилиш (Фоден, 87), Бернарду Силва, Холанд.
Арсенал: Рэмсдейл, Уайт, Холдинг, Габриэл, Зинченко, Джака (Жоржиньо, 60), Парти, Эдегор (Смит-Роу, 71), Сака (Нелсон, 80), Мартинелли (Троссард, 60), Габриэл Жезус (Нкетиа, 80).
Огоҳлантиришлар: Рубен Диаш (45), Грилиш (75), Парти (76), Родри (88).
«Этихад Стэдиум» стадиони.
