Австралияга кетиш йўллари

австралияга кетиш йўллари

Аввалги постларимда Австралия давлати ҳақида — у ерда ўқиш, ишлаш ва яшаш борасида кенгроқ маълумот қилиб бераман, деб ваъда бергандим. Лекин, айтиладиган гапларни 90 сонияга сиғдириб бўлмаслигини билгач, матн ёзиб тақдим қилишга қарор қилдим. Бир ўқиб кўринг, балки ичида сизга керакли нарсалар чиқиб қолар. Умуман олганда, ўзбекистонликлар учун Австралияга кетиш йўллари мавжуд ва уни амалга оширса бўлади. Демак, бошлаймиз …

Австралияга кетиш йўллари ҳақида батафсил

Аллоҳнинг инояти ва неъмати туфайли 2015 йилда Австралия давлатида бўлгандим. Визани Москва орқали олгандим. Ўшанда манга «Ҳаттоки, Австралия давлатини устидан парвоз қилинса ҳам виза олиш керак» дейишганди. Яъни, мамлакатга кириш уёқда турсин, устидан учиб ўтсангиз ҳам виза керак, деб таъкидлашган. Гарчи, қўлимда AFC ташкилотининг таклифномаси бўлган бўлса ҳам.

Мен Сидней, Брисбен ва Мельбурн шаҳарларида оз фурсат яшаб, у юртнинг сир-синоатларини имкон қадар ўргандим. Шубҳасиз, бу ўлка Европанинг мана-ман деган давлатларини ортда қолдира олади. Ҳаёт тарзи, маданияти, одамларини самимийлиги, соғлом турмуш тарзи дунёда етакчи ўринларда эканлигини билганмиз. Айниқса спортга ва бадантарбия машқларига бўлган эътибори жаҳонда биринчи ўринда туради. Тозалик, сарамжонлик ва кўнгил хотиржамлиги бўйича ҳам улар етакчидир.

Австралияга охирги 30 йил ичида одамлар қуюлиб оқиб келмоқда ва шу жойларни маскан қилиб, қолиб кетмоқда. Чунки, бунақа шарт-шароитларни бошқа жойлардан топиш амри-маҳол. Бу давлат ўзининг иқтисодий қудрати ва яшаш даражаси бўйича 200 дан ортиқ мамлакатлар орасида 3-ўринга кўтарилиб олган. Австралия жамияти жуда кенг маданиятлардан иборат ва очиқдир. Уларнинг тарихига қарайдиган бўлсангиз, доимий равишда одамларнинг иммиграция қилиб келаётганларини кўрасиз. Улар бу юртга ўз маданиятлари ҳақида айтишга ва бунга муносиб ҳисса қўшиш учун келганларига тушинасиз. Шунинг учун ҳам бу ўлкага келган одам ўзини чет эл фуқаросидек ҳис қилмайди. Тезда кўникиб кетади.

Австралияга кетиш қуйидаги омилларга кўра қизиқдир

Йилига ўртача 150 минг одам Австралияга доимий яшаш учун кўчиб келади. Агар статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, ҳар тўртинчи австралиялик фуқаро чет элда туғилган. Бу кўрсаткич борган сари ортиб бормоқда. Аҳолиси жуда ёш ҳисобланади, ўртача ёши — 37 ни ташкил қилади. Иқтисодиёти бўлса анчадан бери мўтадил ривожланишда давом этмоқда. Инглиз тилисида озгина фарқ бор, лекин у ерга борганлар тезда кўникиб кетишади.

— ижтимоий ҳимоянинг юксак даражадалиги;
— бепул медицина борлиги;
— нафақа ва пенсияларнинг юқорилиги;
— янги борганларга кўп ҳам пул кетмаслиги;
— миграцион жараёнларга узоқ вақт кетмаслиги;
— 4 йил ичида фуқароликни олиш имкони борлиги;
— соғлом турмуш тарзининг юксаклиги;
— ва ҳоказо.

Мана шу ва бошқа сабабларга кўра, минглаб одамлар кенгурулар юртига шошилади. Ойлик маошлар ҳам рақобатбардош ҳисобланди.

Ўзбекистондан Австралияга кетишнинг йўл-йўриқлари

Бу давлатга боришнинг бир нечта қонуний йўллари мавжуд. Кимга қайси бири маъқул келса ўшанисини танлаши мумкин. Ўзининг вазиятидан келиб чиққан ҳолда.

Демак:

— ўқишга кетиш орқали;
— бизнес қилиш мақсадида;
— турмуш қуриш — никоҳ визаси орқали
— профессионал иммиграция;
— инсонпарварлик дастурлари орқали
— қочоқ бўлиб кетиш.

Энг тез кетиш йўли бу — профессионал иммиграция дастури. Агар сиз бирор бир соҳани жуда яхши мутахассиси бўлсангиз ишчи виза олиш учун ариза берасиз. Шунда сизни Австралиядаги иш берувчининг ҳомийлиги шарт бўлмайди. Бу дастур мамлакатнинг ўзига ҳам қизиқ. Улар атайлаб кучли истеъдод эгаларини ўзларига жалб қилишади. Уларнинг тилида SOL деб аталади. Яъни маъноси — энг кўп талабга эга иш ўринлари деганидир.

Австралияда ишчи визалар бир неча тоифалардан иборат.

Улар:

— 189 синф остидаги доимий виза. У мустақил ариза берувчилар учун;
— 190 синф остидаги доимий виза. Штат ва ҳудуднинг қўллаб-қувватловига боғлиқ аризачилар учун;
— 489 синф остидаги муддатли виза. Штат ва ҳудуднинг қўллаб-қувватловига ёки ҳомийлик қилувчи қариндошлари бор аризачилар учун.

Ариза берувчи шахс ўзининг 18 ёшга тўлмаган фарзандларини ҳам киритиши мумкин. Бундан ташқари, 18 ёшдан ошган ва ота-онасига боғлиқ бўлган фарзандлар, турмуш ўртоқларини ҳам қўшиши мумкин. Уларга қуйидаги талаблар қўйилади:

— ёш 50 гача бўлиши керак;
— инглиз тилини билиши ва IELTS сертификати (камида 6 баллик) бўлиши шарт;
— SOL ва CSOL рўйхатига кирувчи касб эгаси бўлишлари;
— қобилиятини Австралия томонидан тсдиқлашлари керак. Яъни имтихондан ўтганлиги ҳақидаги тасдиқномаси бўлиши;
— СПИД, туберкулез касаллиги билан чалинмаган бўлиши;
— судланмаган бўлиши;
— давлат божини тўлаган бўлиши керак.

Австралияга кетиш йўлларидан бири бизнес-иммиграция

Ҳа, агар сиз иқтидорли тадбиркор ёки Австралияга пул тикишни истаётган инвестор бўлсангиз махсус дастур орқали виза олишингиз мумкин. Яъни, бу давлатга сиз нолдан пул тикасиз ёки ишлаб турган корхонага инвестиция олиб кирасиз. Шу билан бирга, давлат тоашкилотига ҳам маблағ тикишингиз мумкин. Бундай ҳолатларда ёшнинг чегараси йўқ.

Бизнес-иммиграция визасини олмоқчи бўлганларга аввалига 4 йиллик вақтинчалик 188 синф ости визаси берилади. Тўрт йил ўтгач, у 888 — доимий визага алмаштириб берилади. 132 синф ости виза эса «бизнес иқтидорлар»га берилади.

Никоҳ ҳолати бўйича иммиграция қилиш мумкин. Бунинг учун эркак ёки аёл ўша давлат фуқароси бўлиши шарт. Ёки Янги Зеландия фуқароси бўлса ҳам етарли бўлади. Инсонпарварлик дастури бўйича ҳам Австралияга кетиш мумкин. Бу тоифа иккига бўлинади. Биринчиси — қочқин бўлса, унга манзил-макон берилади. Иккинчиси — Австралиядан ташқарида ёрдамга муҳтож инсонлар учун тақдим этилади.

Энди ўқишга бориш ҳақида тўхталиб ўтамиз. Аслида унга тўхталиш ҳам шарт эмасди. Чунки, бу мамлакатда мактабда 12 йил ўқилади. Шунинг учун агар Олий ўқув юртига кирмоқчи бўлсангиз, аввал у ерда 12-синфни битириб олиш керак. Уларнинг тилида Foundation дейилади, ўшани ўқиш керак. Кейин Университетларга қўйишади.

Кўриб турганигиздек, мана шулар Австралияга кетиш йўллари ҳақидаги қисқа маълумот эди.

Батафсил: менинг Инстаграм саҳифамда

544 марта ўқилди