Испания чемпионатининг 30-туридан ўрин олган «Барселона» — «Атлетико» ўйини ниҳоясига етди. Унда 1:0 ҳисоби қайд этилиб, каталонияликларнинг ғалабаси билан якунланди. Эътиборингизга мазкур беллашув шарҳини ҳавола қиламиз.
«Барселона» — «Атлетико» ўйини ҳақида
Ла Лиганинг марказий беллашувини кўпчилик кутди. Сабаби, «Барса» чемпионлик учун олға қадам ташлаб кетаётганди. Лекин, охирги учта ўйинда Хави шогирдлари ғалаба қозона олишмаётган. Шунинг учун ҳам бу сафар 3 очко учун майдонга чиқишлари талаб қилинарди. Илк дақиқалардан бошлаб, майдон эгалари ҳужумга ташланишди. Кутилмаганда Бускетс ўз жарима майдончасида тўпни олдириб қўйди. Корреа шу заҳоти уни Гризманнга ташлади. Антуаннинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Голлик вазият эди, ўзиям.
17-дақиқада Левандовски Мадрид жамоасининг жарима майдончасига кириб келди, Савични алдаб ўтди. Кучли йўналтирган зарбасини ҳимоячилар қайтаришга муваффақ бўлишди. 35-дақиқада Карасско тўпга ўйнаб уни олиб қўйди ва Гризманнга узатди. Француз айланган ҳолатда тўхтамасдан зарба йўллади, Тер Стеген жамоасини қутқарди.
44-дақиқада ҳисоб очилди. Рафинья тўпни ўнг қанотда қабул қилиб олди ва марказга қараб узатиб берди. Торрес уни бамайлиғотир қабул қилиб, бурчакка жойлаб қўйди. «Барселона» олиднга чиқиб олди, 1:0. Биринчи бўлимга 1 дақиқа қўшиб берилди ва томонлар танаффусга чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда яна ҳаммаси бошидан бошланди. Икки жамоа ҳам навбати билан ҳужумларни уюштириб турди. 72-дақиқада Де Йонг — Левандовски — Рафинья триосининг ҳужуми гол билан тугаши керак эди, аммо Рафинья зўр имкониятни йўққа чиқарди. Орадан 1 дақиқа ўтиб эса Гризманни яхши имкониятдан фойдалана олмади. Унинг ўзи сал туриб қўпол ўйнади ва сариқ карточка олди. Мана шу карточкадан кейин ҳакам яна 8 марта сариқ карточка кўрсатди. Улар орасида Симеоне ҳам бор. Хуллас, «Барселона» номдор рақибини енгишга муваффақ бўлди.
Ўйиндан кейин
Мадриднинг «Атлектико» жамоаси Ла Лигада охирги 33 та ўйинда бирон марта ҳам пенальти тепгани йўқ. Бу улар учун рекорд кўрсаткичдир. Охирги тепилган 11 метрлик зарба 350 кун аввал бўлган. Пойтахтликлар охирги олтита ўйинда ғалаба қозонишаётганди.
«Барса» бўлса сўнгги тўққизта учрашувнинг еттитасида мағлуб бўлмаган. Каталонияликлар бош мураббийи Хави қуйидагиларни айтиб ўтди: «Биз учун 1:0 ҳисоби жуда яхши натижа ҳисобланди. Ҳар бир ўйинда шунақа ҳисоб бўлишини истаймиз. Бундан хавотир олаётганим йўқ. Биз ажойиб спорт формасиданмиз».
«Барселона» — «Атлетико» ўйини ҳақидаги тавсилотлар шулардан иборат.
Қайднома билан танишинг:
Испания чемпионати, 30-тур
Барселона — Атлетико 1:0
Гол: Ферран Торрес (44).
Барселона: тер Стеген, Кунде, Алонсо (Эрик Гарсия, 61), Араухо, Бальде, Бускетс, де Йонг (Кессиэ, 78), Гави, Рафинья (Фати, 90), Ферран Торрес (Педри, 61), Левандовски.
Атлетико: Облак, Молина, Савич, Хименес, Эрмосо (Регилон, 79), Карраско, Витцель (Мората, 59), Де Поль, Лемар (Сауль, 67), Гризманн, Корреа (Барриос, 59).
Огоҳлантиришлар: Алонсо (28), Бускетс (57), Гризманн (75), Рафинья (78), Савич (80), Хименес (81), Барриос (83), Регилон (84), Мората (86), Гави (90), Симеоне (90), Сауль (90), Грбич (90).
«Камп Ноу» стадиони
