Ҳозирги ёшлар ҳақида ажиб фактлар

ҳозирги ёшлар ҳақида

Замон ўзгармоқда, шу жумладан одамлар ҳам. Кундалик ҳаётимизга гаджетлар, смартфонлар кириб келди ва бир умрга ўрнашиб бўлди. Улар ёшларнинг онги ва бевосита ўзларига шунчалик таъсир кўрсатяптики, авваллари буни тасаввур ҳам қила олмасдик. Бугун эътиборингизга ҳозирги ёшлар ҳақида бир қатор қизиқарли бўлган фактларни ҳавола қиламиз. Зеро, шунда уларни тушуниш янаям осонлашади.

Ҳозирги ёшлар ҳақида нималарни биламиз?

Шу саволга жавоб бериш учун 3-4 йил олдин йирик ҳориж корхоналари махсус текширувлар ўтказишди. Улар ёшларни ўрганиб кўришди ва бир нечта фактларга эга бўлишди. Уладан айримларни сизга ҳам айтиб ўтмоқчимиз.

1-факт. Ҳозирги ёшлар қўллари тугмачани босган ҳолда туғилишган

Онлайн — улар учун ҳақиқий борлиқни англатмоқда. Долзарб мавзулар — улар тилида трендлар пайдо бўляпти. Онлайнда танишув, ўзи ҳақида сўзлаб бериш, нимадир сотиб олиш ёки маълумот излаш улар учун осон эканлиги кўринмоқда. Мактабдаги ҳар бир синфда замонавий технологияларни ўқитувчилардан яхшироқ тушинадиган авлод пайдо бўлмоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали кун тартибидаги керакли мавзуларни кузатиб боришяпти.

2-факт. Улар қисқа ва яққол маълумотни қабул қилишади

Уларнинг диққат эътибори тезда ўзгармоқда: бир жойга диққатни жалб қилишга ўртача 8 сония вақт сарфлашяпти. Маълумотлар қисқа-қисқа, бўлинган ҳолда «порциялаб» «ҳазм» бўлмоқда. Матн ўрнини иконкалар, смайликлар ва расмчалар тўлдирмоқда.

3-факт. Улар учун узоқ муддатли режалар йўқ

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар оқими шу қадар тез ўзгармоқдаки, бугун нима «мода» бўлган бўлса, эртага янгиси чиқяпти. Бир мавзуда собит (муқаррар) турадиган нарсанинг ўзи қолмаяпти. Бирор бир бренд ва услубга «ёпишиб» қолиш деган тушунчалар қолмаяпти.

4-факт. Бу ёшларга катталар энди ўрнак эмас

Катталар ҳозирги ёшларни ақлли, кўп нарсаларни билишади, деб ўйлашади ва улар ҳақдир. Аммо, ёшлар катталар билан бир хил ҳуқуқдамиз, деб фикрлашади. Катталар билан бир хил савиядаги муносабатда ва эркин тарзда гаплашишади. Катта авлодга «бу мумкин эмас, тамом вассалом» қабилида тарбия берилган. Бу ёшлар бўлса «нимага энди?» деб сўрашади. Баҳслашаверишади, саволларга кўмиб ташлашади.

5-факт. Ҳозирги ёшларни кумирлари — блоггерлар

Катта авлод қайсидир актер ёки актрисага, санъаткорларга, спортчи ва бошқаларга қизиқишган — уларни ўз суюклилари деб, қабул қилишган. Яъни кумирлари ўшалар бўлган. Бу ёшларни кумирлари эса — блоггерлар. Улар нима деса шуни қилишади ва ишонишади.

Яна қандай фактлар бор ҳозирги ёшларда?

Мавзуни давом эттирамиз. Яна бир муҳим жиҳат шуки, улар бу дунёда ёлғиз қолишдан қўрқишади.

6-факт. Ижтимоий муносабатсиз яшай олишмайди

Ёшларимиз доимо онлайнда — алоқада бўлишни исташади. Улар ёлғиз қолишни хоҳламайдилар ва бундан қўрқишади ҳам. Бу авлоднинг давраларида ким тезда бегоналар билан киришиб, чиқишиб кетса ўша обрўли саналади. Нима бўлса ҳам муаммосиз муносабат керак уларга.

7-факт. Доимий равишда ўз устида ишлаш — омад сари етакламайди

Бу ёшлар доимий равишда ўз устида ишлаш мувафаққият сари олиб бормайди, деб ҳисоблашади. Улар омадни осон ва тезда эришиладиган нарса, деб ўйлашади. Кўп мақола ўқисак, ОАВлари ва блоггерларни кузатсак бирдан мақсадга эришиб қоламиз, деб ишонишади. Бугунги кун билан яшашни маъқул кўришади ва келажакка пойдевор қўйишмайди.

Мана шунақа гаплар ҳозирча …

Бугунга етарли. Бу мавзуга ҳали яна тўхталамиз. Ҳозирги ёшлар ҳақида айрим маълумотлар шундан иборат. Сайтимизни кузатиб борсангиз, давомини ҳам берамиз. Чунки, бу керакли — акс ҳолда бу авлодни тушунмасдан ҳуноб бўлиб юраверасиз. Бу бизнес учун ҳам муҳимдир.

Давоми бор …

570 марта ўқилди