Тош ёки ёғочдан қилинган идишлардаги сувга таҳорат қилмоқ ҳадиси ҳақида

тош ёки ёғочдан қилинган

43-боб

Эркак кишининг ўз хотини билан бир идишдан таҳорат олишининг афзаллиги ва хотин кишининг (уйидан олинган) сув ҳукми

Умар ибн ал-Хаттоб иситилган сувга ва насроний аёл уйидан олинган сувга таҳорат қилдилар.

193-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Умардан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг замонларида хотинлар билан эркаклар (галма-галдан) бир идишда таҳорат олар эдилар”, — дейдилар.

44-боб

Жаноб Расулуллоҳ (сав) таҳорат қилган сувларини ҳушидан кетган одам устидан қуйганлари

194-ҳадис

Муҳаммад ибн ал- Мункадирга Жобир бундай деган экан: “Расулуллоҳ (сав), бетоб бўлиб ўзимни билмай ётганимда, мени кўргани келиб, таҳорат олдилар ватаҳорат сувини устимдан қуйдилар. Ўзимга келдим. Кейин: “Ё Расулуллоҳ (сав), узоқ қариндошларимдан бошқа меросхўрим йўқ, меросимни кимга қолдираман?” – дедим. Шунда мерос ояти (фароиз ояти) нозил бўлди” (яна қ. 4577, 5651, 5664, 5676, 6723, 6743, 7309).

45-боб

Тош ёки ёғочдан қилинган идишлардаги сувга таҳорат ва ғусл қилмоқ

195-ҳадис

Анас (рз.) ривоят қиладилар: “Намоз (аср) вақти бўлди. Ҳовлиси яқинлар таҳорат олгани турдилар, қолган кишилар Жаноб Расулуллоҳ ҳузурларида қолдилар. Расулуллоҳ (сав)га бир тош идишда сув келтирдилар. Идишнинг кичиклигидан унга қўл сиғмасди, қавмнинг ҳаммаси шу идишдан таҳорат олди”. Абдуллоҳ ибн Мунир: “Неча киши эдингизлар? деб Анасдан сўраганимизда, саксон нафардан ортиқ, деб айтганди”, — дейдилар.

196-ҳадис

Абу Мусо (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) сув келтиришни буюрдилар, сўнг қўллари ва юзларини ювиб, оғиз чайқадилар” (яна қ. 188).

197-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Зайддан: “Расулуллоҳ (сав) бизникига келдилар. Идишда сув олиб чиқдик. Таҳорат олдилар. Юзларини 3 марта, қўлларини 2 марта ювдилар, икки кафтларини пешоналаридан энсалари томон бир марта юргизиб, масҳ тортдилар, кейин оёқларини ювдилар” (яна қ. 185).

198-ҳадис

Ойша онамиз айтдилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) дардлари оғирлашиб қолганда, то тузалгунларича менинг уйимда ётишлари тўғрисида бошқа хотинларидан ижозат сўрадилар, хотинлар ижозат беришди. Расулуллоҳ (сав) Ибн Аббос билан яна бир киши ёрдамида оёқларини аранг босиб, менинг уйимга чиқдилар”.

Убайдуллоҳ бундай дейди: “Бу хусусда Абдуллоҳ ибн Аббосга айтувдим, у: “Ўша икки кишидан бирининг ким эканлигини биласанми?” – деди. Мен: “Йўқ”, — дедим. У: “Али (рз.) эдилар” – деди. Ойша онамиз бундай дер эдилар: “Расулуллоҳ (сав) менинг уйимга кирганларидан кейин касаллари янада оғирлашди. Шунда: “Устимдан 7 та қопқоқли идишда сув қуйинглар, шоядки, одамлар олдига чиқиб васият қилсам!” – дедилар. Хотинлари Расулуллоҳ (сав)ни Ҳафсанинг мис тоғорасига ўтқаздилар. Кейин Расулуллоҳ (сав) “бўлди” деб ишора қилмагунларича устиларидан сув қуя бошладик. Кейин, “бажардингиз” деб одамлар олдига чиқддилар” (яна қ. 664, 665, 679, 683, 687, 712, 713, 716, 2588, 3099, 3384, 4442, 4445, 5714, 7303).

46-боб

Тоғорадан таҳорат олмоқ

199-ҳадис

Амр ибн Яҳё бундай ривоят қиладилар: “Амаким кўп таҳорат олар эдилар. Бир куни Абдуллоҳ ибн Зайддан: “Расулуллоҳ (сав)нинг таҳорат олаётганларини кўрганмисиз?” – деб сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Зайд сув келтирмоқларини буюрдилар. Тоғорада сув келтиришди. Кейин икки қўлларига сув қуйиб, 3 марта ювдилар, 3 марта бир ҳовучдан сув олиб, оҳиз ва бурунларини чайқадилар, 3 марта юзларини ювдилар, 2 марта қўлларини тирсаклари билан қўшиб ювдилар, кейин сув олиб, бошга масҳ тортдилар, оёқларини ювдилар. Сўнг: Расулуллоҳ (сав)нинг шундай таҳорат қилганларини кўрганман”, — дедилар” (яеа қ. 185).

200-ҳадис

Анас (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) сув келтирмоқни буюрдилар. Идишда озроқ сув келтирилди. Расулуллоҳ (сав) идишнинг оғзига панжаларини қўйдилар. Расулуллоҳ (сав)нинг панжалари орасидан силқиб тушаётган сувга 70 ёки 80 нафар одам таҳорат олди”.

316 марта ўқилди