24-боб
Пойабзалда намоз ўқиш ҳукми
386-ҳадис
Саид ибн Язид айтиб берганлар: “Анас ибн Моликдан Жаноб Расулуллоҳ (сав) пойабзал кийиб намоз ўқирдилар?” – деб сўрадим. У “Ҳа”, — деди (яна қ. 5850).(Пойабзалнинг таги қуруқ бўлса, унда намоз ўқиш мумкин, аммо таги ҳўл бўлса, нажосат текканлиги эҳтимоли бор, уни ювиш лозимдир”, — дейдилар Имом Абу Ҳанифа.)
25-боб
Маҳсида намоз ўқимоқ
387-ҳадис
Ҳамом ибн Ҳарс айтиб берганлар: “Жарир ибн Абдуллоҳни кўрдим, у киши пешоб қилдилар, кейин таҳорат олдилар, маҳсиларига масҳ тортиб, сўнг туриб намоз ўқидилар. Масҳ тортиш тўғрисида у кишидан сўралганда: Жаноб Расулуллоҳнинг шундай қилганларини кўрдим”, — дедилар. Иброҳим (рз.): “Жарир ибн Абдуллоҳнинг бу гапи қавмга жуда маъқул келди, чунки у энг кейинги саҳобалардан эди”, — дейдилар”.
388-ҳадис
Муғира ибн Шуъба айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав)га таҳорат учун сув бердим (у киши таҳорат олдилар). Маҳсиларига масҳ тортиб, кейин намоз ўқидилар” (яна қ. 182).
26-боб
Намозхон қиёмига етказиб сажда қилмаса (намози қабул бўлмайди)
389-ҳадис
Абу Воил (рз.) айтиб берганлар: “Ҳузайфа бир кишининг рукуъ ва саждани қиёмига етказиб намоз ўқиганини кўриб, у намозини тугатгач: “Намоз ўқимадинг”, — деди. Кейин, назаримда, бояги одамга: “Ўлсанг Муҳаммад (сав)нинг суннатларини бажармай ўлган бўласан”, — деди ҳам шекилли” (яна қ. 791, 808).
27-боб
Икки билакни ерга теккизмай (билаклар енгидан чиқиб кўринадиган даражада) ўзидан нарироққа сажда қилмоқ
390-ҳадис
Абдуллоҳ ибн Молик: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) намоз ўқисалар саждада қўлни ўзларидан узоқроққа ташлар эдилар, ҳатто қўлтиқларининг оппоқлиги кўринар эди”, -дейдилар. Лайс ибн Саъд эса: “Жаъфар ибн Рабиъа ҳам шу ҳадисга ўхшаш ҳадисни ривоят қилиб берган эди”, — дебдтлар (яна қ. 807, 3564).
28-боб
(Жойнамозда) оёқ панжаларини учини қиблага тўғрилашнинг афзаллиги
391-ҳадис
Анас ибн Молик айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав): “Кимки бизнинг намозни ўқиса, бизнинг қибламизни қибла қилса, биз сўйган қурбонлик гўштидан еса, у Аллоҳ ва унинг Расули ҳимоясига кўрнамаклик қилманглар!” – деганлар” (яна қ. 392, 393).
392-ҳадис
Анас ибн Молик: “Расулуллоҳ (сав) мана бундай деб айтганлар”, — дейдилар: “Одамлар “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейдиган бўлгунларича жанг қилмоққа буюрилдим. Агар улар калимаи таййибани айтса, бизнинг намозни ўқиса, қибламизни қибла билса ва сўйгандек (жонлиқни) сўйса, уларни қонини тўкмоқ ва молини олмоқ бизга ҳаромдир. Аммо бизни алдаб тилидагина мусулмон бўлса, Аллоҳнинг ўзи у билан ҳисоблашади” (яна қ. 391).