Авратни ёпувчи кийимлар баёни ҳақидаги ҳадислардан

авратни ёпувчи кийимлар

10-боб

Авратни ёпувчи кийимлар баёни

367-ҳадис

Абу Саид ал-Ҳудрийдан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) енги йўқ ва тор кийим киймоқни, тиззани қучоқлаб, олдини очиб ўтирмоқни қаттиқ қораладилар” (яна қ. 1991, 2144, 2147, 5820, 6284).

368-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) икки хил савдо-сотиқдан қайтардилар:

1) Айтганига бор-барака қилишдан (савдолашмай олишдан);
2) Бўлгани шу, деб нархини туширмай олишдан. Расулуллоҳ (сав) енги йўқ ва тор кийим киймоқдан, тиззани қучоқлаб, авратини очиб ўтирмоқдан қайтарганлар”.

369-ҳадис

“Абу Бакр (рз.) мени ўша ҳаж вақтида “Бу йилдан кейин бирорта ҳам мушрик ҳажга келмасин ва Каъбатуллоҳни ялонғоч тавоф қилмасин!” деб одамларга ҳайит куни Минода жар солиши лозим бўлган кишилар қошига жўнатдилар”, — дебдилар Абу Ҳурайра (рз.) Ҳумайд ибн Абдураҳмонга. “Ўшанда Расулуллоҳ (сав) Алига “Бароат” кечасини одамларга эълон қилишни топшириб, унинг кетидан юборган эдилар”, — дейдилар Ҳумайд. Ҳайит куни Минода биз билан бирга Ҳазрат Али “Бу йилдан кейин бирорта ҳам мушрик ҳажга келмасин ва Каъбани ялонғоч тавоф қилмасин!” – деб эълон қилдилар”, — дейдилар Абу Ҳурайра (яна қ. 1622, 3177, 4363, 4655, 4657).

11-боб

Ридосиз намоз ўқимоқ

370-ҳадис

Муҳаммад ибн Мункадирдан: “Жобир ибн Абдуллоҳнинг ҳузурларига кирдик, у киши биргина кийимда (матога) ўраниб олган ҳолда намоз ўқиётган эканлар. Ридолари эса, ерда ётибди. Намозни ўқиб бўлиб ўтирганларидан кейин: “Эй Абу Абдуллоҳ, ридойингизни ерга ташлаб қўйиб, намоз ўқияпсизми?” – дедик. “Ҳа, сизга ўхшаган жоҳилларга бир кўрсатиб қўяй дегандим-да! Мен Расулуллоҳ (сав)нинг намоз ўқиётганларини кўрганман”, — дедилар” (яна қ. 352).

12-боб

Соннинг аврат эканлиги ҳақида

Ибн Аббос ва бошқалар: “Расулуллоҳ (сав): “Сон авратдир, деганлар”, — дейдилар. Анас: “Расулуллоҳ (сав)нинг (изорларини тиззадан юқори тортиб ўтирганларида) сонлари очилиб қолди”, — дейдилар. Анас айтган ҳадис тўғрироқ, аммо Жарҳад бўлса, уламолар ўртасида ихтилоф чиқмаслиги учун ушбу ҳадисни эҳтиёткорлик билан айтган. Абу Мусо: “Усмон, Расулуллоҳ (сав)нинг тиззаларини ёпдилар”, — дейдилар. Абу Зарр: “Расулуллоҳ (сав)га, у кишининг сонлари менинг сонимни босиб турганда (кўпчиликнинг ичида тиқилишиб ўтирганда), оят нозил бўлди. Шунда у кишининг сонлари шу қадар оғирлашдики, ҳатто оёғим синиб кетади, деб қўрқдим”, — деганлар”.

371-ҳадис

Анас (рз.) қуйидаги ҳадисни айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав) ҳижрат қилдилар. Хайбар ташқарисида ғира-ширада бомдод намозини ўқидик. Кейин, Расулуллоҳ (сав) уловларини миндилар, Абу Талҳа ҳам минди, мен эса унга мингашдим. Расулуллоҳ (сав) Хайбар кўчаларида уловда кетиб бораётганларида тиззам у кишининг сонларига тегиб турар эди (кўча тор эди) ). Расулуллоҳ (сав) (улоқни ниқтамоқ учун) изорларини юқори тортдилар. Мен Расулуллоҳ (сав) сонларининг оқлигини кўрдим. Хайбарга кирган вақтларида: “Аллоҳу акбар, Хайбар хароб бўлди. Биз бирор қавм яшаётган жойга келиб тушсак, бу ҳақда хабар етказувчиларнинг ҳолига вой!” деб уч бор айтдилар. Анас: “Қавм ўз ишига чиқди”, — деди. Буни Муҳаммад (ас)га айтишди”.

Абдулазиз ровий: “Бизга ушбу ҳадисни айтиб берган баъзи кишилар: “Ўшанда аскар билан борган эдилар, дейинганди”, — дейдилар. Анас айтдилар: “Хайбарни куч билан қўлга киритдик, анчагина асир ҳам олдик. Шунда Диҳя келиб: “Ё Расулуллоҳ, аёл асирлардан бирини менга чўриликка беринг!” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Бориб биттасини олгин!” – дедилар. У Сафийя бинти Ҳуйайни олди. Бир киши Расулуллоҳга “Ё Расулуллоҳ, Диҳяга Бани Назир ва Баний Қурайза қабилаларининг саййидаси Сафийя бинти Ҳуйайни бердингиз, Сафийя фақат сизга муносибдир” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Диҳяни чақиринглар!” – дедилар. Диҳя Сафийя билан бирга келди. Жаноб Расулуллоҳ Сафийга қарагач, Диҳяга: “Асирлардан бошқа бирини олгин!” – дедилар. Кейин, Сафийяни озод қилиб унга уйландилар.

Собит: “Мен бунга ишонмайман”, — деди Анасга. Анас дедилар: “Ўзлари уни озод қилдилар, ҳатто йўлда бўлсалар ҳам, унга уйландилар. Умму Сулайм уни Расулуллоҳга тунлардан бирида ҳадя қилдилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ (сав) куёв ҳолда тонг оттирдилар. Расулуллоҳ: “Ҳар ким топганини олиб келсин!” – дедилар, кейин ерга чарм палос ёздилар. Одамларнинг бири хурмо, бири ёғ кўтариб кела бошлади. Ровий талқон ҳам олиб келганлар бўлгани ҳақида гапиришган деб ҳисоблайди. Расулуллоҳ (сав)нинг ўшанда тўйлари бўлганди”, — деб эслайдилар (яна қ. 610, 947, 2228, 2991, 3085, 4213, 5085, 6185).

384 марта ўқилди