Жамоатсиз, ёлғиз устунлар орасида намоз ўқиш

ёлғиз устунлар орасида намоз

96-боб

Жамоатсиз, ёлғиз устунлар орасида намоз ўқиш

504-ҳадис

Ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳга кирдилар. Усома ибн Зайд, Усмон ибн Талҳа ва Билол ҳам бирга эдилар.  У ерда бир оз бўлгач, қайтиб чиқдилар. Мен биринчи бўлиб ичкарига кирдим-да, “Қаерда намоз ўқидилар?” – деб Билолдан сўрадим. “Олдиндаги икки устун оралиғида”, — деб айтди” (яна қ. 397).

505-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Умар қуйидаги ҳадисни айтиб бердилар: “Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳга кирдилар. Усмон ибн Зайд, Билол ва Усмон ибн Талҳа ҳам бирга эдилар. Эшикларни ёпиб олишди. Қайтиб чиқишгач, “Расулуллоҳ (сав) нима қилдилар” – Билолдан сшрадим. “Бир устунни ўнг томонларида, иккинчи устунни чап томонларида, учинчи устунни эса орқаларида қолдириб (ўша пайтда Каъбатуллоҳда 6 та устун бўлганди) намоз ўқидилар”, — деди. “Нофеъ менга: “Икки устун ўнг томонларида бўлганди, деб айтди”, — дейдилар Исмоил (рз.) (яна қ. 397).

97-боб

Каъбада намоз ўқиш хусусида

506-ҳадис

Нофеъ (рз.) дедилар: “Абдуллоҳ ибн Умар Каъбага кирсалар, эшикни орқада қолдириб, рўпарадаги деворга 3 газ қолгунча яқин борар эдилар. Билол “Расулуллоҳ (сав)нинг намоз ўқиган жойлари” деб кўрсатган жойда намоз ўқир эдилар. Ибн Умар: “Каъба ичига киргач, истаган томонга қараб намоз ўқиса бўлаверади”, — деганлар”.

98-боб

Чўктириб қўйилган туя ҳамда дарахт ва эгарга қараб намоз ўқимоқ

507-ҳадис

Ибн Умар (рз.) қуйидаги ҳадисни айтиб берганлар: “Бир куни Убайдуллоҳ менга: “Расулуллоҳ (сав) туяларини ўзларига нисбататан кўндаланг чўктириб қўйиб, унга намоз ўқир эдилар”, — деди. “Агар туялари ўрнидан туриб кетса, нима қилар эдилар”, — дедим. Эгарини рўпараларига кўндалангига қўйиб олиб, намоз ўқий верардилар”, — деди”.
Ибн Умарнинг ўзлари ҳам шундай қилар эканлар.

99-ҳадис

Чорпояга қараб намоз ўқимоқ

508-ҳадис

Ойша онамизга кимдир: “Намозхоннинг олдидан ит, эшак ёки аёл ўтса, намози бузилади” – деганда, “Ҳали бизна ит ёки эшакка тенг қилдингларми?” – дедилар. “Мен чорпояда ётардим, — дейдилар Ойша онамиз, — Расулуллоҳ (сав) чорпоянинг қоқ ўртасига қараб намоз ўқир эдилар. Мен у кишининг қибла томонларига тўғри келиб қолганимдан хижолат тортиб, оёғимни кўрпа ичига йўғиштириб олардим” (яна қ. 382).

100-боб

Намоз ўқувчи одам олдидан ўтаётган одамни орқасига қайтаради

Ибн Умар ташаҳҳудда (Калимаи шаҳодат айтмоқда) ўтирганларида ҳам, Каъбатуллоҳда ҳам олдиларидан ўтаётган кишини қайтардилар. “Агар қайтмаса, қўлинг билан итариб қайтаргин!” – дедилар.

509-ҳадис

Абу Солиҳ ривоят қиладилар: “Жума куни мен Абу Саиднинг рўпарасига сутра (тўсиқ) қўйиб намоз ўқиётганини кўрдим (бошқа бир ҳадисда, бу воқеани Жаноб Расулуллоҳ айтиб бергандилар, дейилади). Абу Муайт қабиласига мансуб бир бола унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Абу Саид болани кўкрагидан итариб қайтарди. Бола бошқа ўтадиган жой топмасдан яна қайтиб келди. Абу Саид болани қаттиқроқ итарди. Болани жаҳли чиқиб Абу Саидни ҳақорат қилди-да, Марвон ҳузурига шикоят қилгани кириб кетди. Абу Саид ҳам унинг кетидан кирди. Марвон: “Эй, Абу Саид, жиянингиз (бу бола) билан сизнинг орангизда нима ўтди?” – деди. Абу Саид: “Расулуллоҳ (сав)нинг “Агар бирортангиз сутрага (тўсиққа) қараб намоз ўқиётганингизда бирор киши сутра билан сизнинг орангиздан ўтмоқчи бўлса, уни қайтаринглар, агар унамаса, уриб қайтаринглар, чунки у шайтондир!” – деганларини эшитганман”, — деди”.

42 марта ўқилди