Имом олдидаги тўсиқ (сутра) орқадаги намозхонларга ҳам кифоя қилади

имом олдидаги тўсиқ сутра

90-боб

Имом олдидаги тўсиқ (сутра) орқадаги намозхонларга ҳам кифоя қилади

493-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Аббос ривоат қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) Минода (қурбонлик қиладиган жойда) одамлар билан намоз ўқиётган эдилар. Мен балоғат ёшига етай деб қолгандим. Жаноб Расулуллоҳ олдиларига тўсиқ қўймай намоз ўқиётган эдилар. Тасодифан мен бир урғочи эшак миниб келиб қолдим, бир неча намозхонларнинг олдидан ўтдим-да, эшакдан тушиб, уни ўтлагани ҳайдаб юбордим, кейин ўзим намозхонлар сафига келиб турдим. Ўшанда менга ҳеч ким танбеҳ бермади” (яна қ. 76).

494-ҳадис

Ибн Умар қуйидаги ҳадисни айтдилар: “Расулуллоҳ (сав) ҳайит намози ўқигани чиқсалар, ғуломларига учи найза ҳассаларини олиб келишни буюрар эдилар. Кейин, ҳассани рўпараларига санчиб қўйиб, ўшанга қараб намоз ўқир эдилар. Одамлар эса у кишининг орқаларида (тўсиқ қўймай) намоз ўқишарди. Расулуллоҳ (сав) сафарга чиққанларида ҳам шундай қилар эдилар. Ўша сабабдан амирлар ҳам намозгоҳга чиққанларида ўзлари билан ҳасса оладиган бўлишди”.

495-ҳадис

Авн ибн Абу Жуҳайфа қуйидаги ҳадисни отамдан эшитгандим, дейдилар: “Расулуллоҳ (сав) Батҳо деган жойда рўпараларига учи найза ҳассаларини санчиб қўйиб, биз билан намоз ўқидилар. Пешинни 2 ракъат, асрни 2 ракъат ўқидилар. Олдиларидан бир аёл ва эшак ўтиб кетса ҳам парво қилмадилар” (Бу ва 493-ҳадислар ҳали сутра (тўсиқ) тўла жорий қилинмаган даврларга тегишлидир.)*

91-боб

Намозхон билан тўсиқ оралиғи қанча бўлиши лозим

496-ҳадис

Саҳл ибн Саъд нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг намоз ўқиётган жойлари билан девор орасидаги бир қўй ўтгудек масофа бор эди”.

497-ҳадис

Салама ибн Абу Каъб дедилар: “Минбар билан масжид девори оралиғи қўй ўтгудек эди”.

92-боб

Рўпарасига санчиб қўйилган найзага қараб намоз ўқимоқ

498-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг рўпараларига найза санчиб қўйишар эди, ўшанга қараб намоз ўқир эдилар”.

93-боб

Учи найза ҳассага қараб намоз ўқимоқ

499-ҳадис

Авн ибн Абу Жуҳайфа қуйидагини отам айтиб бергандилар, дедилар: “Расулуллоҳ (сав) кун қизиган пайтда бизнинг олдимизга чиқдилар, таҳорат олдилар, сўнг биз билан пешин ва аср ўқидилар. Рўпараларига учи найза ҳассаларини санчиб қўйилган бўлиб, аёллар ва эшаклар унинг нариги томонидан ўтаверарди”.

500-ҳадис

Ато ибн Абу маймуна қуйидагини Анас ибн Моликдан эшитдим, дедилар: “Расулуллоҳ (сав), агар ҳожатга чиқсалар, мен ва бир хизматкор бола найза ёки ҳасса ёхуд учи найза ҳасса (намозда рўпарага санчиб қўймоқ учун) ҳамда сув олиб, орқаларидан эргашар эдик. Ҳожатларидан бўшаганларида идишдаги сувни берар эдик”.

94-боб

Маккаи Мукарама ва бошқа жойларда намозхон олдига сутра (тўсиқ) қўйиш

501-ҳадис

Абу Жуҳайфа нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав), туш пайтида йўлга чиқиб, Батҳо деган жойда рўпараларига учи найза ҳассани сутра (тўсиқ) қилиб санчиб қўйдиларда, пешин ва асрни икки ракъатдан (суннат ва фарзини ўқидилар. Жаноб Расулуллоҳ (сав) таҳорат олганларида тушган сувни одамлар олиб, баданларига сурта бошладилар”.

95-боб

Устунга қараб намоз ўқиш

“Масжиддаги устунлар, уларга суяниб гаплашиб ўтирган бекорчилардан кўра, намозхонларга керак!” – деганлар Ҳазрат Умар. Ҳазрат Умар икки устун оралиғида намоз ўқиётган бир кишини кўриб: “Устунга яқинроқ бориб намоз ўқигин!” – дедилар.

502-ҳадис

Язид ибн Абу Убайд дедилар: “Салама ибн ал-Акваъ билан бирга (масжидга) келган эдим, (Абу Муслим) Усмон Мусҳафи ёнидаги устун олдида намоз ўқиётган экан. Мен: “Эй, Абу Муслим, сиз доим шу устун рўпарасида намоз ўқишни яхши кўрасиз-а?” – дедим. “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг доим шу устун рўпарасида намоз ўқиганларини кўрганман”, — дедилар”.

503-ҳадис

Анас (рз.) дедилар: “Расулуллоҳ (сав) саҳобаларининг киборлари мағриб томондаги устунлар томондаги устунлар тагидан жой олишга шошилаётганларини кўрдим”. Шуъба (рз.) ушбу ҳадисга “Расулуллоҳ (сав) (масжидга) чиққунларича”, — деб қўшиб қўйдилар” (яна қ. 625).

28 марта ўқилди