Масжидда кишиларнинг ухлаши тўғрисидаги ҳадисдан

масжидда кишиларнинг ухлаши

58-боб

Масжидда кишиларнинг ухлаши тўғрисида

Анас (рз.) анҳу қуйидаги ҳадисни келтирдилар: “Укл қабиласидан бир жамоа кишилар Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига келди, улар Масжидин-Набий супасида яшаб турганди. Абдураҳмон ибн Абу Бакр: “Супада яшовчи кишилар фақирлар эди”, — дейди”.

440-ҳадис

“Абдуллоҳ ибн Умар бўйдоқлик вақтларида Расулуллоҳ (сав)нинг масжидларида ётиб қолар эди”, — дейдилар Нофеъ (рз.)

441-ҳадис

Саҳл ибн Саъд нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) қизлари Фотиманинг уйига келдилар. (Куёвлари) Алини уйдан топмадилар. Шунда Фотимага: “Амакиваччанг (яъни, эринг) қаерда?” – дедилар. “Ўртамизда бир нарса ўтган эди, мендан ғазабланиб, чиқиб кетди, намоздан кейин қайлула ҳам қилгани йўқ (кундузи мизғигани ҳам йўқ)”, — деди Фотима. Шунда Расулуллоҳ ёнларидаги кишига: “Қарагинчи у қаерда экан”, — дедилар. Киши келиб : “Ё Расулуллоҳ, у масжидда ётибди”, — деди. Расулуллоҳ масжидга келдилар. Али эса масжидда ридолари елкадан тушиб кетган, елкаларига тупроқ теккан ҳолда ётган эканлар. Расулуллоҳ (сав) Алининг елкаларидаги тупроқни қоқиб туриб: “Тургин йигит, тургин тупроқ йигити” – дедилар”.* (Шундан кейин Ҳазрат Алининг лақаби “Абу туроб”, яъни “Тупроқ йигити” бўлган)

442-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қиладилар: “Аҳли супалар (масжидда ётиб юрувчилар)дан етмиш нафарини кўрдим, бирортасини ридоси йўқ, ё бир парча лунги ёки кўйлакни (кичиклигидан) бўйнига осиб олган, баъзисиники болдиргача, айримлариники тўпиққача ҳам етмайди. “Авратим кўриниб қолмасин”, — деб доим қўли билан кийимини ушлаб юради”.

59-боб

Сафардан қайтгач, ўқиладиган намоз

Каъб ибн Молик айтадилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) сафардан келсалар, энг аввало масжидга кириб намоз ўқир эдилар”.

443-ҳадис

Жобир ибн Абдуллоҳ нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига келдим, у киши масжидда эканлар. Назаримда чошгоҳ вақти эди. Шунда Мисвар: “Расулуллоҳ менга: “Сафардан қайтибсан (шукронасига) икки ракъат намоз ўқиб олгин!” – дедилар. Кейин, мендан қарзлари бор эди, қарзларимни ҳам бердилар, яна унга қўшиб ҳадя пул ҳам бердилар”, — деди” (яна қ. 1801, 2097, 2309, 3087, 6387).

60-боб

Кимки масжидга кирса, икки ракъат намоз ўқисин!

444-ҳадис

“Расулуллоҳ (сав): “Қайси бирингиз масжидга кирсангиз, икки ракъат намоз ўқимай, ўтирмангиз! – деганлар”, — дейдилар Абу Қатода (яна қ. 1163).

61-ҳадис

Масжидда таҳорат синдириш тўғрисида

445-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.) бундай дейдилар: “Расулуллоҳ (сав): “Қайси бирингиз намоз ўқисангиз, фаришталар сиз учун истиғфор айтиб турадилар, шундай экан (намоз вақтида масжидда) таҳоратингизни синдирмангиз! Фаришталар: “Бу кишининг гуноҳларини кечиргин, илоҳи, бу кишига раҳм қилгин! – деб турадилар”, — деганлар” (яна қ. 176).

104 марта ўқилди