Уйларда маҳсус намоз ўқийдиган жой (масжид) қилиб олиш, ҳадиси ҳақида

намоз ўқийдиган жой

46-боб

Уйларда маҳсус намоз ўқийдиган жой (масжид) қилиб олиш

Баро ибн Озиб ўз ҳовлисидаги масжидида жамоат билан намоз ўқиди

425-ҳадис

Маҳмуд ибн ар-Рабиъ ривоят қиладилар: “Итбон — Расулуллоҳ (сав)нинг Бадр урушида бирга қатнашган ансорий саҳобаларидандир. У Расулуллоҳ (сав)га келиб: “Ё Расулуллоҳ, кўзим хиралашиб қолди. Мен ўз қавмимнинг имомиман. Ёмғир ёғаётганда менинг уйим билан қавмим ўртасида водийда сув тўпланиб, уларнинг масжидига бориб намоз ўқиб бера олмаяпман. Ё Расулуллоҳ (сав), сиздан илтижо қиламан, меникига бориб, уйимда намоз ўқисангиз, мен ўша жойни ўзимга намозгоҳ қилиб олсам!”- деди. Расулуллоҳ (сав) унга: “Иншоаллоҳ, шундай қиламан”, — дедилар. Итбон айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) ва Абу Бакр Сиддиқ эрта билан қуёш бир оз кўтарилгач, келдилар. Расулуллоҳ (сав) киришга руҳсат сўрадилар. Уларни ҳовлига таклиф қилдим.

Расулуллоҳ (сав) уйга киргач, ўтирмасдан: “Уйингни қайси ерида намоз ўқиб беришимни истайсан?” – дедилар. Мен уйимни бир томонини Расулуллоҳга кўрсатдим. У зот ўша ерда намозга такбири таҳрима айтдилар. Биз орқаларида саф туриб, у кишига иқтидо қилдик, икки ракъат намоз ўқиб, кейин салом бердилар. Биз Расулуллоҳни, у киши учун тайёрланган “хазира” деган таомни еб кетинг, деб қўймадик. Маҳалламдагилар Расулуллоҳ (сав) келибдилар деб кетма-кет уйимга кириб келишди. Улардан бири: “Молик ибн Духайшин (ёки ибн Духшин, дея ровий иккиланган) қани?” – деди. Кимдир: “У мунофиқ, Аллоҳ ва унинг Расулини яхши кўрмайди”, -деди. Шунда Расулуллоҳ: “Ундай деманг, у Аллоҳни ризолиғини тилаб, “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ”, — деган билмайсизларми?” – дедилар.

Кимдир: “Аллоҳ ва унинг Расули яхшироқ билади”, — деди. Яна кимдир: “Биз унинг мунофиқларга ёндошаётганини, уларнинг ёнини олаётганини кўрганмиз”, — деди. Расулуллоҳ (сав): “Аллоҳнинг ризолигини истаб, “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ” – деган кишига дўзах ўтини ҳаром қилади”, — дедилар. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий: “Кейин ушбу ҳадисни ал-Ҳусайн ибн Муҳаммаддан сўрадим. У Бани Солим қабиласининг нуфузли кишиларидан бири бўлиб, мазкур ҳадисни тасдиқлади”, — дейдилар”.

47-боб

Масжид ва бошқа жойларга ўнг оёқ билан кирмоқ

Ибн Умар (масжидга) ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқар эдилар.

426-ҳадис

Ойша онамиз (рз.) айтиб берганлар: “Расулуллоҳ (сав) ҳамма ишни иложи борича ўнгидан бошлашни яхши кўрар эдилар: таҳоратни ҳам, соч тарамоқни ҳам, пойабзал киймоқни ҳам”.

48-боб

Жоҳилия (исломдан аввалги) даврдаги мушриклар қабрини кўчириб, ўрнига масжид қурса бўладими?

Расулуллоҳ (сав)нинг “Аҳли китобларга Аллоҳ лаънат юборсин! Улар ўз пайғамбарларининг қабрларини масжидларга айлантириб олдилар”, — деганларига доир ҳамда мозорларда намоз ўқишни макруҳлиги хусусида.

Ҳазрат Умар Анас ибн Моликнинг қабр олдида намоз ўқиётгани кўриб: “Ахир бу, қабр-ку, қабр-ку!” – дедилар-у, лекин намозни қайтариб ўқишни буюрмадилар.

427-ҳадис

Ойша онамиз айтиб берганлар. “Умму Ҳабиба ва умму Салама Ҳабашистонда ўзлари кўрган канисалар ва унинг ичидаги суратларни эслаб сўзлашиб ўтирдилар, сўнг булар тўғрисида Расулуллоҳ (сав)га ҳам айтдилар. Расулуллоҳ: “Улар, агар ораларида бирор тақводор киши вафот этса, унинг қабри устига масжид қуриб, ўша суратларни соладилар. Улар қиёмат куни Аллоҳ даргоҳида энг ёмон халқдир”, — дедилар” (яна қ. 434, 1311, 3873).

123 марта ўқилди