Закариё алайҳиссалом ҳақида

Закариё алайҳиссалом

Ер юзига юборилган Пайғамбарлар ҳақидаги илм рукнини давом эттирамиз. Бугунги маълумотларимиз Закариё алайҳиссалом ҳақларида бўлади. Зеро, у зот ҳақида керакли билимларни ўрганиб олиш мақсадга мувофиқдир.

Закариё алайҳиссалом ташвишлари

Қуръон Каримда номи зикр қилинган пайғамбарлардан бири. Закариё алайҳиссалом Қуръонда саккизта жойда зикр қилинган. У кишининг насаблари ҳақида Аллоҳнинг каломида бирон нарса дейилмаган. Закариё алайҳиссалом ёши улғайганда ҳам бефарзанд эдилар. Шу сабабли ўзларидан кейин «Бани Исроил» қабиласининг аҳволи не кечар экан, дея кўп ўйлардилар. Чунки, қавм шариат аҳкомларига яхши риоя қилмас, З. алайҳиссаломдан кейин уларга номақбулроқ киши сардорлик қилса, улар залолат кўчасига кириб кетишлари аниқ эди.

Қуръонда келганидек, ўзини ибодатга бағишлаган Марямга Закариё алайҳиссалом кафиллик қилганлар. У киши биби Марямнинг холаларининг эрлари эди. Закариё алайҳиссалом масжиддан Марям учун махсус жой ҳозирлаб, ҳар куни унинг ҳолидан хабар олиб турар эди. Масжидда Марямга ғойибдан турли таому шарбатлар, мевалар инъом этилаётганини сезган Закариё алайҳиссалом ундан бу нозу неъматлар қаердан келаётганини сўради.

Аллоҳнинг марҳамати

Марям буларнинг барчаси Аллоҳнинг марҳамати эканлигини айтди. Шунда, Аллоҳнинг ҳар нарсага қодир эканини билган З. алайҳиссалом Аллоҳнинг марҳаматидан умид қилиб, қариб, заиф бўлиб қолгани ва бефарзандлик доғи уни куйдираётганини арз этиб, Аллоҳдан илтижо билан фарзанд сўрадилар. Фарзанд сўрашидан асосий мақсад насл қолдириш. Ўзидан кейин қавму қариндошларини ёмон йўлга юриб кетишларидан сақлаб, улар орасида одилона ҳукм юргазадиган ўринбосар бўлишини истаган эди.

Бу ҳакда «Оли-Имрон» сураси 37-38-оятларда ва Марям сураси 2-7-оятларда баён қилинган. Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломнинг дуосини қабул этганини, Яҳё исмли фарзанд дунёга келиши башоратини малоикалар Закариё алайҳиссаломга етказадилар. У зот «ўзим қари, хотиним ёшлигидан бефарзанд бўлса, энди бу хушхабар қандай бўлар экан» деб таажжубланадилар. Шунда унга: «Бу Аллоҳнинг иродаси. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зотдир» — деган ваҳий бўлади.

У киши ундай бўлса хотини ҳомиладор бўлганлигини қандай қилиб билиши мумкинлигини Аллоҳдан сўраганида — «Хотининг ҳомиладор бўлганида сен одамларга гапира олмай, тилинг сўзга келмай қолур. Фақат ишора билангина уларга хитоб қила олурсан. Бу ҳолат 3 кун давом этур. Ана шунда билгилким аёлинг фарзандга ҳомиладор бўлган бўлур. Шу кунларда сен Аллоҳга тасбеҳ ва таҳлил айтишга машғул бўлган», — деган хитоб бўлди. Бу ҳақда Ол Имрон сураси 41-оятда баён қилинган.

«Ислом одоблари энциклопедияси» китобидаги маълумотлар асосида.

1 206 марта ўқилди