Намозхон намоз ўқиётиб елкасига қизчасини миндириб олса, ҳадисидан

намоз ўқиётиб елкасига қизчасини

106-боб

Намозхон намоз ўқиётиб елкасига қизчасини миндириб олса…

516-ҳадис

Абу Қатода нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) қизлари Зайнабнинг қизчасини (Умома исмли набираларини) бўйинларига миндириб олиб намоз ўқир эдилар. Сажда қилсалар тушириб қўяр эдилар, қиёмга турсалар кўтариб олар эдилар” (Бу-шофиъий, ҳанафий ва ҳанбалий мазҳабларида фарзда ҳам, нафлда ҳам жоиз, аммо моликий мазҳабида фақат нафл намозидагина мумкин ҳисобланади).*

107-ҳадис

Киши ҳайз кўрган аёл ётган кўрпага қараб намоз ўқиса, кароҳияти борми?

517-ҳадис

Маймуна онамиз ривоят қиладилар: “Менинг ўрин-тўшагим Расулуллоҳ (сав)нинг намоз ўқийдиган жойлари рўпарасида эди. Эҳтимол, мен ўрнимда ётганимда кийимлари менга тегиб кетгандир”.

518-ҳадис

Яна Маймуна онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (сав) намоз ўқир эдилар, мен эса ҳайз кўрган ҳолимда ёнгиналарида ухлаб ётар эдим. Саждага борсалар, кийимлари менга тегар эди” (яна қ.333).

108-боб

Киши саждага бош қўяётиб: “Менга халал беряпсан, сал йиғиштириниброқ ётгин!” – деб хотинини туртиб қўйиши мумкинми?

519-ҳадис

Умар ибн Али нақл қиладилар: “Ойша онамиз “Намозхоннинг олдидан ит, эшак ва хотин киши ўтса, намоз бузилади, деган кишиларга қарата: “Жуда ҳам ёмон ўхшатиш қилдингиз, бизни ит ва эшакка тенг қилдингиз! Расулуллоҳ (сав) намоз ўқиётганларида у кишининг қибла томонларида ёнбошлаб ётганим эсимда. Сажда қилмоқчи бўлсалар, оёғимни туртиб қўяр эдилар, мен оёғимни йиғиб олар эдим”, — дедилар.

109-боб

Аёл кишининг намозхон устидаги бирор озор бериб турган нарсани олиб ташлаши

520-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Масъуд дедилар: “Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳ ёнида намоз ўқиётган эдилар. Қурайш мушрикларидан бир тўдаси ўзларининг ҳар доимги йиғилишидиган жойларида гаплашиб ўтиришарди. Ногаҳон улардан бири: “Манавининг ибодатни кўз-кўз қилишини кўринглар! Қайси бирингиз фалончиларнинг қушхонасидан ичак-чавоқ олиб келиб, у саждага борганда, икки курагини орасига ташлай оласиз?” – деди. Шунда уларнинг энг бадбахти туриб ичак-чавоқ олиб келгани кетди. Олиб келгач, Расулуллоҳ (сав)нинг сажда қилишларини пойлаб туриб, икки кураклари ўртасига ташлади. Расулуллоҳ (сав) саждада туриб қолдилар.

Мушриклар бир-бирига қараб қотиб-қитиб кулишди. Бир киши буни пайғамбаримизнинг қизлари Фотимага бориб айтди. Қизалоқлари югуриб келганда Расулуллоҳ (сав) саждада турар эдилар. Фотима ичак-чавоқларни у кишининг елкаларидан олиб ташлади-да, мушрикларни қарғади. Расулуллоҳ (сав) намозни тугатганларидан сўнг: “Илоҳи, Қурайшни ҳалокатга учратгин!” – деб уч марта дуойи бад қилдилар. Кейин (ўйлаб тургач): “Илоҳи, Амр ибн Ҳишомни, Уқба ибн Рабиъани, Шайба ибн Рабиъани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Абу Муайтни, Умора ибн Валидни ҳалок қилгин”, — деб номма-ном айтдилар. Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳаммасини Бадр жангида ўлиб ётганини кўрдим, уларни судраб олиб бориб сувсиз қудуққа ташладилар”. “Кейин, Расулуллоҳ (сав): “Қудуққа ташланганларни охиратда лаънатлагин!” – деб Аллоҳга илтижо қилдилар”, — дейдилар Абдуллоҳ (рз.) (яна қ. 240).

256 марта ўқилди