Европа Лигаси мусобақасининг плей-офф босқич, жавоб баҳсларидан ўрин олган «Манчестер Юнайтед» — «Барселона» учрашуви ниҳоясига етди. Унда 2:1 ҳисоби қайд этилиб, майдон эгаларининг ғалабаси билан якунланди. Эътиборингизга беллашув шарҳини ҳавола этамиз.
«Манчестер Юнайтед» — «Барселона» учрашуви ҳақида
«Олд Траффорд» стадионидаги ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ жамоалар ҳужумга ташланишди. Дастлабки 15 дақиқа деярли тенгкурашлар остида кечди. 18-дақиқага келиб «Барса» ҳисобни очади. Левандовски пенальтидан гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди. «МЮ» мувозанатни тиклаш учун кўп тер тўкишига тўғри келди. Аммо, биринчи бўлимда католонияликлар кичик устунликни сақлаб қола олишди.
Иккинчи бўлимда «қизил иблислар» ўзларига келиб улгуришди. 47-дақиқада Фред майдон эгаларининг жавоб голини уришга муваффақ бўлди ва ҳисоб тенглашди. Томонлар яна ҳужумга зўр беришди. 73-дақиқада Антони «Юнайтед»нинг иккинчи голини уриб, клубини олдинга олиб чиқди. Хави шогирдлари ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, бу ҳисобни ўзгартира олишмади. Бирични ўйиндаги 2:2 ҳисоби «МЮ»ни кейинги босқичга олиб чиқди.
Статистика ва ўйиндан кейинги фикрлар
Майдон эгалари ўз уйларида ўтаётган 18 та кетма-кет ўйинда бирон марта ҳам мағлуб бўлишмади. 16 та ғалаба ва 2 та дуранг. Жами тўплар нисбати 41:9. Топ-5 лигалар орасида «МЮ»нинг заҳирадан майдонга тушган футболчилари 19 та гол уриб, ҳаммадан олдинга ўтиб олишган. Бунақа кўрсаткич бошқа ҳеч бир жамоада йўқ.
«Манчестер Юнайтед» — «Барселона» учрашуви тугагач, мезбонлар бош мураббийи Эрик тен Хаг қуйидагиларни айтиб ўтди: «Агар сиз айни пайтда Европанинг энг кучли жамоаларидан бири — «Барселона»ни юта олдингизми, демак бошқа ишни ҳам қила оласиз. «Барса» 8 очкога «Реал»ни ортда қолдирмоқда. Улар Суперкубокда ҳам Мадридни енгишди. «Реал» эса «Ливерпуль»ни нима қилганини биласиз. Шундай экан, биз қудратли жамоани енга олдик», — дейди у.
Серджи Бускетс эса, қуйидагиларни айтди: «Биринчи бўлимда яхши ўйнагандик. Ҳатто 2:0 ҳам қила олардик. Иккинчи бўлимда рақибимиз анча кучли ўйин кўрсатди. Натижада тақдиримиз уларнинг фойдасига ҳал бўлди», — дейди у.
Қайднома билан танишинг
Европа Лигаси, плей-офф босқичи
Жавоб ўйинлари
Манчестер Юнайтед — Барселона 2:1
Голлар: Фред (47), Антони (73) — Левандовски (18, пенальти)
Манчестер Юнайтед: Де Хеа, Уан-Биссака (Диогу Далот, 67), Варан, Мартинес, Шоу, Каземиро, Фред, Бруну Фернандеш, Вегорст (Антони, 46), Рэшфорд (Мактомини, 88), Санчо (Гарначо, 67).
Барселона: тер Стеген, Кунде, Кристенсен, Араухо (Алонсо, 82), Бальде, Бускетс, Кессиэ, де Йонг, Серджи Роберто (Ферран Торрес, 70), Левандовски, Рафинья (Фати, 75).
Огоҳлантиришлар: Бруну Фернандеш (60), Серджи Роберто (60), Левандовски (71), Гарначо (78), Бускетс (83), Каземиро (86).
«Олд Траффорд» стадиони
Биринчи ўйин: 2:2
