«Вест Хэм» — «Манчестер Юнайтед» 1:0

вест хэм манчестер юнайтед

Англия чемпионатининг 35-туридан ўрин олган «Вест Хэм» — «Манчестер Юнайтед» ўйини ниҳоясига етди. Унда 1:0 ҳисоби қайд этилиб, майдон эагаларининг ғалабаси билан якунланди. Учрашув шарҳи билан танишиб олишингиз мумкин.

«Вест Хэм» — «Манчестер Юнайтед» ўйини ҳақида

Бу баҳс олдидан Лондон жамоасини Чемпионшипга тушиб кетиши учун хавфли ҳудуддаги «Ноттингем Форест»дан 4 очко фарқлаб турарди. Жамоага ғалаба керак эди. «МЮ» бўлса Европа Чемпионлар лигасига илиниш учун ўзига «Ливерпуль»ни яқинлаштириб олганди. Уларга ҳам ғалаба зарур бўлган. Аммо, бу ўйинда майдон эгаларининг қўллари баланд келди. 27-дақиқада жазоирлик футболчи Бенрахма марказда жарима майдончасига етиб келди ва ўнг оёғи билан кучсизгина зарба йўллади. У тўпни Линделефдан ўтказиши керак эди. Шундай ҳам бўлди, аммо Де Хеа зарбани ушлаб қола олмади. Тўп бурчакка бориб тушди ва ҳисоб очилди. Стадион ларзага келди. «Вест Хэм» олдинга чиқиб олди.

Киритилган голдан кейин «қизил иблислар» жавоб голини уришга анча ҳаракат қилишди. Бруну ва Рэшфордлар ишончли ўйин намойиш қилишди. Антонининг бир зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. Биринчи бўлим кичик ҳисобда якун топди.

Иккинчи бўлимда ҳам томонлар олдинга ташланишди. Боуэн кучли зарба йўллаганди, тўп рикошет ҳолатида майдонни тарк этди. Агерд ва Саучеклар дуэти Де Хеани анчагина шошириб қўйишди. 52-дақиқада яна «Юнайтед» дарвозасига гол киритилди. Антонио яккакурашда Де Хеани доғда қолдирди ва гол урди. Аммо, ҳакам Бэнкс қўполлик ишлатилди деб голни инобатга олмади. Майдон эгалари бошқа пайтларда ҳам ҳушёрликни сақлаб туришди. Бунга қўшимча охирги дақиқаларда босимни яна оширишди. Ҳисоб йириклашиши мумкин эди, аммо дарвозаларга бошқа тўп киритилмади. «Вест Хэм» муҳим ғалабани қўлга киритди.

Учрашувга оид кўрсаткичлар ва фикрлар

«Манчестер Юнайтед» АПЛдаги ўйинлари тарихида учинчи марта сафарда 8 бор мағлубиятга уради. «МЮ» ўтган мавсумда ва 2015/16 йилларда ҳам сафарда шунча мағлуб бўлганди. Антирекорд такрорланди. Жамоа ўзининг охирги олтита ўйинида фақатгина 1 марта ғалаба қозона олди. У ҳам бўлса «Астон Вилла»ни 20 апрель куни енгишди.

«Вест Хэм» — «Манчестер Юнайтед» ўйини тугагач, собиқ «МЮ»чи Рио Фердинанд испаниялик Давид Де Хеа ҳақида гапириб ўтди. «У ўзи «Манчестер Юнайтед»га мос келадими? Қўпол хатолар қиляпти, унақа бўлиши керак эмас. Саволлар кўп ким жавоб беради. Фақатгина Эрик тен Хаг», — деди у.

Беллашувнинг энг яхши футболчиси деб Бруну Фернандеш топилди. Энг ёмон ўйинчи номига Де Хеа лойиқ кўрилди.

Бош мураббий Эрик тен Хаг қуйидагиларни айтиб ўтди: «Бу мағлубиятга «МЮ»нинг ўзи сабабчи. Рақиб битта имкониятни голга айлантириб кетди. Албатта жаҳлим чиқяпти. Буёғига ниҳоят етарлича вақтимиз бўлади дам олиш учун. Ўйлайманки, вазиятни ўнглай оламиз».

Қайднома билан танишинг

Англия чемпионати, 35-тур
Вест Хэм — Манчестер Юнайтед 1:0
Гол: Бенрахма (27).
Вест Хэм: Фабианьски, Керер, Огбонна, Агерд, Крессуэлл (Эмерсон, 90), Соучек, Райс, Лукас Пакета (Даунс, 90), Бенрахма (Форнальс, 87), Боуэн, Антонио (Джонсон, 90).
Манчестер Юнайтед: Де Хеа, Уан-Биссака (Диогу Далот, 87), Шоу, Линделеф, Маласиа (Фред, 88), Эриксен (Забитцер, 74), Каземиро, Бруну Фернандеш, Антони (Санчо, 74), Вегорст (Марсьяль, 57), Рэшфорд.
Огоҳлантиришлар: Маласиа (36), Уан-Биссака (64).
«Олимпийский» стадиони.

552 марта ўқилди