Тошкент шаҳри мезбонлик қилган халқаро CAFA Nation’s Cup 2023 мусобақасининг финал ўйини пойтахтимизнинг «Бунёдкор» стадионида ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон — Эрон учрашуви бўлиб ўтди. Қизиқарли кечган беллашувда 0:1 ҳисоби қайд этилиб, эронлик футболчиларнинг ғалабаси билан якунланди. Эътиборингизга ушбу ўйин шарҳини ҳавола қиламиз.
Ўзбекистон — Эрон учрашуви ҳақида
Бошидаёқ финалда ушбу икки терма жамоанинг тўқнашуви тахмин қилинганди. Азалий рақиблар бир-бирлари билан навбатдаги марта рўбарў келишлар кутилганди. Шундай ҳам бўлди. Ўзбекистон ўз гуруҳида барчани енгиб, финалга чиққан бўлса, Эрон ҳам ўз гуруҳида етакчи бўлиб бош соврин учун майдонга чиққанди.
Дастлабки дақиқаларидан бошлаб кескин курашларга бой ўйин бошланди. Ўзбекистон терма жамоаси ишончли ўйин намойиш қила бошлади. Аммо, кутилмаганда биргина узатма хато бўлиб, эронлик ҳужумчи Азмун бирга бир вазиятга чиқиб кетди. Сердар дарвозабонимизни доғда қолдириб ҳисобни очди ҳам. Аммо, россиялик ҳакамлар ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этишди ва голни инобатга олишмади. Кейин эса, Ўзбекистон терма жамоаси кетма-кет ҳужумларни ёғдира бошлади. Ўнг қанотда Остон Ўрунов, марказда Элдор Шомуродов ва чап қанотда Жалолиддин Машариповлар мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсата бошлашди. Тўғри, анча қўполликлар ҳам кўзга ташланиб турди. Шу боис ҳакамлар ўйинни тўхтатиб туришга мажбур бўлишди.
Ўзбекистон терма жамоасида иккита аниқ голлик вазият содир этилди. Биттасида Шомуродов Ўруновнинг узатмасини боши билан дарвозага йўллаганда, тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Иккинчисида Остоннинг ўзи деярли бирга-бир вазиятда ҳимоячини алдаб ўтишда тўпни олдириб қўйди. Ўз навбатида эронлик Азмунда ҳам гол уриш учун имконият бўлди. Аммо, ундан омад юз ўгирди. Томонлар биринчи бўлимни нурсиз дуранг кўринишида якунлаб олишди. Ҳатто, биринчи бўлим охирларида Эрон тўпни ўз майдончаси томонда ушлаб, олдинга интилгани ҳам йўқ.
Иккинчи бўлим тавсилотлари
Иккинчи бўлимда томонлар ҳужумга зўр беришди. Эрон икки марта кучли зарба йўллади, Юсупов яққол голларни йўқа чиқарди. Аммо. 47-дақиқада Азмун барибир ўз сўзини айтди. Бизнинг жарима майдончамизда чапдан ўнгга ҳаракатланиб, ўнг оёғи билан қаттиқ зарба йўллади ва дарвозабонимизни доғда қолдирди, 0:1. Ўйин тизгини Эрон термаси томонга ўтгандек бўлди. Кутилмаганда, 50-дақиқада Отабек Шомуродов Остон Ўруновни зўр вазиятга чиқариб юборди. Афсуски, футболчимиз вазиятни чўзворди ва голлик вазиятни йўққа чиқарди. Кейинги 5 дақиқада ҳам Ўзбекистон ҳужумларни тўхтатмади. Бир неча маротаба бурчак зарбаларини ижро этдик.
60-дақиқаларда Машарипов ва Шомуродовлар дуэти чиройли ўйин кўрсатди. 70-дақиқада Аббосбек Файзуллаев Машариповнинг ўрнига туширилди. Унинг ўзи 74-дақиқада биринчи тўпга тегинишида яхши вазият яратди. Аммо, Эрон дарвозабони зарбамизни қайтаришга муваффақ бўлди. 76-дақиқада Эшмуродовнинг боши билан берган зарбаси анча юқоридан кетди.
Орада Шомуродовнинг жуда яхши вазиятида ҳакам футболчимизни тўхтатиб қолди. Ўйиндан ташқари ҳолат деб тан олди. Қолган дақиқаларда ҳеч нарса ўзгармади. 90 дақиқада Эрон ғалабани ушлаб тура олди. Ўйинни чўзиш учун ҳар хил куракда турмайдиган қилиқларни ҳам қилишди.
Асосий бўлимларга 5 дақиқа қўшиб берилди. Қўшиб берилган дақиқаларда ҳам ҳисоб ўзгармади. Эрон кичик ҳисобда ғалаба қозониб, мусобақа бош совринига эга бўлди.
Ўзбекистон — Эрон учрашуви шу тарзда тарихда қоладиган бўлди.
CAFA Nation’s Cup 2023, финал
Ўзбекистон — Эрон 0:1
Гол: Азмун (48)
Ўзбекистон: Юсупов, Алижонов, Сайфиев, Насруллаев, Абдуллаев, Эшмуродов, Шукуров, Ҳамробеков, Машарипов, Ўрунов, Шомуродов.
