Германия чемпионатининг 10-туридан ўрин олган «Боруссия» Д — «Бавария» учрашуви ниҳоясига етди. Унда 0:4 ҳисоби қайд этилиб, мюнхенликларнинг ғалабаси билан якунланди. Бу баҳсда Харри Кейи учта гол уриб, хет-трик қайд этди.
«Боруссия» Д — «Бавария» учрашуви ҳақида
Дастлаб, 4-дақиқада Упамекано ҳисобни очди. Ўша вазиятда Лерой Сане бурчак тўпини қойилмақом тарзда узатиб берганди. Франциялик Дайо Упамекано боши билан зарбани дарвозага жойлаб қўйди. Кейин эса навбат Кейнга етиб келди.
9-дақиқада, қарши ҳужумга ўтган «Бавария» футболчилари зўр комбинацияни ижро этишди. Яна ўша Сане чап қанотдан келиб, тўпни жарима майдонига узатди. У ерда ҳозиру-нозир бўлган Харри 2 метрлардан дарвозани ишғол қилди. Ҳисоб ўзгарди, 0:2. Бу голдан сўнг Горетцка ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйиши мукин эди, лекин охирги сонияларда аниқлик етишмади. Томонлар биринчи бўлимни шу ҳисобда якунлаб олишди.
Иккинчи бўлим
Иккинчи бўлимда Дортмунд жамоаси ҳам анча яхши қаршилик кўрсатди. Айниқса, Ройсда бир неча маротаба голлик вазиятлар содир этилди. Аммо, Нойер шу куни дарвозада бехато ўйнади. Яққол голларни қайтаришга муваффақ бўлди. Сен урмасанг сенга уришади қабилида 72-дақиқада Кейн ҳисобни йириклаштирди. Коман тўпни ўзи билан олиб келиб, марказга узатди. Инглиз ҳужумчиси бу сафар ҳам Кобелни доғда қолдирди, 0:3.
Ўйин охирларига бориб, Харри жамоасининг тўртинчи, ўзининг учинчи голини «Боруссия» дарвозасига киритди. Бирга-бир вазиятда уни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмади. Англия терма жамоаси сардори хет-трик муаллифига айланди.
Шу тарзда Тухел шогирдлари принципиал рақибини йирик ҳисобда доғда қолдириб, 3 очкога эга бўлишди.
Германия чемпионати, 10-тур
Боруссия Д — Бавария 0:4
Голлар: Упамекано (4), Кейн (9), Кейн (72), Кейн (90).
Боруссия Д: Кобель, Хуммельс, Шлоттербек, Рюэрсон, Ройс, Забитцер, Брандт (Мукоко, 66), Озджан (Нмеча, 57), Вольф (Зюле, 46), Мален (Адейеми, 57), Фюллькруг (Аллер, 79).
Бавария: Нойер, Мазрауи, Упамекано (Павлович, 60), Ким Мин Чжэ, Дэвис, Горетцка, Лаймер, Коман, Сане (Мюллер, 89), Мусиала (Шупо-Мотинг, 89), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Сане (22), Хуммельс (61), Рюэрсон (74), Забитцер (76), Лаймер (85).
«Сигнал Идуна Парк» стадиони.