Семириш сабаблари

семириш

Бутун дунёда долзарб мавзуга айланган семириш муаммолари ҳақида ушбу мақолада икки оғиз маълумот бериб кетмоқчимиз.

Семириш муаммоси ҳақида

Семизлик, яъни ортиқча вазн ҳозирги замоннинг энг муҳим муаммоларидан бирига айланиб бўлди. Бу айниқса, аёллар учун жудаям катта бош оғриғидир. Нима десангиз денг, аммо эркакларнинг аксарияти келишган,

озғин аёллар билан танишишни исташади. Чунки, озғин аёллар ҳамиша кўпчиликнинг диққат марказида бўлаверишади. Лекин гап бунда эмас.

Гап шундаки, семизлик соғлиқ учун ҳам зарарлидир. Уни ўз пайтида пайқаб, олдини олмаса эртага у салбий оқибатлар билан якунланиши турган гап. Шунинг учун ҳам биз ушбу иловани қилишга ва озмоқчи бўлган одамларга тўғри йўл кўрсатиб беришга қарор қилганмиз.

Кейинги сатрларга ўтишдан аввал яна бир муҳим жиҳатни айтиб кетмоқчимиз: нотўғри танланган озиш йўллари орқали вазн вақтинчалик йўқолади. Лекин, салдан кейин ўша вазн уйқуга тортиш, анорексия, апатия ва соч тўкилиши билан яна қайтиб келади. Шунинг учун нисбатан табиийроқ услубларни танлайвериш керак.

Яхшилаб эслаб қолинг: озиш — бу қийин, сабр талаб қиладиган ва узоқ давом этадиган жараёндир. Унга ярим йил ва ундан кўпроқ муддат кетади. Тезгина ва осонгина оғриқсиз озишнинг иложи йўқ.

Озиш учун биринчи навбатда семизлик сабабини билиб олиш керак. Кейин эса, ечим изланади. Озишнинг шу кунгача маълум бўлган энг катта сабаби бу — очкўзликдир. Ҳа, кўп еб қўйиш семизликнинг асосий айбдори ҳисобланади.

Шундай экан келинг, вазндан оғриқсиз ва асоратларсиз халос бўлайлик, ақлни ишлатган ҳолда. Ушбу қўлланма мавжуд барча кўрсатмаларнинг ичидан танлаб олинган ва уларга нисбатан самаралироқ ҳисобланади.

Агар сиз уй шароитида озишни истасангиз қуйида келтириладиган оддий кўрсатмаларни бажаришингиз керак.

Семириш сабаблари

Инсонларнинг семириш сабаблари иккига бўлинади: улардан бири нотўғри турмуш тарзи ва иккинчиси ундан ҳам ёмонроқ ҳамда жиддийроқ бўлган бошқа омиллар.

Масалан, қалқонсимон безнинг фаолияти бузилса ҳам одам семиради. Ушбу қалқонсимон без гармонларни кам ишлаб чиқарса одам организмидаги «кириш — ишлатиш» энергия тизими бузилади. Натижада камгина овқат ҳам ҳазм бўлмасдан бир жойларда қолиб кетади.

Сиқилиш ҳам семиришнинг яхшигина сабаблардан бири. Масалан, психолог ҳузурига бориш ўрнига биз музлаткичга мурожаат қиламиз. Ичидагиларни олиб еймиз.

Шу жумладан жуда катта масъулият ҳам одамни семиртириб юборади. Бундан ташқари, гинекологик муаммолар семиришни келтириб чиқаради. Семириш авлоддан авлодга ўтиши мумкин.

Юқорида айтганимиздек, энг асосийси — нотўғри овқатланишдир. Фаст-фуд ва тезда тайёр бўладиган овқатлар замонавий одамнинг кун тартибида бор нарса. Кўплаб экспертлар айнан мана шундай овқатланиш тизимини семизлик сабаби деб билишади.

476 марта ўқилди