Онг ва онг ости нима?

онг ости нима

Кўпчилик онг ости ҳақида эшитган. Уни русчасига «подсознание» дейишади. У ҳақида билишсада, аммо нима қилиши ва уни қайдай ишлатишни билишмайди. Ҳамма гап шундаки, агар онг остининг кучини ва қандай бошқаришни билиб қолсак, жуда катта қудратга эга бўлган бўламиз. Аксинча, уни бошқара олмасак ҳаётимизни биз истамаган тарафга қараб олиб кетади. Бугун эътиборингизга онг ва онг ости нима эканлиги ҳақида маълумот берамиз. Уларни содда қилиб тушинтиришга ҳаракат қиламиз.

Онг ва онг ости нима ўзи?

Инсон ахборотлар оламида яшайди. Мана шу катта ҳажмдаги маълумотлар ҳар сонияда бизни қуршаб олади ва тарк этади. Ҳудди машинадан бошингизни чиқариб, шамолга дуч келганингиз сингари. Бу жараён эртадан кечгача давом этаверади. Уларнинг фақатгина бир қисмини ақлимиз билан ҳис қиламиз, англаймиз. Яъни, тахминан 10% ни аниқ ва тиниқ қабул қиламиз ҳамда тушунамиз. Қолганичи? Аксарият қисми ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади, деб ўйлаймиз. Аслида унақа эмас. Улар ҳам инсон томонидан қабул қилинади, аммо биз англаб етмаган даражага — манзилга бориб жойлашади. Ана ўша нарсанинг номини онг ости деб атаймиз.

Энди уларнинг фарқи ҳақида тўхталамиз

Онг нима? Онг — бу фикрлаш ва қарор қабул қилиш учун актив (пассив бўлмаган) бўлган жараён. Биз ўзимизга нима қилаётганимиз ҳақида тўлиқ ҳисобот берамиз ва буни онгли равишда қиламиз. Бу пайтда бош миямиз чаноғидаги ҳудудлар ишлаётган бўлади. Онгли ақл — объектив ва қийматга эга бўлади. У соғлом фикрлаш ва мантиққа таянади, кундалик ишлар ҳамда ташвишлар ҳақида қарор қабул қилади. Бу шундай ақлки, у ҳақиқатнинг аниқ жиҳатларига таянади. Онгимиз агар биз «бу ҳолат нормал, шундай бўлиши керак» деб қабул қилса, уни элакдан ўтказган ва фильтрлаган бўлади. Шундагина ўзининг маълумотлар базасига қабул қилади. Натижада биз тушунган ва англаган нарсаларимизни осонгина сўзлар билан ифодалай оламиз. Ўша маълумотни керак бўлса ўзгартира оламиз. Ўзимизни алдашимиз ёки бошқача қилиб бузворишимиз мумкин.

Онг ости нима?

Онг ости — бу ақлимизнинг шундай жойики, унда жуда катта ҳажмдаги ахборотлар қабул қилинади ва қайта ишланади. Шу вақтнинг ўзида улар фильтрланмайди ва элакдан ўтказилмайди. Бу шундай ақлимиздаги жараёнларки, унда инсон ҳеч нарсани назорат қила олмайди ва англамайди ҳам. Сизнинг иродангиз борми ва бунга рухсат берасизми ёки йўқ қараб ўтирмайди. Айнан онг остида жамиики биз кўрган, ҳис қилган ва қабул қилган маълумотлар сақланади. Онг ости ҳудуди бош мия чаноғининг пастроғида жойлашган бўлади. У бизнинг айни пайтда ишлаб турган тана аъзоимиздир. Ҳарфлардан матн тузишни, уларни ўқишни ва маъносини англашга ёрдам беради.

Қандай ишлайди ва нимага ўхшайди?

Мазкур онг остимиз доимий равишда ва танаффуссиз ишлаб туради. Дам олмасдан биз ўйлаб ҳам ўтирмайдиган бутун организмдаги жараёнларни бошқаради. Юрагимиз уриши, томирларда қон оқиши, овқат ҳазм бўлиши ва нафас олишимизгача бўлган физиологик механизмларга жавоб беради. Бизнинг ҳис-туйғуларимиз — онг остимизнинг атрофда бўлаётган жараёнларга бўлган жавобимизнинг натижасидир. Унинг доимий фаолиятини биз амалда сезмаймиз ва шундай бўлиши керак деб қабул қилганмиз. У бизнинг рефлексларимиз, одатларимиз, шахс сифатида шаклланган чизгиларимиз (характер, темперамент, вазиятларга муносабат билдиришлар) йиғиндисидир.

Онг бу компьютердаги оператив хотира каби. У чекланган ва зарурат бўлганда тезкор ҳамда долзарб вазифаларни бажариб беради. Онг ости бўлса компьютернинг винчестери (доимий хотира HDD), унда ҳамма маълумотлар сақланади. Онг ва онг ости доимо бир-бири билан муносабатда бўлади, ҳаттоки туш кўраётган пайтда ҳам. Бизнинг 90% хатти-ҳаракатларимизни онг остимиз белгилаб беради, гарчи онгимиз шу қадар кучли бўлса ҳам. Ва 10% қарорларгина юқори даражадаги онгимиз орқали қабул бўлади.

Улар зиддиятга борадими?

Кўп ҳолатларда онг ва онг ости бир-бирига зид равишда ҳаракат қилади. Уларни яраштириб қўйиш, икки томонга ҳам маъқул келадиган ечимни топиб бериш жуда қийин бўлади. Бу эса, шахсни иккига ажралишиги олиб келади. Шунинг учун инсон мукаммал бўлиши учун бу икки ақл бўлимларини ҳамоҳанг тарзда олиб юриши лозим. Онг ва онг остида бўлаётган хоҳиш ва интилишларни биргаликда иккисини ҳам рози қилиб яшаш керак. Шунда ҳаммаси тўғри бўлади ва яшаш осонлашади.

Давоми бор …

953 марта ўқилди