Ёғга ва сувга тушган ифлос нарсалар ҳукми ҳақидаги ҳадис

сувга тушган ифлос нарсалар

67-боб

Ёғга ва сувга тушган ифлос нарсалар ҳукми

Зуҳрий бу хусусда бундай деганлар: “Сувнинг таъми, ҳиди ва ранги ўзгармаса, ишлатса бўлади”. “Ўлимтикни пати сувга тушса, зарари йўқдир”, — деганлар Ҳаммод. Фил ва бошқа гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар суяги тўғрисида Зуҳрий бундай деганлар: “Ўтмиш олимларини кўпини кўрдим, шлган ҳайвонларнинг суягидан ясалган тароқ билан сочларини тарашар эди, хушбўйлик солинадиган идишлари ҳам ўша суяклардан тайёрланган эди. Улар бунинг зарари йўқ, деб билишар эдилар. Ибн Сирин ва Иброҳим: “Фил суяги билан савдо-сотиқ қилишнинг зарари йўқдир”, — дер эдилар.

235-ҳадис

Маймуна (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (сав)дан қуюқ ёғга тушиб, ўлиб қолган сичқон ҳукми тўғрисида сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ: “Сичқонни ва унинг атрофидаги ёғни олиб ташлаб, қолганини еяверингиз”, — деб жавоб қилдилар” (яна қ. 236, 5538, 5539, 5540).

236-ҳадис

Маймуна онамиз яна бундай деган эканлар: “Шу ҳадиснинг ўзини Маън сал бошқачароқ қилиб айтиб берди, кейин мен эслаб қололмайдиган даражада яна жуда кўп ҳадис ривоят қилди”.

237-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.) қуйидаги ҳадисни келтирдилар: “Расулуллоҳ (сав): “Мусулмон одам Аллоҳ йўлида қанча яраланган бўлса, қиёмат куни ўшанча жароҳати бор шаҳид қиёфасида намоён бўлиб, баданининг ранги тиғ урилганда оқиб турган қон рангида,ҳиди мушк ҳиди каби бўлади”, — деганлар (яна қ. 2803, 5533).

68-боб

Кўлмак сув тўғрисида

238-ҳадис

Абу Ҳурайра (рз.) Расулуллоҳ (сав)нинг: “Биз бу дунёда охиргилармиз, у дунёда эса, биринчилармиз”, — деганларини эшитган эканлар (яна қ. 876, 896, 2956, 3486, 6624, 6887, 7036, 7495).

239-ҳадис

Пайғамбаримиз (сав): “Бирортангиз кўлмак сувга сиймангиз, сиздан кейин биров таҳорат олади”, — деб айтганларини Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қилганлар.

69-боб

Агар намозхоннинг нопок нарса ташланса ёки ўлимтик ташланса, намози бузилмайди

Ибн Умар намоз ўқиётиб, кийимларига қон текканини кўриб қолсалар, уни ечиб ташлар эдилар-да, намозни давом эттираверардилар. Ибн ал-Мусайяб ва аш-Шаъбий: “Агар бирор киши намоз ўқиётганида кийимига қон ёки маний текканини сезиб қолса ёхуд қиблани янглиштирганини ёки таяммум қилган ҳолда сув топилиб қолса ҳам намози қайтариб ўқилмайди”, — деганлар.

240-ҳадис

Абдуллоҳ ибн Масъуддан: “Расулуллоҳ (сав) Каъбатуллоҳ ёнида намоз ўқиётган эдилар. Абу Жаҳл (ислом душмани) ва унинг шериклари ўша ерда ўтиришган эди. Ўзаро бир-бирларига: “Қайси бирингиз фалончи сўйган туянинг ичак-чавоғини келтириб, Муҳаммад (ас) сажда қилаётганда устига ташлай оласиз?” – дейишди. Шунда қавмнинг энг бадбахти ичак-чавоқни олиб келгани кетди, келтиргач, Муҳаммад (ас)нинг саждага бош қўйишларини пойлаб туриб, уни икки кураклари ўртасига ташлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Мен қараб турибман-у, ҳеч нарса қила олмасман, агар куч-қувватим бўлганда эди…дейман”, — дейдилар.

Улар қотиб-қотиб кула бошладилар. Расулуллоҳ (сав)нинг қизлари Фотима келиб, олиб ташламагунча саждадан бошларини кўтармадилар. Қизлари ичак-чавоқни елкаларидан олиб ташлагач, бошларини кўтариб: “Илоҳи, Қурайшни (қабилани) ҳалок қил!” – деб уч марта дуойи бад қилдилар. Дуойи бод қилганлари уларга оғир ботди. “Улар бу шаҳарда қилинган дуо мустажоб бўлишини билишар эди”, — дейдилар Ибн Масъуд. Расулуллоҳ (сав) бошқатдан: “Илоҳи, Абу Жаҳлни, Утба ибн Рабиъани, Шайба ибн Рабиъани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни,Уқба ибн Абу Муъитни ҳалок қилгин!” – деб номма-ном дуойи бад қилдилар. Еттинчи номни ҳам айтдилар биз эслаб қололмадик. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, Расулуллоҳ (сав) номларини санаган кишиларнинг барчаси Бадр урушида ўлдирилиб, қудуққа ташланганини батаҳқиқ кўрдим”, — дейдилар Ибн Масъуд (яна қ. 520, 2934, 3185, 3854, 3960).

200 марта ўқилди