Агар бирортангизнинг идишингизни ит яласа, етти марта ювинглар
172-ҳадис
Абу Ҳурайра (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав): “Агар бирортангизнинг идишингиздан ит ичса, етти марта ювинглар!” – деганлар”
173-ҳадис
Абу Ҳурайра (рз.)га Расулуллоҳ (сав) айтиб берган эканлар: “Бани Исроил қавмидан бир киши бир итнинг чанқоқдан тупроқ ялаётганларини кўриб, маҳсисида сув олиб итга ичирди. Аллоҳ таоло у бандани мукофатлаб, жаннатга киргизди” (яна қ. 2363, 2466, 6009).
174-ҳадис
Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Ҳамза: “Расулуллоҳ (сав) замонларида итлар масжидимизга кириб-чиқиб юрар эди, сув билан бирор жойни ювмас эдилар”, — деган эканлар.
175-ҳадис
Адий ибн Ҳотим (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав)дан ит билан ов қилмоқлик тўғрисида сўрадим. “Агар итингни ўзинг овга олиб борсанг-у ўлжани ўлдириб (тутиб) берса, еявергин, агар итинг ўзича тутиб еяётган бўлса,емагин, зеро у ўзи учун тутгандир”, — дедилар. “Ўргатган итимни ўлжага юборсам-у, ўлжа устида итим билан бошқа итни ҳам кўрсам-чи?” – дедим. Расулуллоҳ (сав): “У ўлжани емагин, чунки сен ўз итингга тасмия (Бисмиллоҳи Аллоҳи Акбар) айтгансан, бегона итга тасмия айтмагансан”, — дедилар (яна қ. 2054, 5475, 5476, 5477, 5483, 5487).
34-боб
Катта ва кичик ҳожатдан бошқаси таҳоратни синдирмайди, деб ҳисобловчилар
Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Борди-ю бетоб ё сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирортангиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёҳуд хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у (ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг” (“Нисо” сураси, 43-оят), — деган. Ато ибн Абу Рабоҳ: “Орқасидан қурт ёки пешобидан бургага ўҳшаш ҳашорат чиққан кишилар қайта таҳорат қиладилар”, — деганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ бундай деганлар: “Кимки намозда кулса, таҳоратини янгиламай намозини қайтариб ўқисин”. Ҳасан Басрий: ”Агар киши соч олдирса ёки тирноғини олса ёмаҳсисини ечса, таҳорат олиш лозим бўлмайди (оёғининг ўзини ювиб олади)” – деганлар. Абу Ҳурайра (рз.) айтадилар: “Таҳорат ел чиқмаса, синмайди”. Жобир (рз.) бундай дейдилар: “Расулуллоҳ (сав) бир ғазотда қатнашдилар. Бир кишига камон ўқи тегди. У киши қон оқиб туришига қарамай, рукуъ, сажда қилиб, намоз ўқийверди”. Ҳасан Басрий айтадилар: “Мусулмонлар жароҳатлари билан ҳам намоз ўқийверар эдилар. Товус, Муҳаммад ибн Али, Ато ибн Абу Рабоҳ ва Ҳиҳоз, Макка ва Мадина аҳли: “Қон оқса, таҳорат синмайди (Ҳанафий мазҳабида синади)”, — дейдилар. Ибн Умар юзидаги ҳуснбузарни сиқди, қон чиқди, лекин таҳоратини янгиламади. Ибн Умар ва Ҳасан Басрий: “Қон олдирган одам таҳорат янгиламайди, балки қон олинган жойини ювади, холос”, — дедилар.
176-ҳадис
Абу Ҳурайра (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Масжидда намоз кутиб турган киши, агар у ҳадас қилмаган бўлса, намозда турган ҳисобланади”, — дедилар. Шунда бир ажамий (араб эмас) киши: “Ҳадас нима?” – деди. Абу Ҳурайра: “Орқадан ел чиқмоғи”, — дедилар (яна қ. 445, 477, 647, 648, 659, 2119, 3229, 4717).
177-ҳадис
Аббод ибн Таммамнинг амакисидан: “Расулуллоҳ (сав): “Токи киши ел овозини эшитиб, ҳидини сезмагунча, намозини бузмасин!” – дедилар (яна қ. 137).
178-ҳадис
Муҳаммад ибн Ҳанафиядан: “Ҳазрат Али (рз.): “Шаҳвати кўп одам эдим. Расулуллоҳ (сав)дан сўрашга уялдим, Миқдодга: “Сен сўрагин!” – дедим”, — дебдилар. Расулуллоҳ (сав): “Маний (суюқ сув) келганда таҳорат олиш лозим”, — деб жавоб қилибдилар” (яна қ. 132).
179-ҳадис
Зайд ибн Холид Ҳазрат Усмондан: “Агар киши хотини билан алоқа қилган бўлса-ю, маний тўкилмаган бўлса, нима қилади?” – деб сўрадилар. Ҳазрат Усмон: “Намозга тахорат олгандек, таҳорат олиб, олатини ювади, Расулуллоҳ (сав)дан ҳам шундай эшитганман. Али, Зубайр, Талҳа ваАли ибн Каъбдан сўраганимда ҳам шундай дейишганди”, — деб айтдилар”.
180-ҳадис
Абу Саид Худрий (рз.)дан: “Расулуллоҳ (сав) ансорийлардан бирига одам юбордилар. Ансорий сочидан сув томиб келди. Расулуллоҳ (сав): “Биз сизни шошириб қўйибмиз-да (жимоъ қилиб улгурмабсиз)?!” – дедилар. Ансорий: “Ҳа, Расулуллоҳ (сав)”, — деди. Агар шошиб қолсангиз (охирига етмасангиз) ёки маний тўкмасангиз, таҳорат олсангиз басдир” – дедилар”.