Таяммум китоби ҳақидаги ҳадислардан

таяммум китоби

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Таяммум китоби

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб юз ва қўлларингизга суртинг” (“Нисо” сураси, 43-оят) – дейди (ҳанафия уламолари: “Агар таяммум қилувчи киши тақир тошга шаполоғини уриб, юзига ишқаса ва яна уриб қўлларига ишқаса, кифоя”, — дейишади).

334-ҳадис

Жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг хотинлари Ойша онамиздан: “Расулуллоҳ (сав) билан бирга бир сафарга (ҳижрий 6-йил) чиқдик. Байдо ёки Зотул-Жайш деган жойга борганимизда маржоним узилибкетди. Расулуллоҳ (сав) уни қидира бошладилар. Одамлар ҳам тўхташди. Тўхтаган жойларида сув йўқ эди. Шунда одамлар Абу Бакр Сиддиққа келиб: “Кўрмайсизми Ойшанинг қилган ишини, Расулуллоҳ (сав)ни ва шунча одамни тўхтатиб қолди, ваҳоланки, одамлар суви бор жойда эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқ”, — дедилар. Абу Бакр Сиддиқ (ёнимизга) келдилар. Расулуллоҳ (сав) бошларини тиззамга қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Отам Абу Бакр Сиддиқ менга: “Расулуллоҳ (сав)ни ва одамларни тўхтатиб қолдинг, улар сув бор жойда эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқ”, — деб қаттиқ урушдилар. Аллоҳ хоҳлаганича нима десалар, дедилар ва белимга нуқий бошладилар. Расулуллоҳ бошларини тиззамга қўйиб ётганлари учун мен қимирламасликка интилар эдим. Расулуллоҳ (сав) тонг саҳарда турдилар. Атрофда сув йўқ эди, одамлар: “Таҳоратсиз қандай бомдод ўқиймиз?” – деб тортишдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Таяммум қилингиз!” – деб юқоридаги “Таяммум оятини”ни нозил қилди. Усайд ибн Ҳузайр (таажубдан): “Эй Абу Бакр авлоди, сизнинг биринчи баракотингиз эмас (яъни, бундан аввал ҳам сиз туфайли Аллоҳ таоло бизни баракотидан дариғ тутмаган)”, — дедилар. Мен минган туяни турғизган эдик, маржоним тагидан чиқди” (яна қ. 336, 3672, 3773, 4583, 4607, 4608, 5164, 5250, 5882).

335-ҳадис

Жобир ибн Абдуллоҳ Жаноб Расулуллоҳ (сав) бундай деганлар, деб айтади: “Аллоҳ таоло томонидан менга илгари пайғамбарларнинг бирортасига ҳам ато қилинмаган имтиёз берилган:

1. Душманларим қалбига (мен) бир ойлик масофада турганимдаёқ, Аллоҳ томонидан қўрқинч солиниб, ғолиб этилганман.
2. Ер юзи менга намозгоҳ қилинган ва (ер) сув йўқ бўлганда таҳорат воситаси қилингандир. Умматимнинг қайси бирига намоз вақти қаерда тўғри келиб қолса, ўша ерда ўқийверсин!
3. Ўлжалар менга ҳалол қилинган. Мендан аввалги ҳеч бир пайғамбарга ҳалол қилинмаган эди.
4. Менга шафоат қилмоқлик (қалбида заррача имони бор умматни дўзахдан олиб чиқмоқлик) ҳуқуқи берилган.
5. Илгариги ҳар бир пайғамбар фақат ўз қавмига пайғамбар қилиб юборилган эди. Мен эса (Ер юзидаги) одамларнинг ҳаммасига пайғамбар қилиб юборилдим” (яна қ. 438, 3122).

1-боб

Агар киши таҳоратга сув ҳам, таяммум қилмоққа (тоза) тупроқ ҳам топмаса, нима қилади?

336-ҳадис

Ҳишом ибн Урванинг оталаридан: “Ойша онамиз маржон шодасини опалари Асмодан омонатга олган эдилар. Шунда Расулуллоҳ (сав) қидиргани одам юбордилар, кейин у топиб келди. Шу аснода намоз вақти бўлди, одамлар атрофда ва ўзларида сув бўлмаганлигидан таҳоратсиз намоз ўқидилар. Буни кўриб, Расулуллоҳ (сав)га шикоят қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Таяммум ояти”ни нозил қилди. Усайд ибн Ҳузайр Ойша онамизга: “Аллоҳ сизга яхшилик ато этсин, Аллоҳга қасамки, сиз хушламаган нарса нозил қилингани йўқ, зеро буни Аллоҳ таоло сизни ва барча мусулмонларни деб қилди, бундан фақат яхшилик кўзланган”, — дедилар” (яна қ. 334).

2-боб

Бир жойда ўтириб қолган одам сув топмай намози қазо бўлишидан қўрқса, таяммум қилсин
Ато (рз.) ҳам бу ҳақда шу фикрни билдирганлар. “Касал киши суви бўлатуриб, уни қуйиб берадиган ёрдамчи топмаса, таяммум қилади. Бир куни Ибн Умар Журф деган жойдаги еридан келаётиб, бир қўйхона ёнига келганда аср вақти кирди. Таяммум билан аср ўқиди. Кейин Мадинага кириб келди, қуёш ботмаган эди, асрни қайтариб ўқимади”,- деганлар Ҳасан Басрий.

337-ҳадис

Ал-Аъражга Ибн Аббоснинг озод қилинган қули Умайр бундай деган экан: “Мен ва Маймуна онамизнинг озод қилинган қули Абдуллоҳ ибн Ясор Абу Жуҳайм ибн ал-Ҳарс ибн ас-Симманикига бордик. Абу Жуҳайм бизга қуйидагини айтиб берди: “Расулуллоҳ (сав) Биъру Жамал томонидан келдилар. Шунда у кишига бир одам йўлиқиб салом берди. Расулуллоҳ (сав) алик қайтармасдан деворга бориб, таяммум қилдилар, шундан сўнг у кишига алик олдилар”.

3-боб

Таяммум қилувчи киши қўлини тупроққа ургандан сўнг, пуфлаб ташлайдими?

338-ҳадис

Саид ибн Абдураҳмон Абзонинг оталари қуйидаги ҳадисни айтиб берган эканлар: “Умар ибн ал-Хаттоб ҳузурларига бир киши келиб: “Мен жимоъ қилдим-у, сув топмадим?” – деди. Шунда Аммор ибн Ёсир Умар ибн ал-Хаттобга қараб: “Эслайсизми, икковимиз сафарда эдик. Ўшанда сиз намоз ўқимадингиз, мен эса тупроққа юмалаб олиб, кейин намоз ўқидим. Буни Расулуллоҳга айтдим. Шунда Расулуллоҳ (сав) икки кафтларини ерга уриб пуфлаб ташладилар, сўнг икки икки кафтларини аввал юзларига, кейин икки қўлларига суртдилар-да: “Мана шундай қилсанг, кифоя эди”, дедилар”, — деди” (яна қ. 339, 340, 347).

263 марта ўқилди