Исро кечасида намоз қандай фарз қилинган, ҳадиси ҳақида

намоз қандай фарз қилинган

Қадрди дўстлар, эътиборингизга ватандошимиз Имом Ал-Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан лавҳалар беришда давом этамиз. Ушбу саҳифада 349-ҳадис билан танишасиз. Унда намоз қандай фарз қилинган, деган саволга жавоб топасиз.

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Намоз китоби

1-боб

Исро кечасида намоз қандай фарз қилинган?

Исро ва меърож Расулуллоҳ (сав)нинг Мадинага ҳижратлариидан бир йил аввал, Имом Нававийнинг айтишларича, Рабиул-аввал ойида бўлган эди. Абу Суфён Ҳирақлга: “Пайғамбар (ас) бизга намоз ўқишни, ҳалол ва пок бўлишни буюрдилар”, — деб айтган эканлар.

349-ҳадис

Абу Заррга Расулуллоҳ (сав) бундай деган эканлар: “Маккада эканлигимда уйимнинг шипи очилиб, Жаброил (ас) тушдилар. Кўкрагимни ёриб, ичини зам-зам суви билан ювдилар, кейин имону ҳикмат тўла тилла жом келтирдилар-да, уни кўкрагимга қуйдилар, сўнг кўкрагимни ёпдилар. Шундан кейин Жаброил (ас) қўлимдан ушлаб мени энг яқин биринчи осмонга олиб чиқдилар. Биринчи осмонга чиққанимда Жаброил (ас) осмонбонга: “Эшикни оч!” – деб айтдилар. У: “Ким бу!” – деди. “Жаброилман”, — дедилар. “Сен билан ким бор?” – деди. “Мен билан Муҳаммад (ас) бор”, — дедилар Ҳазрат Жаброил Осмонбон: “Муҳаммад (ас)нинг осмонга чиқмоғига рухсат бўлдими?” – деди. Жаброил (ас): “Ҳа”, — дедилар. Эшик очилгач, биринчи осмон ичкарисига кўтарилдик. У ерда бир киши ўтирибди.

Унинг ўнг томонига қараса, кулади, чап томонига қараса, йиғлайди. Ўша киши менга қараб: “Хуш келибсиз, пайғамбар, яхши ўғил!” – деди. “Бу киши ким?” – деб сўрадим Ҳазрат Жаброилдан. “Бу – Одам (ас) ва мана ўнг ва чап томонда турганлар Одам болаларининг руҳларидир. Булардан ўнг томондаги жаннат аҳли ва чап томондагилар дўзах аҳлидир. (Шунинг учун ҳам) Одам (ас) ўнг томонларига қараганларида куладилар, чап томонга қараганларида йиғлайдилар”, — дедилар Жаброил (ас). Кейин мени иккинчи осмонга олиб чиқиб, осмонбонга: “Оч!” – дедилар. Иккинчи осмонбон ҳам биринчи осмонбон айтган сўзларни айтди, сўнг дарвозани очди”.

Намоз қандай фарз қилинган ҳадиснинг давоми

“Абу Зарр бизга: “Расулуллоҳ (сав) осмон қаватларида Одам (ас)ни, Идрис, Мусо, Исо ва Иброҳим (сав)ларни кўрдилар”, — деб айтди. Лекин уларни қайси осмонда кўрганларини аниқ айтмадилар. Фақат Одам(ас)ни биринчи осмонда ва Иброҳим (ас)ни олтинчи осмонда кўрганларинигина зикр қилди, холос”, — дейдилар Анас (рз.) ва ҳикояни давом эттирадилар: “Ҳазрат Жаброил пайғамбаримиз (сав)ни Идрис (ас)нинг ёнларидан олиб ўтаётганларида, Идрис (ас): “Хуш келибсан, яхши пайғамбар, яхши биродар!” – дебдилар. Шунда Расулуллоҳ: “Бу ким?” – деб сўрабдилар. “Бу Идрис”, — дебдилар Ҳазрат Жаброил. Кейин, Мусо (ас)нинг ёнларидан олиб ўтибдилар, у киши: “Хуш келибсиз, яхши пайғамбар, яхши биродар!” – дебдилар. Расулуллоҳ: “Бу ким?” – дебдилар. ”Бу Мусо”, — дебдилар

Ҳазрат Жаброил. Кейин, Исо (ас)нинг ёнларидан олиб ўтибдилар. Шунда у киши: “Хуш келибсиз, яхши биродар, яхши пайғамбар!” – дебдилар. Расулуллоҳ: “Бу ким?” – деб сўрабдилар. “Бу Исо (ас)”, — дебдилар Ҳазрат Жаброил. Кейин, Иброҳим (ас)нинг ёнларидан олиб ўтибдилар. У киши: “Хуш келибсиз, яхши пайғамбар, яхши ўғил!” – дебдилар. “Бу ким?” деб сўрабдилар Жаноб Расулуллоҳ. “Бу Иброҳим (ас)”, — дебдилар Ҳазрат Жаброил”.

Ундан сўнг

Ибн Аббос ва Абу Ҳайя ал-Ансорий: “Расулуллоҳ (сав) бундай деганлар: “Кейин мени шунчалик баландга олиб чиқдики, ҳатто ўша жойда (ёзув-чизув қилаётган) қалам шарпаларини эшитдим”. Ибн Ҳазм ва Анас ибн Молик: “Расулуллоҳ (сав) мана бундай деб айтган эдилар”, — дейишади: “Аллоҳ таоло умматимга 50 вақт намоз фарз қилди, мен шуни олиб қайтдим. Мусо (ас)нинг ёнларига келганимда: “Умматингизга Аллоҳ таоло нимани фарз қилди?” – дедилар. “50 вақт намозни”, — дедим. “Қайтинг раббингиз ҳузурига, чунки умматингиз бунга чидамайди”, — дедилар Мусо (ас). Мен қайтдим, рабббим ярмини кечди. Сўнг Мусо (ас) олдиларига келиб: “Ярмини кечди”, — дедим. “Қайтинг раббингизнинг олдига, чунки умматингиз бунга ҳам тоқат қилмайди”, — дедилар Мусо (ас). Қайтдим, раббим яна ярмини кечди. Мусо (ас)нинг ёнларига қайтиб келиб, яна ярмини кечганлигини айтдим. “Қайтинг раббингизни олдига, умматингизни бунга ҳам тоқати етмайди”, — дедилар Мусо (ас). Раббим олдига қайтиб бордим.

Шунда раббим: “Беш вақт намоз фарз қилдим, лекин савоби эллик вақт намоз савобига тенгдир, эндиги сўзим қатъийдир, бошқа ўзгартирилмайди” – деди. Мусо (ас)нинг ёнларига қайтиб келдим “Қайтинг раббингиз олдига” – дедилар, “Раббимдан уяламан”, — дедим. Кейин Ҳазрат Жаброил мени Сидратул-Мунтоҳо деган жойгача олиб чиқдилар. Сидратул-Мунтаҳони турли-туман ранглар шунчалик чулғаб олганки, унинг нима эканлигини билолмадим. Кейин, жаннатга киритилдим. Унинг сўқмоқлари дурру гавҳарлар билан қопланган, тупроғи эса мушк экан” (яна қ. 1636, 3342).

Кўриб турганингиздек, намоз қандай фарз қилинган деган саволга ушбу ҳадис жавоб бермоқда.

176 марта ўқилди