Мадина, Шом ва Машриқ аҳлининг қибласи ҳақидаги ҳадис

мадина шом ва машриқ аҳлининг қибласи

29-боб

Мадина, Шом ва Машриқ аҳлининг қибласи: қибла на машриқда ва на мағрибда

394-ҳадис

Абу Айюб: “Расулуллоҳ (сав): “Қазои ҳожатга борсангиз, қиблага юзланиб ёки қиблага орқа қилиб ўтирманглар, балки машриққа ёки мағрибга қараб ўтиринглар! – деб айтганлар”, — дейдилар. Абу Айюб яна бундай дейдилар: “Шомга келдик, таҳоратхона қиблага қаратиб қурилган экан. Сал бурилиб ўтирдикда , Аллоҳга истиғфор айтдик”.

30-боб

Аллоҳ таоло: “Иброҳим мақоми”ни намозгоҳ қилиб олингиз!” (“Бақара” сураси, 125-оят) – дейди

395-ҳадис

Амр ибн Динор айтганлар: “Ибн Умардан киши Байтуллоҳни тавоф қилса-ю, Сафо ва Марва оралиғида югурмаса, хотинини жимоъ қилмоғи жоизми?” – деб сўрадик. Ибн Умар: “Расулуллоҳ (сав) келиб етти марта Каъбани тавоф қилдилар. Иброҳим мақоми орқасида икки ракъатнамоз ўқидилар, Сафо ва Марва оралиғида югурдилар. Бу борада сиз Расулуллоҳ (сав)дан яхши ибрат олмоғингиз керак”, — дедилар (яна қ. 1623, 1627, 1793).

396-ҳадис

Жобир ибн Абдуллоҳдан (шу ҳақда) сўрасак: “Сафо ва Марва ўртасини тавоф қилмагунча, хотинга яқинлашилмайди”, — дедилар” (яна қ. 1624, 1794).

397-ҳадис

Сайф (рз.) қуйидаги ҳадисни Мужоҳиддан эшитдим дедилар: “Ибн Умар ҳузурларига келиб, “Ана, Расулуллоҳ (сав) Каъбага кириб кетдилар”, — дейишди. Мен борсам, Расулуллоҳ (сав) Каъбадан чиққан эканлар, Билол эса Каъба эшиклари оралиғида турган экан. Билолдан: “Расулуллоҳ (сав) Каъба ичида намоз ўқидиларми?” – деб сўрадим. Билол: “Ҳа, кираверишдаги икки устуннинг ўнг томонида икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг туриб Каъбага қараб яна икки ракъат намоз ўқидилар”, * деди (яна қ. 468, 504, 506).

398-ҳадис

Ибн Аббос айтадилар: “Пайғамбарбар (ас) Каъбага кириб, барча туриб дуо қилдилар. Сўнг чиқиб, Каъба олдида икки ракъат намоз ўқиб, қибла — шу томон, дедилар”.

31-боб

Қаерда бўлса ҳам қиблага қараб намоз ўқимоқ керак

Абу Ҳурайра (рз.): “Расулуллоҳ (сав): “Қаерда бўлсанг ҳам, қиблага қараб такбир айтгин!” – деганлар”, -дейдилар.

399-ҳадис

Ал-Баро ибн Озиб айтадилар: “Расулуллоҳ (сав) Байтул-Мақдисга қараб 16 ёки 17 ой намоз ўқиган эдилар. Аслида Расулуллоҳ (сав) Каъбага қараб намоз ўқишни яхши кўрар эдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга “Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўряпмиз” (“Бақара” сураси, 144-оят) деган оятини нозил қилди ва: “Одамларнинг нодонлари: “Улар (мусулмонлар) илгари юзланган қиблаларидан воз кечишларига боис нима экан?” дейишади. Айтинг: “Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга бошлайди” (“Бақара” сураси, 142-оят) – деди Расулуллоҳ (сав) билан бирга бир киши намоз ўқиди, кейин у аср намозини Байтул-Мақдисга қараб ўқиётган бир ансорий қавм олдига бориб Расулуллоҳ (сав) билан бирга Каъбага қараб намоз ўқиганини айтди. Шунда қавмнинг барчаси Каъбага ўгирилди”.

400-ҳадис

Жобир (рз.)дан: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) туя миниб кетаётганларида, у қаёққа қараб кетаётган бўлса, ўша томонга қараб намоз ўқийверардилар. Лекин намоз фарзини ўқимоқчи бўлсалар, туядан тушиб, қиблага қараб ўқирдилар” (яна қ. 1094, 1099, 4140).

326 марта ўқилди