Бир ҳовуч сув билан оғиз ва бурун чайқаш ҳадиси ҳақида

бир ҳовуч сув билан

39-боб

Оёқни тўпиғигача ювмоқ

186-ҳадис

“Абдуллоҳ ибн Зайддан Амр ибн Абу Ҳасан Расулуллоҳнинг қандай таҳорат олишлари тўғрисида сўради. У: “Идишда сув келтиринглар!” – деди. Сўнг қўлига сув қўйиб, 3 марта ювди, кейин идишга қўлини тиқиб сув олди-да, 3 марта оғиз ва бурун чайқади. 3 марта юзини ювди, икки марта қўлини тирсагигача ювди. Кейин сув олиб бошига масҳ тортди, қўлини пешонасидан энсасигача, энсасидан пешонасигача бир марта юргизди-да, сўнгра оёқларини тўпиқларигача ювдилар” (яна қ. 185).

40-боб

Одамларнинг таҳорат қилинган сувни ишлатмоғини жоизлиги

Жарир ибн Абдуллоҳ мисвок (тиш тозалагич) билан оғиз тозалаганларидан кейин қолган сувни оилаларига (табаррук қилиб берганларидан кейин): “Таҳоратга ишлатинглар!” – деб буюрдилар.

187-ҳадис

Ҳаким ибн Утайбага Абу Жуҳайфа: “Расулуллоҳ (сав) бизнинг олдимизга кун қизиган вақтда чиқдилар, таҳорат суви келтирилди. Расулуллоҳ (сав) таҳорат олдилар.Одамлар Расулуллоҳ (сав)нинг таҳоратларидан тушаётган сувни табаррук қилиб баданларига сурта бошладилар. Расулуллоҳ ҳассаларини қибла томонга санчиб қўйиб, икки ракъат (қаср, яъни қисқа қилиб) пешин ва икки ракъат (бу ҳам қаср) аср намозини ўқидилар”, — деб айтди (яна қ. 376, 395, 499, 501, 633, 634, 3553, 3566, 5786, 5859).

188-ҳадис

Абу Мусо Ашъарий бундай дейдилар: “Жаноб Расулуллоҳ (сав) идишда сув олиб келишни буюрдилар, сўнг юз-қўлларини ўша сувга ювдилар ва оғизларига бир ҳўплам сув олиб, идишдаги сувга пуркадилар (табаррук қилиб бердилар), кейин Билол ва Абу Мусога: “Шу сувни ичинглар, у билан юзингиз ва кўкракларингизни ювинглар!” – дедилар” (яна қ 196, 4328).

189-ҳадис

Маҳмуд ибн ар-Рабиъ (Расулуллоҳ (сав) ёшлигида юзига сув пуркаган йигит) бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ (сав) таҳорат олсалар, одамлар баданларидан тушаётган сувни олишга талашиб, уришиб кетай дердилар” (яна қ. 77).

190-ҳадис

Соиб ибн Язид ривоят қиладилар: “Ҳолам мени Расулуллоҳ ҳузурларига олиб бориб: “Ё Расулуллоҳ,синглимнинг ўғлининг оёғи оғриб қолди”, — дедилар. Расулуллоҳ (сав) бошимни силадилар ва мени “барака топгин” деб дуо қилдилар, кейин таҳорат олдилар. Таҳоратдан тушган сувни ичдим, кейин Расулуллоҳнинг орқа томонларига ўтиб турдим, икки кураклари ўртасида олмадек келадиган Пайғамбарлик муҳрини кўрдим” (яна қ. 3540, 3541, 5670, 6352).

41-боб

Бир ҳовуч сув билан оғиз ва бурун чайқаш

191-ҳадис

Амр ибн Яҳёнинг отаси бундай ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Зайд идишдан қўлига сув қуйиб, қўлини ювди, кейин бир ҳовуч сув билан оғиз ва бурун чайқади, шу ишни 3 марта қилди, сўнг юзини ва икки қўлини тирсаги билан қўшиб 2 марта ювди. Бошига масҳ тортди. Оёғини товони билан қўшиб ювди, кейин: “ Жаноб Расулуллоҳ (сав) шундай таҳорат олардилар”, — деди” (яна қ. 185).

42-боб

Бошга бир марта масҳ тортмоқ

192-ҳадис

Амр ибн Абу Ҳасан ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг қандай таҳорат қилишларини Абдуллоҳ ибн Зайддан сўрадим. Шунда у: “Идишда сув келтиринг!” – деди. Сўнг таҳорат қила бошлади. Идишни қийшайтириб, қўлига сув қуйиб, 3 марта ювди, кейин қўлини идишга тиқиб, сув олиб, оғиз ва бурун чайқади (3 ҳовуч сув билан), сўнг сув олиб, 3 марта юзини ювди, кейин сув олиб, икки тирсаги билан қўшиб 2 марта ювди, бошига масҳ тортди (пешонасидан энсасигача, энсасидан пешонасигача қўлини юргизди). Кейин идишга қўлини тиқиб сув олиб, икки оёғини ювди”. Вуҳайб: “Ўшанда бошга бир марта масҳ тортилар”, — деб айтган (яна қ. 185).

147 марта ўқилди