Сирғалувчи ўрталик ҳақида: трейдинг илми

сирғалувчи ўрталик ҳақида

Трейдинг илми ҳақидаги чиқишларимизни давом эттирамиз. Бугунги мавзу — русчасига айтганда «скользящая средняя» ҳақида бўлади. Унинг ўзбечаси — «сирғалувчи ўрталик» деб аталади. Бу мавжуд индикаторлар орасида энг машҳури ҳисобланади. У орқали нарх-наво графиги «дазмол» қилинади. Яъни тарқалиб кетган маълумотларни бир тизимга солиб ихчамлаштириб берилади. Унга қараб бозорнинг қаерга кетаётганини аниқлаб олиш мумкин. Демак, трейдингдаги сирғалувчи ўрталик ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Сирғалувчи ўрталик ҳақида нималарни биламиз?

Тредерлик соҳасида сирғалувчи ўрталик дегани нима ўзи? У техник таҳлилда учрайдиган шундай бир чизиқку, унда савдоси бўлаётган активларнинг маълум бир муддат ичидаги ўртача нархлари кўрсатиб борилади. Инглизчасига Moving Average — MA деб аталади. Яъни, масалан Amazon корхонасининг акциялари қайсидир вақт оралиғида кўтарилади ёки тушади. Бу акция шунчалик кўп марта тепага ва пастга тушадики, энди қаерга қараб кетади, деб аниқ айтиб бўлмайди. Мана шу пайтда ўша акция графигига сирғалувчи ўрталик чизиғини туширсак ҳаммаси яққол кўринади — қолади. Одатда ҳар бир акциянинг ўсиши ёки камайиши ҳақидаги «илон изи» чизиғи кўп нарсаларни аниқ айтмайди. Буни русчасига «шум» дейишади. Ўзбекча таржима қилсак «шовқин» деган маънони англатади.

Яъни, ўша нарх-навонинг «ўйнаши» шунчаклик кўп шовқинни келтириб чиқарадики, трейдерлар акцияни харид қилишни ёки сотиб юборишни билмай қолишади. Мана шунақа пайтда сирғалувчи ўрталик ҳаммасига ойдинлик киритиб беради. Ҳудди бир ғижим кўйлакни дазмол қилиб текислагандек, олдингизда турган графикни бирор бир мантиқ устида текислаб беради. Унинг ҳар бир нуқтасида маълум бир муддатдаги нарх ҳақидаги маълумот бўлади. Ушбу муддатни сирғалувчи ўрталик вақти ёки даври (русчасига — «период») деб аташади.

Вақт ва даврийлик ҳақида

Демак, аввал вақт белгиланади. Масалан, нарх ҳар 15 дақиқада ўзгармоқда. Ёки 1 соатда, 4 соат, 1 кун, 1 ҳафта ёки 1 ойда ва ҳоказо. Кейин эса, сирғалувчи ўрталик чизиғига даврийлиги танланади. Одатда, 9, 10, 14, 20, 21, 50, 100 ёки 200 ва ҳокзазо қийматда бўлади. Бу рақамлар юқоридаги вақт оралиғига кўпайтирилади. Натижада акциянинг «сакраётган» ёки тушаётган нархлари «япония шамлари» («японские свечки») ёрдамида трейдерга тақдим этилади. Агар сирғалувчи ўрталикнинг даврийлигини масалан 14 деб ва савдо вақтини 1 соат, деб оладиган бўлсак, кўз олдимизда 14 та ҳар бири 1 соатда ўзгараётган «япония шамлари»ни кўрамиз.

Қанчалик даврийлик катта миқдорда бўлса сирғалувчи ўрталик шунчаклик силлиқроқ бўлади. Агар даврийлик кичик муддат бўлса сирғалувчи ўрталик жудаям сезувчан «илон изи» бўлиб қолади ва нархнинг ҳар бир «сакраши»га қўшилиб сакрайди. Сирғалувчи ўрталик даврийлиги шундай танланадики, бир тарафдан нархнинг тасодифий «ўйнаши» эътиборга олинмайди. Иккинчи тарафдан эса, ўша нархни муҳим ўзгаришларини қўлдан чиқармаслик керак бўлади.

Сирғалувчи ўрталик турлари ва унинг нарх билан кесишуви

Агар сирғалувчи ўрталик чизиғи нарх билан пастдан тепага ҳаракатланаётганда кесишса — бу сотиб олиш, деганни англатади. Аксинча, кесишув тепадан пастга қараб бўлса, ўша акцияни сотиб юбориш кераклигини кўрсатади.

Сирғалувчи ўрталик қуйидаги кўринишларда бўлади:

— Оддий сирғалувчи ўрталик (SMA);
— Ўлчамли сирғалувчи ўрталик (WMA);
— Экспоненциал сирғалувчи ўрталик (EMA);
— Модификацияланган (бошқа кўринишга ўтган) сирғалувчи ўрталик (MMA).

Энг кўп ишлатиладиганлари SMA (Simple Moving Average) ва EMA (Exponential Moving Average) турлари ҳисобланади. SMA билан ҳаммаси тушинарли бўлса, EMA билан сал бошқачароқдир. У охирги маълумотларга кўпроқ эътибор қаратади. Яъни, оддий сирғалувчи ўрталик маълум бир муддатнинг тенг бирликларга ажратса, экспоненциал сирғалувчи ўрталик охирги кундаги маълумотларга кўпроқ таянади. Ўз навбатида унинг натижалари нисбатан ҳақиқатга яқинроқ бўлади.

Сирғалувчи ўрталик қандай ҳисобланади?

Келинг содда қилиб тушинтирамиз. Дейлик, сизда дўкон бор, у 2022 йилнинг ҳар бир ойида ҳар хил фойда келтиради. Масалан, январь ойида сиз шу дўконингиздан 20 млн сўм соф фойда олдингиз.

Қулай бўлиши учун қуйидагича тасаввур қиламиз:

— январь 20 млн сўм
— феврал 15 млн;
— март 12 млн;
— апрель 22 млн;
— май 28 млн;
— июнь 7 млн;
— июль 14 млн;
— август 25 млн;
— сентябрь 19 млн;
— октябрь 21 млн;
— ноябрь 15 млн;
— декабрь 30 млн.

Йил якунига келиб сизнинг соф даромадингизнинг умумий қиймати келиб чиқади. Тўғрими? Шу ерда савол туғилади: мен ҳар ой ўртача қанча пул даромад қилдим? Ҳисоблашнинг йўли осон: ҳар ойлик даромадни қўшиб, 12 сонига бўламиз. Чунки 1 йилда 12 ой бор.

Қўшамиз ва бўламиз:

20+15+12+22+28+7+14+25+19+21+15+30=228

228 / 12 = 19 млн

Демак, ҳар ойда ўртача 19 млн сўм соф даромад олгансиз. Энди, масалан 2023 йилнинг январь ойи бошланди. Ўша ойда сиз 32 млн сўм фойда олдиз ва бу 13-ой дегани. Сирғалувчи ўрталик қандай ҳисобланади? Биз охирги 12 та ойни олаверамиз. Яъни 2022 йилнинг февралидан 2023 йилнинг январигача ҳисоблаймиз. 2022 йилнинг январидаги 20 млн сўмни қўшмаймиз. Унинг ўрнига 2023 йилдаги 32 млн сўмни қўшамиз.

Натижада:

15+12+22+28+7+14+25+19+21+15+30+32=240 сўм бўлади.

240 / 12 = 20 млн сўм чиқади. Сизнинг ўртача ойлик даромадингиз энди 20 млн сўм бўлиб қолди. Ҳудди шу тартибда ҳисобланади қолган ойлар ҳам. Мана шу ҳар ойдаги ўртача даромад сизнинг ҳаққоний (русчасига «честный») ўртача даромадингиз бўлади. Акцияларнинг ҳам нархи мана шундей — ҳаққоний қилиб ажратиб олинади. Сирғалувчи ўрталик ҳам ҳудди шунақа ҳаққоний нархнинг ортидан сирғалиб боради. Тойиб боради десак ҳам бўлади. Номи ҳам шундан келиб чиққан.

Ҳаққоний фойда тушунчаси

Ҳаққоний фойда дегани бу ўрталанган фойда деганидир. Яъни, ҳаққоний фойда = ўрталанган фойда. Сиз айнан шу кўрсаткичга қараб борасиз дўконингизни даромадини ҳисоблаб борасиз. Шунинг учун ҳам масалан Coca Cola корхонасининг акциясини сотиб олиш олдидан сиз унинг ҳаққоний нархини кўриб олишингиз керак бўлади. Ҳар хил юқорида айтилган ўйнаётган-сакраётган «шовқинлар»га қаралмайди. Айнан шу сабабга кўра, «скользящая средняя» — «сирғалувчи ўрталик» ўйлаб топилган.

Ҳозирча сирғалувчи ўрталик ҳақида мана шуларни ўзлаштириб туринг, кейинроқ яна бу мавзуга қайтамиз.

Давоми бор …

*****

Агар сизга чуқурроқ билимлар керак бўлса Тошкентда трейдинг курсларига таклиф қиламиз.

309 марта ўқилди