Марҳумлар хотирасига дуо қилаверинг

марҳумлар хотирасига дуо

Ажиб иш бўлди. Шу сафар ушбу воқеани айтиб бермоқчиман. Зеро, барибир марҳумлар хотирасига дуо қилавериш лозим. Чунки уларга шу керак ҳозир.

Марҳумлар хотирасига дуо қилинг

Хуллас, Рамазон кунларининг бирида Тошкент вилояти Пскент туманига бориб келдим. Шу ерда туғилганман, ота-онам ва яқинларим Пскентда яшашади. Дўстларим ҳам. Шу сафар борганда қариндошларнинг қабрини зиёрат қилдим. Қабристонда болаликдаги математика устозимиз Суннат акаларни ҳам кўрдим, у киши ҳам зиёратга келган эканлар.

Қариндошларимни зиёрат қилиб бўлгач, Адаш ўртоғимни қабрига ҳам бордим. Қуръон Каримни тиловат қилдим. Савобини ўша мозорда ётганлар ва хусусан дўстим Адаш учун бағишладим. Анчадан бери бораман, деб бора олмай юргандим. Ниҳоят бориб келганим учун қалбим роса таскин топгди. Қандайдир босим йўқолди.

Эртаси куни саҳарликни қилиб бўлгач, зикр қилдим. Тонгда озгина кўзим илинди… Адаш ўртоғим тушимга кирди.

Тушим ҳақида

Бир жойда талабалик давримдаги «окаларимиз» билан йиғилиб ўтирган эканмиз, Адаш кириб келди ва қўлида бир қанча ҳужжатларни кўрсатди. Бу нима, деб сўрасак «7 гектарлик ерга лизенция беришди, деб дунё хаитасидаги Тибет тоғларини кўрсатди». Мен унга «жуда тепаку Адаш»десам, «ҳа, тепадан жой беришди», деди…

Кейин унинг машинасида уй тарафга — йўлга чиқдик. Бир жойга етганимизда йўл иккига бўлинди. Ман ўнг тарафга кетишим керак эди, уйим ўша ерда. Адаш машинани чап қаторга олиб ўтди ва чапга қайилмоқчи бўлди.

Мен унга «Адаш, ўнгга қайир, Адаш ўнгга бур, ўнгга кетамиз» дедим. Адаш бўлса чорраҳага кириб қўйдим, иложим йўқ деб, чапга бурди. Бурилишимизга бизни ГАИ ходими тўхтатиб, бу кўчага йўл йўқ, «карантин», деб ортга қайтарди. У кўчага киритмади. Уйғониб кетдим …

Кўзимга ёш келди, йиғладим ҳам адашмасам.

Мен бу тушимнинг таъбирини ҳеч нарсага йўймоқчи эмасман. Бунга илмим ҳам етмаса керак. Аммо, дўстим хотираси учун ўша куни қилган Қуръон тиловатим туфайли унга озгина бўлса ҳам ажр берилди, деб тушундим. Мартабаси кўтарилгандир озгина бўлса ҳам, деб умид қилдим.

Дуо қилавериш керак барибир …

1 012 марта ўқилди