Анчелотти ва Гвардиола – Бразилия терма жамоаси бош мураббийлигига номзодлар

бразилия терма жамоаси

Бразилия терма жамоаси яқин вақт ичида бош мураббийини ўзгартириши мумкин. UOL маълумотига кўра, жамоанинг ҳозирги мураббийи Доривал Жуниорнинг истеъфоси деярли ҳал қилинган. Унинг кетиши фақат вақт масаласи дея ыралмоыда. Бразилия Футбол Конфедерацияси (CBF) янги бош мураббийни излаш жараёнини фаол бошлаб юборган. Бир неча жаҳон даражасидаги мутахассисларни кўриб чиқмоқда.

Бразилия терма жамоаси ҳақида

Асосий номзодлар орасида икки машҳур мураббий бор: «Реал Мадрид» клубида фаолият юритаётган Карло Анчелотти ва «Манчестер Сити»ни бошқараётган Пеп Гвардиола. Шунингдек, ҳозирда Саудия Арабистонининг «Ал-Хилол» жамоасида ишлаётган Жорже Жезуш ҳам эҳтимолий ворислар рўйхатида бор.

Анчелотти – CBFнинг эски орзуси

CBF раҳбариятига яқин манбаларга кўра, конфедерация президенти Эдналдо Родригес Анчелоттини миллий жамоа бош мураббийи сифатида кўришни анчадан бери орзу қилади. Конфедерация италиялик мутахассисни 2023 йилда жамоага таклиф қилишга уриниб кўрган, аммо ўшанда келишувга эришилмаган. Шунга қарамай, Анчелоттига бўлган қизиқиш сусаймаган ва ҳозирда унинг терма жамоага келиш имконияти ўрганилмоқда.

Анчелотти замонавий футболнинг энг муваффақиятли мураббийларидан бири ҳисобланади. У турли мамлакатларда чемпионатларда ғолиб чиққан, бир неча жамоа билан Чемпионлар Лигасида зафар қучган ва юлдуз ўйинчилар билан ишлаш борасида улкан тажрибага эга. Унинг бошқарув услуби ва юлдузлар билан ишлаш маҳорати уни беш карра жаҳон чемпиони бўлган Бразилия жамоаси учун идеал номзодга айлантиради.

Гвардиола ва Жезуш – муқобил вариантлар

Бошқа катта номзодлар орасида Пеп Гвардиола ҳам бор. У «Манчестер Сити» клубини 2022/23 мавсумида тарихий треблга олиб чиқди. Каталониялик мутахассис ўзининг тактик нозиклиги ва жамоаларни жаҳон футболида ҳукмронлик қила оладиган даражага олиб чиқиш қобилияти билан танилган. Бироқ, Гвардиоланинг Англия клуби билан шартномаси 2025 йилгача амал қилади, шунинг учун унинг ҳозирча кетиши эҳтимоли паст.

Жорже Жезуш ҳам CBF томонидан кўриб чиқилаётган номзодлардан бири. Португалиялик мураббий Бразилия футболи билан яхши таниш, чунки у аввал «Фламенго» клубида ишлаб, катта муваффақиятларга, жумладан, Кубок Либертадорес ғолиблигига эришган. Ҳозирда у «Ал-Хилол»ни бошқармоқда, аммо айрим манбаларга кўра, у Жанубий Америкага қайтишни хоҳлаши мумкин.

Бошқа номзодлар ва кутилган учрашув

Анчелотти, Гвардиола ва Жезушдан ташқари, эҳтимолий номзодлар рўйхатига «Палмейрас» клуби бош мураббийи Абел Феррейра ҳам киритилган. Унинг қўл остида жамоа катта муваффақиятларга эришган ва у CBF учун асосий вариантлардан бири бўлиши мумкин, агар юқори даражадаги чет эл мураббийлари таклифни рад этса.

Доривал Жуниорнинг келажаги ва янги мураббий тайинланиши масаласи яқин кунларда ҳал қилиниши мумкин. Бугун CBF раҳбариятининг муҳим учрашуви бўлиб ўтади ва унда миллий жамоанинг келажаги ва янги бош мураббий танлови муҳокама қилинади. Бразилия футболи жамоатчилиги ушбу муҳокаманинг натижаларини катта қизиқиш билан кутиб турибди, чунки бу ўзгаришлар жамоанинг Америка Кубоги ва Жаҳон Чемпионати саралаш босқичига тайёргарлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Яқин вақт ичида Бразилия терма жамоаси бош мураббийи аниқ бўлади.

65 марта ўқилди